ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ХУСУСИЙЛАШТИРИШ, МОНОПОЛИЯДАН ЧИҚАРИШ ВА РАҚОБАТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИНИНГ
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Риэлторлик хизматларининг миллий стандарти (2-сон РХМС) «Кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари»ни тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 18 ноябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2626]
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 10 майдаги 129-сон «Риэлторлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси қарор қилади:
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2017 йил 6 июлдаги 01/19-10/12-сонли қарори (рўйхат рақами 2626-1, 27.07.2017 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 30-сон, 754-модда)
1. Ўзбекистон Республикаси Риэлторлик хизматларининг миллий стандарти (2-сон РХМС) «Кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис Д. ХИДОЯТОВ
Тошкент ш.,
2014 йил 27 октябрь,
01/27-26/26-сон
Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2014 йил 27 октябрдаги 01/27-26/26-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ РИЭЛТОРЛИК ХИЗМАТЛАРИНИНГ МИЛЛИЙ СТАНДАРТИ
(2- сон РХМС)
КЎЧМАС МУЛК БОЗОРИДА АХБОРОТ ВА МАСЛАҲАТ ХИЗМАТЛАРИ
(2- сон РХМС)
КЎЧМАС МУЛК БОЗОРИДА АХБОРОТ ВА МАСЛАҲАТ ХИЗМАТЛАРИ
Олдинги таҳрирга қаранг.
Мазкур Риэлторлик хизматларининг миллий стандарти (2-сон РХМС) «Кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари» (кейинги ўринларда стандарт деб юритилади) кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш орқали амалга ошириладиган риэлторлик фаолиятига қўйиладиган талабларни белгилайди.
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг 2026 йил 26 майдаги 01/11-4-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2626-2, 11.06.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.06.2026 й., 10/26/2626-2/0596-сон)
1-боб. Асосий тушунчалар
1. Ушбу стандарт мақсадларида қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ахборот ва маслаҳат хизматлари (кейинги ўринларда АМХ деб юритилади) — кўчмас мулк бозорида риэлторлик ташкилотлари ва риэлторлар (якка тартибдаги тадбиркорлар) томонидан шартнома асосида кўрсатиладиган риэлторлик хизматларининг тури бўлиб, буюртмачини кўчмас мулк объектлари ва уларга бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги, кўчмас мулк бозори ва унинг иштирокчилари ҳолатини таҳлил этиш ҳамда прогноз қилиш ҳақидаги, мазкур бозорнинг конъюнктураси, кўчмас мулк бозори соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги ахборот билан таъминлашни, шунингдек кўчмас мулк объектлари рекламасининг тарқатилишини ташкил этишни, битим тарафларини танлаш бўйича тавсияларни ўз ичига олади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ички қоидалар — риэлторлик хизматларини кўрсатишга нисбатан талабларни белгиловчи, риэлторлик фаолиятини олиб бориш самарадорлигини ошириш ва унинг риэлторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини таъминлаш мақсадида риэлторлик ташкилоти томонидан тасдиқланган ҳужжатлар.
(1-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
АМХ кўрсатиш шартномаси — келишув бўлиб, унга кўра бир тараф шартлашилган муддатда АМХни кўрсатиш мажбуриятини олади, иккинчи тараф эса хизматларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ижрочи — буюртмачи билан АМХ кўрсатиш шартномасида кўрсатилган хизматларни кўрсатиш учун шартномавий муносабатларга киришган риэлторлик ташкилоти ёки риэлтор (якка тартибдаги тадбиркор);
(1-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг 2026 йил 26 майдаги 01/11-4-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2626-2, 11.06.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.06.2026 й., 10/26/2626-2/0596-сон)
буюртмачи — АМХ кўрсатиш шартномасида кўрсатилган хизматларни олиш учун ижрочи билан шартномавий муносабатларга киришган, шунингдек бундай хизматларга ҳақ тўлаш мажбуриятини олган жисмоний ёки юридик шахс;
Олдинги таҳрирга қаранг.
бирлашма — умумий манфаатларни ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилган риэлторлик ташкилотлари ёки риэлторларнинг бирлашмаси;
(1-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
кўчмас мулк — ер участкалари, ер ости бойликлари, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулк, яъни белгиланган мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмайдиган объектлар;
кўчмас мулк объекти — битимнинг предмети бўлган аниқ ер участкаси, бино, иншоот ва ер билан узвий боғлиқ бошқа мол-мулк.
2-боб. Умумий қоидалар
2. Стандартнинг вазифалари риэлторлик ташкилотлари ва риэлторлар (якка тартибдаги тадбиркорлар) томонидан кўчмас мулк бозорида АМХ кўрсатишнинг шартлари ва тартибини, уларнинг таркибига, сифатига, ушбу хизматларни тақдим этиш жараёнини тартибга солувчи ҳужжатларни расмийлаштиришга бўлган ягона талабларни белгилашдан иборат.
3. Стандарт АМХни кўрсатишда риэлторлик ташкилотлари ва риэлторлар (якка тартибдаги тадбиркорлар) томонидан қўллаш учун мажбурийдир.
3-боб. Хизматлар мазмуни
4. Кўчмас мулк бозорида АМХ риэлторлик хизматлари буюртмачиларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш мақсадида уларни кўчмас мулк бозори ҳақидаги долзарб, холисона ва ишончли ахборот билан таъминлаш йўли билан кўрсатилади.
5. АМХ олди-сотди, ижара, гаров, айирбошлаш, ҳадя, рента, ишончли бошқарувга бериш, савдоларни ташкил қилиш, кўчмас мулкдан текин фойдаланиш ёхуд умрбод таъминлаш шарти билан кўчмас мулкни бошқа шахсга бериш билан боғлиқ келгуси операцияларда фойдаланиш учун, шунингдек кўчмас мулк бозорининг таҳлилий ва маркетинг тадқиқотларини ўтказиш учун кўрсатилади.
6. АМХ ўз ичига қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни олади:
буюртмачини риэлторлик фаолиятини тартибга солувчи барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таништириш;
кўчмас мулк объектини бегоналаштириш бўйича битимларни содир этиш қоидалари ва хусусиятлари;
шартномаларни тузиш тартиби;
мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш;
кўчмас мулк билан боғлиқ битимда тарафларни танлаш бўйича тавсиялар;
кўчмас мулк объектининг техник ҳолати, унинг қиймати ва ликвидлилигига таъсир ўтказувчи унинг техник-эксплуатацион тавсифлари ва истеъмол сифатлари тўғрисидаги умумий ахборот;
буюртмачини қизиқтираётган кўчмас мулк объектларининг жорий бозор қийматлари, уларнинг ўзгариши динамикаси, шу пайтда ёки келажакдаги маълум бир пайтда кўчмас мулк объекти билан битимдан олинадиган потенциал фойда;
зарур ҳужжатлар тўпламини тайёрлаш бўйича хизматларнинг қиймати;
кўчмас мулк объектларини яратиш ва бошқариш бўйича профессионал маслаҳат лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
буюртмаси номидан ва манфаатларида кўчмас мулк объектининг рекламасини ташкил қилиш;
кўчмас мулк бозорининг (бозор сегментининг) тадқиқотини ўтказиш бўйича бир марталик ёхуд даврий таҳлилий ҳисоботларни тайёрлаш.
4-боб. Хизматлар ижрочиларига талаблар
7. Ижрочилар риэлторлик фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг талабларига, ички қоидаларга, шунингдек бирлашмаларга аъзо бўлган тақдирда, ушбу бирлашмаларда тасдиқланган қоидалар ва талабларга амал қилишлари шарт.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Ижрочи — риэлторлик ташкилоти буюртмачиларга АМХни кўрсатиш учун зарур билим ва кўникмалари бўлган, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномалари тузилган штатдаги малакали риэлторларга эга бўлиши шарт.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
9. Ижрочи — якка тартибдаги тадбиркор АМХни шахсан кўрсатиши шарт.
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Ижрочилар АМХни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда буюртмачилар билан тузилган АМХ кўрсатиш шартномасига асосан тақдим қилишлари шарт.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Ижрочи буюртмачининг талабига кўра унга малака сертификатини кўрсатиши шарт.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг 2026 йил 26 майдаги 01/11-4-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2626-2, 11.06.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.06.2026 й., 10/26/2626-2/0596-сон)
5-боб. АМХ кўрсатиш шартномасига талаблар
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. АМХ кўрсатиш учун ижрочи буюртмачи билан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда АМХ кўрсатиш шартномасини тузиши шарт. АМХ кўрсатиш шартномаси ёзма шаклда тузилади ва ижрочининг махсус журналида рўйхатга олишини лозим.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
13. АМХ кўрсатиш шартномасининг шартлари, тегишли шартнинг мазмуни қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган ҳоллардан ташқари, тарафларнинг хоҳиши бўйича белгиланади.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
14. АМХ кўрсатиш шартномасининг бажарилиши тарафлар келишуви билан белгиланган баҳо бўйича тўланади.
15. АМХ кўрсатиш шартномаси имзолангунга қадар ижрочи буюртмачининг АМХга қўядиган асосий талабларини аниқлаштириши, буюртмачини шартнома лойиҳаси билан таништириши, унинг шартларини тушунтириши шарт.
16. АМХ кўрсатиш шартномаси қуйидагилардан иборат бўлиши шарт:
АМХ мазмуни;
АМХ кўрсатиш муддатлари;
кўрсатилган АМХ учун ҳақ миқдори, тўлов шартлари ва муддатлари;
ижрочининг ва буюртмачининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
тарафларнинг шартномавий мажбуриятларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарлик;
АМХ кўрсатиш шартномасини бекор қилиш тартиби ва шартлари;
АМХ кўрсатиш шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаганда маблағларни қайтариш тартиби;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(16-банднинг тўққизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг 2026 йил 26 майдаги 01/11-4-сонли буйруғига (рўйхат рақами 2626-2, 11.06.2026 й.) асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.06.2026 й., 10/26/2626-2/0596-сон)
ижрочида фуқаролик жавобгарлигининг суғурта полиси мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
АМХ кўрсатиш шартномасига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлар ҳам киритилиши мумкин.
(16-банднинг ўн биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
17. АМХ кўрсатиш шартномаси риэлторлик ташкилоти раҳбари, риэлтор (якка тартибдаги тадбиркор) ва буюртмачи, ёхуд буюртмачи томонидан ишончнома асосида ваколат берилган шахс томонидан имзоланиши шарт.
18. АМХ кўрсатиш шартномаси шартнома тарафларидан бирининг ҳуқуқларини камситадиган қоидалардан иборат бўлмаслиги шарт.
19. АМХ кўрсатиш шартномасига, буюртмачининг топшириғи бўйича ҳаракат қилинган тақдирда ишончнома, шартномани имзолаш пайтида буюртмачи томонидан ижрочига топширилган ҳужжатларнинг рўйхати илова қилинади.
20. Ижрочи буюртмачи томонидан талаб этилаётган хизматлар ёки ҳаракатлар моҳиятидан келиб чиқиб, буюртмачи билан АМХ кўрсатиш шартномасини тузиши шарт. Ижрочи томонидан олдиндан билган ҳолда буюртмачи талабларининг моҳиятига номувофиқ шартнома тузиш тақиқланади.
6-боб. АМХ кўрсатиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш
21. АМХ кўрсатиш шартномаси тузилгандан кейин ижрочи буюртмачига шартномада белгиланган ҳажмда ва шартларда хизматлар кўрсатади.
22. АМХ буюртмачига шартномада белгиланган муддат мобайнида шартнома имзоланган пайтдан бошлаб кўрсатилиши шарт.
23. Буюртмачиларга маслаҳатлар бериш фақат ижрочи ваколатига кирувчи масалалар бўйича ўтказилади.
24. Буюртмачини қизиқтирган кўчмас мулк объектлари тўғрисида ахборот тўплаш ва тақдим қилиш, кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш бўйича хизматлар ижрочи томонидан шахсий маълумотлар базаси, оммавий ахборот воситаларида чоп этиладиган маълумотлар, шунингдек юридик шахсларни ва кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ва улар билан боғлиқ битимларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширадиган органлар томонидан тақдим этилган ахборотдан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади.
25. Кўчмас мулк бозорини ўрганиш, конюнктурасини таҳлил қилиш ва ҳолатини прогноз қилиш шахсан ижрочи шакллантирган маълумотлар базасидан, шунингдек ижрочининг ҳисоботида ҳавола келтирилган тарзда кўчмас мулк бозори тўғрисидаги эркин фойдаланилиши мумкин бўлган ахборот манбаларидан олинган маълумотларга асосан ижрочи томонидан амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
26. Буюртмачининг АМХ кўрсатиш шартномасида акс эттирилган истакларига қараб ижрочи буюртмачи номидан ва манфаатларида буюртмачига мулк ҳуқуқи ёки бошқа мулкий ҳуқуқлар асосида тегишли бўлган кўчмас мулк объектларини шартномада назарда тутилган шартларда қонунчилик ҳужжатлари талабларини инобатга олган ҳолда реклама қилади.
(26-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
27. АМХ кўрсатишда ижрочи буюртмачига фақат кўчмас мулк объектининг бозор қиймати ва буюртмачи ушбу объектлар билан битимлар содир этганда олиши мумкин бўлган фойдалар тўғрисида умумий тавсиялар беришга ҳақлидир.
28. Агарда АМХ кўрсатиш шартномасида ёзма ҳисобот тақдим этиш назарда тутилган бўлса, АМХ кўрсатиш якунлангандан кейин ижрочи кўрсатилган хизматлар бўйича буюртмачига ёзма ҳисобот тақдим этади, унда АМХ кўрсатиш шартномасида баён этилган саволлар бўйича ахборот акс эттирилиши шарт.
29. АМХ кўрсатиш шартномаси бўйича барча мажбуриятлар тўлиқ бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжат бўлиб буюртмачи ва ижрочи томонидан имзоланган икки тарафлама далолатнома ҳисобланади.
30. АМХ кўрсатиш шартномаси икки тарафлама далолатнома имзолангандан ва шартномада назарда тутилган барча тўловлар амалга оширилгандан кейин тўлиқ бажарилган ҳисобланади.
7-боб. АМХ сифатига талаблар
31. Буюртмачига сифатли АМХ кўрсатиш мақсадида ижрочи қуйидагиларга мажбурдир:
Олдинги таҳрирга қаранг.
ўз фаолиятини қонунчилик ҳужжатлари ва буюртмачи билан тузилган шартнома шартларига мувофиқ амалга оширишга;
(31-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
кўрсатилаётган риэлторлик хизматлар сифатининг назоратини амалга оширишни тартибга солувчи ички қоидаларга риоя қилишга;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган муддатлар ва тартибда буюртмачининг талабномаси кўриб чиқилишини таъминлашга;
(31-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
ижрочи шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажариши учун буюртмачи унга тақдим этган ҳужжатларнинг сақланишини, улардан бегона шахсларнинг фойдаланишини олдини олган ҳолда, шунингдек буюртмачига АМХ кўрсатиш жараёнида олинган ахборотнинг махфийлигини таъминлашга;
Олдинги таҳрирга қаранг.
АМХ кўрсатиш давомида олинган махфий ахборотни ошкор қилмасликка, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
(31-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
32. Махфий ахборотни ошкор қилмаслик талаблари ижрочи томонидан буюртмачидан олинган, ижрочи томонидан АМХ кўрсатиш шартномаси бўйича мажбуриятларни бажариш жараёнида тўпланган ва тайёрланган ҳам қоғоздаги, ҳам электрон ташувчилардаги барча маълумотлар ва ҳужжатларга, шунингдек хизматларни кўрсатиш давомида ижрочига маълум бўлган буюртмачи ҳақидаги ахборотга татбиқ этилади.
33. Ижрочи буюртмачи олдида кўрсатилган хизматларнинг сифати, ўз вақтидалиги, тўлиқлиги ва махфийлиги учун АМХ кўрсатиш шартномасида белгиланган ҳажмда ва шартларда жавобгар бўлади.
8-боб. Якунловчи қоидалар
34. Мазкур стандарт талабларининг ижрочи томонидан бажарилмаслиги АМХ буюртмачисининг бирлашмага ёки судга шикоят билан мурожаат қилиши учун асос бўлади.
35. Мазкур стандарт Риэлторлик ташкилотлари уюшмаси билан келишилган.
Риэлторлик ташкилотлари уюшмаси ижрочи директори А. АЛИЕВ
2014 йил 27 октябрь
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 47-сон, 563-модда; 2017 й., 30-сон, 754-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон; 12.06.2026 й., 10/26/2626-2/0596-сон)