ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРИНИНГ
буйруғи
Пахта толасининг ички ва ҳақиқатда сотилган нархлари ўртасидаги ижобий фарқ маблағларини «Пахтасаноат» ҳудудий акциядорлик бирлашмасининг махсус ҳисоб рақамига тўплаш ва уни ишлатилиши тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 17 ноябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1922-3]
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2018 йил 8 майдаги 91-сонли «Пахта толасининг ички ва ҳақиқатда сотилган нархлари ўртасидаги ижобий фарқ маблағларини «Пахтасаноат» ҳудудий акциядорлик бирлашмасининг махсус ҳисоб рақамига тўплаш ва уни ишлатилиши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруқни, шунингдек унга ўзгартиришларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3011, 12.05.2018 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 декабрдаги ПҚ-2099-сонли «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2009 йил 23 февралдаги 8-сон буйруғи (рўйхат рақами 1922, 2009 йил 18 март) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 12-сон, 135-модда) билан тасдиқланган Пахта толасининг ички ва ҳақиқатда сотилган нархлари ўртасидаги ижобий фарқ маблағларини «Пахтасаноат» ҳудудий акциядорлик бирлашмасининг махсус ҳисоб рақамига тўплаш ва уни ишлатилиши тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Р. АЗИМОВ
Тошкент ш.,
2014 йил 30 октябрь,
71-сон
Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2014 йил 30 октябрдаги 71-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Пахта толасининг ички ва ҳақиқатда сотилган нархлари ўртасидаги ижобий фарқ маблағларини «Пахтасаноат» ҳудудий акциядорлик бирлашмасининг махсус ҳисоб рақамига тўплаш ва уни ишлатилиши тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. 12 ва 13-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«12. Ижобий фарқ суммаси солиқ солиш объекти ҳисобланмайди ва 50 фоиз миқдорида — пахтачилик фермер хўжаликларига уларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари ёхуд хизмат кўрсатиш корхоналари олдидаги кредиторлик қарзини кейинчалик хизмат кўрсатиш корхоналарининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзини сўндириш учун йўналтирилади.
Пахтачилик фермер хўжаликларининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари, шунингдек хизмат кўрсатиш корхоналари олдида қарздорлиги мавжуд бўлмаган тақдирда, ижобий фарқ маблағларидан «Ўзкимёсаноат» ДАК, «Ўзбекэнерго» ДАК, «Ўзнефтмаҳсулот» АК, «Ўзагромашсервис» уюшмаси, «Агротехсервис МТП» МЧЖ, «Ўзқишлоқхўжаликмаш-лизинг» АЛК, «Ўзмашлизинг» ШК корхоналарининг моддий-техник ресурсларига ва хизматларига олдиндан ҳақ тўлаш учун фойдаланилади.
13. «Пахтасаноат» ҲАБ ижобий фарқ маблағлари тушишига кўра, 1 иш куни давомида уларни махсус ҳисоб рақамдан Жамғарманинг тегишли ҳисоб рақамларига қуйидагича ўтказади:
25 фоизи «Ўзпахтасаноат» уюшмаси корхоналарининг Жамғарма кредитлари бўйича қарзини сўндириш учун йўналтирилади;
қолган қисми Жамғарманинг айланма маблағларини тўлдириш учун йўналтирилади.».
2. 14-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Мазкур ўзгартиришлар «Ўзпахтасаноат» уюшмаси билан келишилган.
«Ўзпахтасаноат» уюшмаси раиси Ф. ОМОНОВ
2014 йил 30 октябрь
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 47-сон, 560-модда)