Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Беларусь Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ҳаво йўллари ва ҳаво транспорти соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Беларусь Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Аҳдлашаётган Томонлар» деб аталадилар,
1944 йилнинг 7 декабрида Чикагода имзолаш учун очилган Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенция қатнашчиси ҳисобланиб ва унинг принциплари ва нормаларига амал қилиб,
ҳаво транспорти соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга хоҳиш билдириб,
куйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
1. Мазкур Битимнинг мақсадлари учун қуйидаги атамалар:
а) «авиация маъмурлари» атамаси Ўзбекистон Республикасига нисбатан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясини ёки ҳозирги вақтда ушбу ташкилот томонидан бажарилаётган функцияни амалга ошириш ваколати берилган ҳар қандай шахс ёхуд ташкилотни ва Беларусь Республикасига нисбатан — Транспорт ва коммуникациялар вазирлигини ёки ҳозирги вақтда ушбу ташкилот томонидан бажарилаётган функцияни амалга ошириш ваколати берилган ҳар қандай шахс ёхуд ташкилотни;
b) «тайинланган авиакорхона» атамаси ушбу Битимнинг 4-моддасига мувофиқ тайинланган ва вакил қилинган авиакорхонани;
c) «ҳудуд» атамаси давлатга нисбатан — ушбу давлатнинг суверенитети остида бўлган ер юзи, ҳудудий ва ички сувлар ҳамда улар устидаги ҳаво бўшлиғини;
d) «тариф» атамаси вакиллик ва бошқа ёрдамчи хизматлар ставкалари ва шартларини ўз ичига олган ҳолда йўловчиларни, юкларни, юк ва почталарни ташиганлик учун тўланадиган ставкалар ҳамда шу ставкалар қўлланиладиган шарт-шароитларни;
e) «Конвенция» атамаси 1944 йилнинг 7 декабрида Чикагода имзолаш учун очилган Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенцияни, шунингдек, Аҳдлашувчи Томонлар уни қай даражада қабул қилганлари ва уларга нисбатан қўлланилишига қараб, унга киритилган ҳар қандай илова ва ҳар қандай тузатишни;
f) «ҳаво йўли» атамаси ҳаво кемалари билан йўловчиларни, юкларни ва почталарни умумий ташиш мақсадида амалга ошириладиган ҳар қандай мунтазам ва мунтазам бўлмаган ҳаво йўлларини;
g) «халқаро ҳаво йўли» атамаси биттадан ортиқ давлат ҳудуди устидаги ҳаво бўшлиғи орқали амалга ўтадиган ҳаво йўлини;
h) «авиакорхона» атамаси халқаро ҳаво йўлини таклиф этувчи ёки ундан фойдаланувчи ҳар қандай транспорт авиакорхонасини;
i) «нотижорат мақсадида тўхташ» атамаси бортга йўловчиларни, юкларни ёки почтани олиш ва ундан туширишдан бошқа ҳар қандай бошқа мақсадда тўхташни англатади.
2. Ушбу Битимга иловалар унинг ажралмас қисмини ташкил этади.
2-модда
Ҳар бир Аҳдлашаётган Томон ҳаво орқали ташиладиган халқаро юкларни ҳамкорликда ташишни амалга ошириш учун ўзаро қулай шарт-шароитлар яратиш принципида ўз ҳудудида учиш йўналишини ва ўз давлат чегаралари устидан учиб ўтиш дарвозасини белгилайди.
3-модда
1. Ҳар бир Аҳдлашаётган Томон бошқа Аҳдлашаётган Томонга мазкур Битимга иловада кўрсатилган йўналишлар бўйича халқаро ҳаво линияларини (бундан кейин тегишли равишда «шартлашилган линиялар» ва «белгиланган йўналишлар» деб аталади) белгилаш мақсадида ушбу Битимда назарда тутилган ҳуқуқни беради.
2. Ҳар бир Аҳдлашаётган Томон тайинлаган авиакорхона белгиланган маршрутлар бўйича шартлашилган линиялардан фойдаланишда қуйидаги ҳуқуқлардан фойдаланадилар:
а) бошқа Аҳдлашаётган Томон ҳудудидан қўнмасдан учиб ўтиш;
b) бошқа Аҳдлашаётган Томон ҳудудидаги жойларда нотижорат мақсадларида қўниш;
c) Аҳдлашаётган Томонларнинг ҳудудлари оралиғида бораётган йўловчилар, почта ва юкларни олиш ва (ёки) тушириш мақсадида иккинчи Аҳдлашаётган Томоннинг ҳудудида ушбу Битимнинг Иловасида кўрсатилган жойларда қўниш;
d) учинчи мамлакатнинг пунктларига бораётган (пунктларидан келаётган) йўловчилар, почта ва юкларни олиш за (ёки) тушириш мақсадида бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида ушбу Битимнинг Иловасида кўрсатилган жойларда қўниш. Бундай ҳуқуқ Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурлари ўртасидаги келишувга кўра берилади.
3. Ушбу моддага Аҳдлашаётган Томоннинг тайинланган авиакорхонасига ҳақ эвазига ёки ёлланиш йўли билан ҳаво кемасига бошқа Аҳдлашаётган Томоннинг ҳудудидаги бир жойдан иккинчи жойгача йўловчилар, почта ва юкларни олиш ҳуқуқини беради деб қаралмаслиги керак.
4. Шартлашилган линияларда ҳаво кемалари парвозлари ҳамда йўловчилар, юклар ва почталарни ташишга тааллуқли техник ва тижорат масалалари, шунингдек, тижорат соҳасида ҳамкорлик қилиш, чунончи, рейсларнинг такрорланиши, ҳаво кемаларининг турлари, авиаёнилғи қуйиш, ерда ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ва молиявий ҳисоб-китобларга тегишли масалалар тайинланган авиакорхоналар ўртасидаги келишувга кўра ҳал этилади ва тасдиқлаш учун Аҳдлашаётган Томонларнинг авиация маъмурларига тақдим этилади.
5. Қўшимча ва чартер қатновлар ҳар бир Аҳдлашаётган Томоннинг қонунчилигига мувофиқ тайинланган авиакорхоналарнинг олдиндан берилган талабномаларига кўра амалга оширилади; ушбу талабномалар дам олиш ва байрам кунларини ҳисобга олмаган ҳолда, ҳаво кемасининг парвозидан камида 48 соат олдин Аҳдлашаётган Томоннинг авиация маъмурларига топширилиши керак.
4-модда
1. Ҳар бир Аҳдлашаётган Томон белгиланган йўналишлар бўйича шартлашилган линиялардан фойдаланиш мақсадида, бу ҳақда Аҳдлашаётган Томонни ёзма ҳолда хабардор этган авиакорхона(лар)ни тайинлаш ҳуқуқига эга бўлади.
2. Бундай хабарнома олингандан сўнг бошқа Аҳдлашаётган Томон ушбу модданинг 3 ва 4-бандлари қоидаларига мувофиқ тайинланган ҳар бир авиакорхона(лар)га парвоз қилиш учун тегишли рухсатномаларни беради.
3. Бир Аҳдлашаётган Томоннинг авиация маъмурлари парвозга рухсатнома олингунга қадар бошқа Аҳдлашаётган Томон тайинлаган авиакорхона(лар)дан қонун ва қоидалар билан белгиланган, одатда халқаро ҳаво йўлларидан фойдаланишда шу маъмурлар қўллайдиган шартларни бажара олишини исботловчи далилларни талаб қилишлари мумкин.
4. Аҳдлашаётган Томонлардан ҳар бири парвоз қиладиган ҳар бир авиакорхонага устун даражада эгалик қилиш ва унинг фаолиятини ҳақиқий назорат этиш ҳуқуқини авиакорхона(лар)ни тайинлаган Аҳдлашаётган Томонга, унинг органлари ва фуқароларига қарашли эканлигини исботловчи далилларга эга бўлмаган ҳар қандай ҳолда, бошқа Аҳдлашаётган Томон ушбу модданинг 2-бандида кўрсатилган парвозларга рухсат беришни рад этиши ёки тайинланган авиакорхона(лар) ушбу Битимнинг 3-моддасида кўрсатилган ҳуқуқлардан фойдаланаётганида бажарилиши зарур бўлган шартларнинг ижро этилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.
5. Мазкур моддада кўрсатилган рухсатномани олган тайинланган авиакорхона мазкур Битимнинг 13-моддасига мувофиқ бу линияларда тарифлар жорий этилган, шунингдек, ушбу Битим 3-моддасининг 5-бандига мувофиқ техник ва тижорат масалалари ҳал этилган тақдирда шартлашилган линиялардан фойдаланишни бошлаши мумкин.
5-модда
1. Ҳар бир Аҳдлашаётган Томон, агар:
а) тайинланган авиакорхонага устун даражада эгалик қилиш ёки уни ҳақиқий назорат қилиш ушбу авиакорхонани тайинлаган Аҳдлашаётган Томонга ёки унинг фуқароларига тегишли эканлигига ишонч ҳосил қилган ҳар қандай ҳолда, ёки
b) бу авиакорхона ҳуқуқларни берган Аҳдлашаётган Томоннинг қонун ва қоидаларига риоя этмаётган ҳолларда, ёки
с) бу авиакорхона мазкур Битимда тасдиқланган шартларга қандайдир тарзда риоя этмаётган бўлса,
парвозларга доир рухсатномани бекор қилиш ёки ушбу Битимнинг 3-моддасида кўрсатилган бошқа Аҳдлашаётган Томоннинг тайинланган авиакорхонасига берилган ҳуқуқлардан фойдаланишни тўхтатиб қўйиш ёки бу ҳуқуқлардан фойдаланишда ўзи зарур деб ҳисоблаган шартларнинг бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.
2. Агар рухсатномани тезда бекор қилиш, ҳуқуқларни тўхтатиб қўйиш, мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган шартларнинг бажарилишини талаб қилиш қонун ва қоидаларнинг бундан кейин бузилишининг олдини олиш учун зарур деб ҳисобланмаса, ушбу бандда айтилган ҳуқуқдан Аҳдлашаётган Томонларнинг авиация маъмурлари ўртасида маслаҳатлашувлардан сўнг фойдаланилади. Авиация маъмурлари ўртасида бундай маслаҳатлашувлар сўров тушган кундан бошлаб имкони борича қисқа муддатда бўлиб ўтиши керак.
6-модда
1. Аҳдлашаётган Томонлар шартлашилган линиялардан хавфсиз ва самарали фойдаланишни таъминлаш учун барча зарур чора-тадбирларни кўрадилар. Ана шу мақсадда ҳар бир Аҳдлашаётган Томон иккинчи Аҳдлашаётган Томон тайинлаган авиакорхонанинг ҳаво кемаларига шартлашилган линиялардан фойдаланиш учун зарур бўлган радиосветотехника, метеорология ва бошқа хизмат кўрсатиш воситаларини беради.
2. Бир Аҳдлашаётган Томоннинг авиация маъмурлари иккинчи Аҳдлашаётган Томоннинг маъмурларига асосий ва захирадаги аэродромлар, ҳаво трассалари, алоқа ва радионавигация воситалари тизимлари ҳақидаги, ҳаво кемалари парвозларини бошқариш тўғрисидаги ва бошқа масалалар бўйича маълумотларни шартлашилган линиялардан хавфсиз ва самарали фойдаланишни таъминлаш учун зарур бўлган ҳажмларда беришлари керак.
7-модда
1. Бир Аҳдлашаётган Томоннинг халқаро парвозларни амалга ошираётган ҳаво кемаларининг унинг ҳудудига учиб кириши ва у ердан учиб чиқишини ёки ушбу ҳаво кемаларидан фойдаланишни ёхуд уларнинг қатновларини ўз ҳудуди доирасида тартибга солувчи қонунлари ва қоидалари бошқа Аҳдлашаётган Томоннинг тайинлаган авиакорхонаси ҳаво кемаларига нисбатан қўлланилади.
2. Бир Аҳдлашаётган Томоннинг халқаро ташишларга тааллуқли, унинг ҳудудига йўловчилар, экипажлар, юк ва почтанинг кириб келиши, унда бўлиши ва жўнатилишини тартибга солувчи қонунлар ҳамда қоидалар, хусусан, паспорт, божхона, валюта ва санитария қоидаларига оид тартиботлар бошқа Аҳдлашаётган Томоннинг тайинланган авиакорхонаси ҳаво кемаларига, йўловчилар, экипаж, юк ва почтага нисбатан уларнинг кўрсатилган ҳудуд доирасида бўлиши даврида қўлланилади.
8-модда
Ҳар бир аэропортдан, жумладан, унинг иншоотлари, техника ва бошқа воситалари ҳамда хизматларидан фойдаланганлик учун йиғимлар ва бошқа тўловлар, шунингдек, аэронавигация воситалари, алоқа воситалари ва хизматлардан фойдаланганлик учун ҳар қандай тўловлар ҳар бир Аҳдлашаётган Томон ўз ҳудудида белгилаб қўйган ставкалар ва тарифларга мувофиқ ундирилади, бунда йиғимлар ва тўловлар бошқа давлатларнинг авиакорхоналаридан ундириладиган шундай йиғимлардан ошиб кетмаслиги керак.
9-модда
1. Тайинланган авиакорхоналарнинг ҳаво кемалари иккинчи Аҳдлашаётган Томон ҳудуди устидан учиб ўтаётганда ўз давлатларининг танитиш белгиларига, рўйхатга олинганлик тўғрисидаги гувоҳномага, парвозларга яроқлилик тўғрисидаги гувоҳномага ва Аҳдлашаётган Томонларнинг авиация маъмурлари белгилаб қўйган ҳаво кемаларининг бошқа ҳужжатларига эга бўлишлари керак. Учувчилар ва экипажнинг бошқа аъзолари белгиланган гувоҳномага эга бўлишлари зарур. Бундай гувоҳномаларни беришда қўйиладиган талаблар Конвенция талабларига мувофиқ белгиланадиган минимал стандартларга мутаносиб ёки улардан юқори бўлиши керак.
2. Ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган барча ҳужжатлар, шунингдек, Аҳдлашаётган Томонлар томонидан берилган ёки тасдиқланган ва муддати ўтказиб юборилмаган фойдаланувчининг гувоҳномаси ҳамда тегишли ташишларни ва бошқа транспорт — экспедиция фаолиятини амалга ошириш учун берилган рухсатномалар бошқа Аҳдлашаётган Томон ҳудудида ҳақиқий деб эътироф этилади.
3. Аҳдлашаётган Томонлар фуқаро авиацияси фаолиятини тартибга солувчи, ушбу Битим имзоланган пайтда амалда бўлган қоидалар, қўлланмалар, низомлар, йўриқномалар, техник шартлар ва бошқа норматив ҳужжатларни, шу жумладан, парвозларни учувчилик, штурманлик, муҳандис-техник, аэронавигация, тиббий, метеорология ва учишларни аэродромлар билан таъминлаш норматив ҳужжатларини қўллашга розилик билдирдилар.
4. Бошқа Аҳдлашаётган Томоннинг манфаатларига тааллуқли бўлган янги норматив ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, тасдиқлаш Аҳдлашаётган Томонлар ўртасидаги ўзаро келишувга мувофиқ амалга оширилади.
10-модда
Аҳдлашаётган Томонлардан бири авиакорхонасининг ҳаво кемаси ноиложликдан қўнганда, ҳалокатга учраганда ёки бошқа ҳодиса рўй берганда, ҳудудида ҳодиса содир бўлган Аҳдлашаётган Томон бу ҳақда дарҳол иккинчи Аҳдлашувчи Томонни хабардор қилади, ҳодиса сабабларини текшириш учун зарур чоралар кўради за иккинчи Аҳдлашаётган Томоннинг илтимосига биноан ҳодисани текширишда қатнашиш мақсадида шу Аҳдлашаётган Томон вакилларининг ўз ҳудудига монеликсиз киришларини таъминлайди, шунингдек, ҳодиса чоғида жабрланган бўлсалар экипаж ва йўловчиларга ёрдам кўрсатиш юзасидан шошилинч чора-тадбирлар кўради ҳамда ушбу ҳаво кемасидаги почта, йўловчиларнинг юклари ва юкларнинг сақланишини таъминлайди. Ҳодисани текшираётган Аҳдлашаётган Томон иккинчи Аҳдлашаётган Томонни унинг натижалари тўғрисида хабардор қилиши шартдир.
11-модда
Аҳдлашаётган Томонлардан бирининг ҳудуди орқали тўғри транзит билан ўтаётган ва шу мақсад учун аэропорт ҳудудидан ажратилган жойни тарк этмайдиган йўловчилар, уларнинг юклари ва юклар, агар авиация хавфсизлигини таъминлаш чоралари буни тақозо этмаса, юзаки текширувдан ўтказилади. Тўғри транзит билан ўтаётган багажлар ва юклардан бож йиғимлари ундирилмайди.
12-модда
1. Аҳдлашаётган Томонларнинг тайинланган авиакорхоналарига уларнинг тегишли ҳудудлари ўртасида белгиланган йўналишлар бўйича шартлашилган линиялардан фойдаланишда адолатли ва тенг шарт-шароитлар яратиб берилади.
2. Шартлашилган линиялардан фойдаланишда Аҳдлашаётган Томонлардан бирининг тайинланган авиакорхонаси ана шу йўналиш бўйича ҳаво линиясидан ёки унинг бир қисмидан фойдаланаётган иккинчи Аҳдлашаётган Томон тайинлаган авиакорхонанинг ташиш ишларига зиён етказмаслиги ва унинг манфаатларини эътиборга олиши керак.
3. Аҳдлашаётган Томонларнинг тайинланган авиакорхоналари хизмат кўрсатадиган шартлашилган линиялар белгиланган йўналишлар бўйича ташишларда умумий эҳтиёжларга мувофиқ бўлиши керак ҳамда ҳар бир авиакорхона шундай сиғим бериш юзасидан биринчи навбатдаги вазифага эга бўлиши керакки, токи бу иш билан таъминланишнинг оқилона коэффициентида уларнинг тегишли ҳудудлари ўртасида йўловчилар, юклар ва почталарни ташишда мавжуд ҳамда оқилона мўлжалланган эҳтиёжларга жавоб берсин.
13-модда
1. Тарифлар ҳар қандай шартлашилган линияларда фойдаланиш харажатларини, оқилона фойдани, ҳаво йўли тавсифини (масалан, тезлик ва қулайликни) ҳамда белгиланган йўналишларнинг ҳар қандай қисми учун бошқа авиакорхоналарнинг тарифларини қўшган ҳолда барча тегишли омилларни ҳисобга олиб оқилона даражада белгиланиши керак. Бу тарифлар ушбу модданинг қуйида келтирилган қоидаларига мувофиқ белгиланиши керак.
2. Ушбу модданинг 1-бандида кўрсатиб ўтилган тарифлар, шунингдек, мазкур тарифлардан олинадиган вакилликка оид воситачилик ҳақи миқдори, иложи борича, бутун йўналишдан ёки унинг бир қисмидан фойдаланадиган тайинланган манфаатдор авиакорхоналар ўртасида белгиланган йўналишларнинг ҳар бири бўйича келишиб олинади.Шу тариқа келишилган тарифлар Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурлари томонидан тасдиқланади.
3. Агар тайинланган авиакорхоналар 15 кун мобайнида ана шу тарифларнинг бирортасига рози бўлмасалар ёки бирорта бошқа сабабга кўра тариф ушбу модданинг 2-банди шартларига мувофиқ келишиб олиниши мумкин бўлмаса, Аҳдлашаётган Томонларнинг авиация маъмурлари ўзаро келишувга биноан тариф белгилашга ҳаракат қилишлари керак.
4. Агар авиация маъмурлари ушбу модданинг 2-бандига мувофиқ уларга тақдим қилинган бирон-бир тарифни тасдиқлаш масаласи бўйича ёки ушбу модданинг 3-бандига мувофиқ бирон-бир тариф белгилаш бўйича келишувга эриша олмасалар, бу келишмовчилик ушбу Битимнинг 21-моддаси шартларига мувофиқ ҳал қилиниши керак.
5. Аҳдлашаётган Томонлардан бирининг авиация маъмурлари тарифларни тасдиқламаса, бирорта тариф ҳам кучга кирмайди.
6. Мазкур модда қоидаларига мувофиқ белгиланган тарифлар ушбу модда шартларига янги тарифлар белгиланмагунча ўз кучида қолиши керак.
14-модда
1. Ҳар бир Аҳдлашаётган Томоннинг тайинланган авиакорхонаси парвозлар бошлангунга қадар камида 30 кун олдин мўлжалланаётган учиш жадвалини иккинчи Аҳдлашаётган Томоннинг авиакорхонаси маъмурларига тасдиқлаш учун тақдим этишлари керак, жадвалда учишларнинг такрорийлиги, ҳаво кемасининг тури, ўринларининг жойлашиши ва сотиш учун мўлжалланган жойларнинг сони кўрсатилади. Айрим ҳолларда бу муддат Аҳдлашаётган Томонлар авиация маъмурлари ўртасидаги келишувга кўра қисқартирилиши мумкин.
2. Бир Аҳдлашаётган Томоннинг тайинланган авиакорхонасининг тасдиқланган жадвалига кейинчалик киритиладиган ўзгартиришлар тасдиқлаш учун иккинчи Аҳдлашаётган Томоннинг авиация маъмурларига тақдим этилиши керак.
15-модда
1. Бир Аҳдлашаётган Томон тайинлаган авиакорхонаси томонидан шартлашилган линияда фойдаланилаётган ҳаво кемалари, шунингдек,бундай ҳаво кемалари ичидаги уларнинг рўйхатдаги мол-мулки, ёнилғи захиралари ва мойлаш материаллари, борт захиралари (озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари) иккинчи Аҳдлашаётган Томоннинг ҳудудига келингач, айтиб ўтилган мол-мулк, материаллар ва захиралар, уларни қайтариб олиб кетилгунга қадар ҳаво кемаси ичида қолиши шарти билан, барча бож тўловлари ҳамда бошқа солиқлар ва йиғимлардан озод қилинади.
2. Бундай бож тўловлари, солиқлар ва йиғимлардан (кўрсатилган хизматлар учун тўловлар бундан мустасно) қуйидагилар ҳам озод қилинади:
а) бир Аҳдлашаётган Томон ҳудудида шу Аҳдлашаётган Томоннинг маъмурлари белгилаган лимитлар доирасида олинган ва иккинчи Аҳдлашаётган Томоннинг тайинланган авиакорхонаси шартлашилган линияларда фойдаланадиган ҳаво кемаси ичида ишлатиш учун мўлжалланган борт захиралари;
b) иккинчи Аҳдлашаётган Томоннинг тайинланган авиакорхонаси шартлашилган линияларда фойдаланадиган ҳаво кемасига техник хизмат кўрсатиш учун ёки уни тузатиш учун Аҳдлашаётган Томонлардан бирининг ҳудудига олиб кирилган эҳтиёт қисмлар;
с) Аҳдлашаётган Томонлардан бирининг тайинланган авиакорхонаси шартлашилган линияларда фойдаланадиган ҳаво кемасида ишлатиш учун мўлжалланган ёнилғи ва мойлаш материаллари, ҳатто бу захиралар йўналишнинг уларни бортга олинган иккинчи Аҳдлашаётган Томоннинг ҳудуди доирасидаги қисмида ишлатилган тақдирда ҳам. Кўрсатилган борт захиралари, эҳтиёт қисмлар, ёнилғи ва мойлаш материаллари назорат остида ёки божхона маъмурларининг кузатуви остида етказиб берилиши мумкин.
3. Аҳдлашаётган Томонлардан бирининг тайинланган авиакорхонаси иккинчи Аҳдлашаётган Томоннинг ҳудудига ўзининг эҳтиёжлари учун олиб келган еки келтираётган ёнилғи, мойлаш материаллари, эҳтиёт қисмлар, рўйхатдаги мол-мулк, озиқ-овқат, ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини ўз ичига олган ҳолдаги борт захиралари, реклама материаллари, автотранспорт, бронлаш ҳамда алоқа қилиш учун электрон ускуналар ва уларга эҳтиёт қисмлар, ваколатхоналарни жиҳозлаш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун мебель ва жиҳозлар, уларни олиб киришда, олиб чиқишда ҳамда ана шу иккинчи Аҳдлашаётган Томоннинг ҳудудида турган вақтида барча бож тўловларидан за бошқа солиқлар ҳамда йиғимлардан озод қилинадилар.
16-модда
1. Тайинланган авиакорхоналар ўртасидаги ҳисоб-китоблар Аҳдлашаётган Томонлар ўртасида амал қилаётган ҳисоб-китоблар ва тўловлар тўғрисидаги битимларга мувофиқ амалга оширилади.
2. Ҳар бир Аҳдлашаётган Томон иккинчи Аҳдлашаётган Томоннинг тайинланган авиакорхонасига шу авиакорхона шартлашилган линиялардан фойдаланишдан олган даромаднинг харажатлардан ортиб қолган қисмини эркин тарзда ўтказиш ҳуқуқини беради.
3. Бундай пул ўтказиш Аҳдлашаётган Томонлар ўртасидаги молиявий муносабатларни тартибга солувчи битим қоидаларига мувофиқ амалга оширилиши керак. Бундай Битим бўлмаган тақдирда Аҳдлашаётган Томонларнинг ваколатли маъмурлари ана шундай пул ўтказиш тартибини белгилашлари керак. Агар бундай тартиб белгиланмаса, пул ўтказиш эркин алмаштириладиган валютада расмий курс бўйича Аҳдлашаётган Томонлар ўртасида қўлланилаётган валюта айирбошлаш қоидаларига мувофиқ амалга оширилиши керак.
17-модда
1. Шартлашилган линиялардан фойдаланишни таъминлаш учун Аҳдлашаётган Томоннинг тайинланган авиакорхонасига иккинчи Аҳдлашаётган Томоннинг ҳудудида зарур маъмурий, тижорат ва техник ходимлар билан ўз ваколатхоналарини очиш ҳуқуқи берилади.
2. Бир Аҳдлашаётган Томоннинг тайинланган авиакорхонаси иккинчи Аҳдлашаётган Томоннинг ҳудудида авиаташувларни ўз ташув ҳужжатларини ишлатган ҳолда мустақил сотиш ҳамда шу Аҳдлашаётган Томоннинг қонун-қоидаларига мувофиқ уларни сотадиган вакилларни тайинлаш ҳуқуқига эга бўлади. Агар бир Аҳдлашаётган Томон корхоналарининг иккинчи Аҳдлашаётган Томон ҳудудидаги авиаташувларни сотишни қўшган ҳолдаги тижоратчилик фаолияти Аҳдлашаётган Томонлар ўртасидаги махсус Битим билан тартибга солинса, унда шу Битим қўлланилади.
18-модда
1. Аҳдлашаётган Томонлар халқаро ҳуқуқлардан келиб чиқадиган ўз қоидалари ва мажбуриятларига мувофиқ фуқаро авиациясининг ғайриқонуний аралашув хатти-ҳаракатларидан хавфсизлигини таъминлашга доир зиммасига оладиган ўзаро мажбуриятлари ушбу Битимнинг ажралмас қисми эканлигини тасдиқлайдилар. Аҳдлашаётган Томонлар халқаро ҳуқуққа доир ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг умумий йўналишларини чекламаган ҳолда, 1963 йил 14 сентябрда Токиода имзоланган Ҳаво кемаларида содир бўладиган жиноятчилик ва бошқа ҳаракатлар тўғрисидаги конвенция, 1970 йил 16 декабрда Гаагада имзоланган Ҳаво кемаларини ғайриқонуний равишда эгаллаб олишга қарши кураш тўғрисидаги конвенция, 1971 йил 23 сентябрда Монреалда имзоланган Фуқаро авиацияси хавфсизлигига қаратилган ғайриқонуний ҳаракатларга қарши кураш тўғрисидаги конвенция, 1988 йил 24 февралда Монреалда имзоланган Халқаро аэропортларда ғайриқонуний куч ишлатиш ҳаракатларига қарши кураш тўғрисидаги Баённома қоидаларига, Аҳдлашаётган Томонлар ўртасидаги амалда бўлган икки томонлама битимлар қоидалари, шунингдек, улар ўртасида кейинчалик тузиладиган битимларга мувофиқ иш олиб борадилар.
2. Аҳдлашаётган Томонлар ҳаво кемалари ғайриқонуний равишда эгаллаб олинишининг ва ҳаво кемаларига, уларнинг йўловчилари ва экипаж аъзоларига, аэропортлар ва аэронавигация воситаларига қарши қаратилган бошқа ғайриқонуний ҳаракатларнинг, шунингдек, фуқаро авиациясига хавф солувчи ҳар қандай бошқа хатти-ҳаракатнинг олдини олиш юзасидан бир-бирларининг илтимосларига кўра барча зарур ёрдамни кўрсатадилар.
3. Аҳдлашаётган Томонлар фуқаро авиацияси халқаро ташкилоти томонидан белгиланадиган авиация хавфсизлиги ва техник талабларга оид қоидаларга мувофиқ шундай даражада иш олиб борадиларки, токи бундай қоида ва талаблар Аҳдлашаётган Томонлар учун ҳам қўллашга қулай бўлсин; улар асосий фаолият жойлари ёки доимий бўлиш жойлари уларнинг ҳудудида бўлган ҳаво кемаларидан фойдаланувчиларнинг ва уларнинг ҳудудидаги халқаро аэропортлардан фойдаланувчиларнинг авиация хавфсизлигига оид қоидалар ва талабларга мувофиқ ҳаракат қилишларини талаб қиладилар.
4. Хар бир Аҳдлашаётган Томон ҳаво кемаларининг бундай фойдаланувчиларидан ушбу модданинг 3-бандида кўрсатилган қоидаларга ва ана шу иккинчи Аҳдлашаётган Томон ҳаво кемаси ўз ҳудудига кириб келаётганда, ундан чиқиб кетаётганда ёки унда бўлган вақтида назарда тутилган қоидаларга риоя этишини талаб қилиши мумкинлигига рози бўлади. Хар бир Аҳдлашаётган Томон ўз ҳудуди доирасида ҳаво кемаларини ҳимоя қилиш, йўловчиларни, экипаж аъзоларини, багажлар, юклар ва борт захираларини тушишгача ва тушиш вақтида ёки юклашда текшириш учун зарур чора-тадбирлар қўлланишини таъминлайди. Ҳар бир Аҳдлашаётган Томон иккинчи Аҳдлашаётган Томоннинг аниқ хавф солиниши мумкинлиги муносабати билан махсус хавфсизлик чора-тадбирларини кўриш тўғрисидаги ҳар қандай илтимосига ҳам ҳайрхоҳлик билан қарайди.
5. Агар фуқаро ҳаво кемаларини ғайриқонуний эгаллаб олиш ёки ҳаво кемалари, уларнинг йўловчилари ва экипаж аъзолари, аэропортлар ёки аэронавигация воситаларининг хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлар билан боғлиқ можаро ёки можаро чиқариш учун таҳдид қилинган вақтда Аҳдлашаётган Томонлар бундай можарони тезлик билак хавфсиз тарзда бартараф этиш ёки можаро чиқиш хавфининг олдини олиш мақсадида алоқани енгиллаштириш ва чора-тадбирлар кўриш билан бир-бирларига ёрдам кўрсатадилар.
6. Агар Аҳдлашаётган Томонлардан бири иккинчи Аҳдлашаётган Томон ушбу модданинг авиация хавфсизлигига оид қоидалардан чекинаётганлиги учун етарли асосга эга бўлса, ушбу Аҳдлашаётган Томоннинг авиация маъмурлари иккинчи Аҳдлашаётган Томоннинг авиация маъмурлари билан шошилинч маслаҳатлар ўтказилишини талаб қилишлари мумкин. Маслаҳатлашувлар ўтказиш тўғрисидаги илтимос билан мурожаат этилган кундан бошлаб 15 кун мобайнида муқобил келишувга эришилмаган ёки бевосита авиация хавфсизлигига таҳдид қилиш ҳоллари пайдо бўлганда мазкур Битимнинг 5-моддасини қўллашга асос пайдо бўлади.
19-модда
Аҳдлашаётган Томонлар қуйидаги соҳаларда яқиндан ҳамкорлик қиладилар ва биргаликда ҳаракат қиладилар:
ҳаво транспорти соҳасидаги илмий-техника сиёсати;
авиакорхоналарни моддий-техник таъминлаш;
авиация мутахассисларини ўқитиш ва уларни тайёрлаш даражасига қўйиладиган Ягона талабларни ишлаб чиқиш;
авиация техникасидан техник фойдаланиш, уни тузатиш ва ўзаро етказиб бериш.
Ҳамкорлик қилишнинг ушбу соҳаларига тааллуқли масалалар Аҳдлашаётган Томонларнинг авиация маъмурлари ўртасида тузиладиган махсус битимларнинг мавзуси бўлади.
20-модда
Ушбу Битимни бажаришга тааллуқли бўлган барча масалалар бўйича ҳамкорликни таъминлаш учун Аҳдлашаётган Томонларнинг авиация маъмурлари ўртасида вақт-вақти билан маслаҳатлашувлар ўтказилиб турилади.
21-модда
Мазкур Битимни ва унинг Иловаларини талқин қилиш ёки қўлланиш билан боғлиқ ҳар қандай баҳс иккала Аҳдлашаётган Томоннинг авиация маъмурлари ўртасида бўладиган бевосита музокаралар орқали ҳал этилади. Агар маъмурлар бир битимга келиша олмасалар, баҳс бевосита Аҳдлашаётган Томонлар ўртасида ҳал қилинади.
22-модда
Агар Аҳдлашаётган Томонлардан бири ушбу Битим ёки унинг Иловалари шартларини ўзгартиришни таклиф қилса, Аҳдлашаётган Томонларнинг авиация маъмурлари ўртасида мўлжалланаётган ўзгартиришлар тўғрисида маслаҳатлашувлар ўтказилади. Агар Аҳдлашаётган Томонларнинг авиация маъмурлари белгиланган 30 кун муддатни узайтириш тўғрисида бирор битимга келмасалар, маслаҳатлашувлар уларни ўтказиш тўғрисидаги сўров тушган кундан бошлаб шу муддат мобайнида бошланиши керак. Ушбу Битимга киритилган ҳар қандай ўзгартириш дипломатик воситалар орқали ноталар айирбошлаш йўли билан тасдиқлангандан сўнг кучга киради. Иловага ўзгартиришлар Аҳдлашаётган Томонларнинг авиация маъмурлари ўртасидаги келишувга кўра киритилиши мумкин.
23-модда
1. Мазкур Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
2. Ҳар бир Аҳдлашаётган Томон исталган вақтда бошқа Аҳдлашаётган Томонни ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш истагида эканлигидан дипломатик йўл билан ёзма ҳолда хабардор қилиши мумкин. Бундай ҳолда Битимнинг амал қилиши бошқа Аҳдлашаётган Томон бундай хабарномани олган кундан бошлаб 12 ойдан сўнг, агар Битимнинг амал қилишини тўхтатиш ҳақидаги хабарнома бу муддат тугагунга қадар Аҳдлашаётган Томонларнинг ўзаро келишувига кўра қайтариб олинмаса, тўхтатилади.
Битим 1994 йил 22 декабрда Тошкент шаҳрида икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, беларусь ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эгадир. Мазкур Битимни талқин қилишда англашилмовчиликлар пайдо бўлса, рус тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)
ИЛОВА
1. Ўзбекистон Республикасининг тайинланган авиакорхонаси(лари) ҳар икки томонга учишда фойдаланадиган йўналишлар:
Ўзбекистондаги манзиллар — оралиқ манзиллар Беларусдаги манзиллар — ташқаридаги манзиллар
Минск
Брест
Гродно
2. Беларусь Республикасининг тайинланган авиакорхонаси(лари) ҳар икки томонга учишда фойдаланадиган йўналишлар:
Беларусь Республикасидаги манзиллар — оралиқ манзиллар — Ўзбекистондаги манзиллар — унинг ташқарисидаги манзиллар:
Тошкент
Самарқанд
Термиз
Эслатма: ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси тижорат ҳуқуқларидан фойдаланмаган ҳолда ташқаридаги хоҳлаган манзилидан фойдаланиши мумкин.