Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Беларусь Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Почта жўнатмалари бўйича ўзаро ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати бир томондан ва Беларусь Республикаси Ҳукумати иккинчи томондан, бундан кейин «Томонлар» деб аталади, ушбу Битимни қуйидагилар тўғрисида туздилар:
1-модда
Томонлар иккала давлатлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ҳудудларида ўзларининг алоқа корхона ва бўлимлари тармоқлари орқали Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги қатнашчи давлатлари Ҳукуматлари бошлиқлари томонидан 1994 йил 9 сентябрда Москва шаҳрида имзоланган савдодан ташқари ижтимоий аҳамиятга эга бўлган тўловлар бўйича фуқароларнинг пул маблағларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Битимга иловада келишилган савдодан ташқари ижтимоий аҳамиятга эга бўлган почта пул жўнатмаларини чеклашларсиз қабул қилиб олиш ва тўлашни ташкил этишга ва амалга оширишга қарор қилдилар. Бошқа жўнатмалар суммаси давлатларнинг валюталари мавжудлиги билан тартибга солиб борилади.
2-модда
Почта жўнатмалари Томонларнинг миллий валюталарида, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан унинг ҳудудида, Беларусь Республикаси ҳудудида эса Беларусь Республикаси Миллий банки томонидан белгиланган курс бўйича қабул қилинади ва тўланади. Ушбу Битимнинг 1-моддасида назарда тутилган операциялар Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси Вакил қилинган банкларининг корреспондент счётлари орқали амалга оширилади.
3-модда
Томонлардан ҳар бири пул жўнатмаларини юбориш, шунингдек жўнатмаларни қабул қилиб олишда ва тўлашда ўз давлатининг мижозига кўрсатиладиган қўшимча хизматлар учун ўз тарифлари ва нархларини белгилайди.
4-модда
Жўнатмалар билан ишлаш ва уларни давлатлар ўртасида айирбошлаш учун ҳар қайси Томон пул жўнатмалари билан ишлаш бўйича марказлаштирилган «Пункт» ташкил қилади. Томонлар ўртасида почта пул жўнатмалари, юбориладиган жўнатма бўйича тегишли суммаларни корреспондент счётга олдиндан ўтказган ҳолда, фақат кўрсатилган «Пункт»лар орқали жўнатилади.
Жўнатмалар Томонлардан бирининг жўнатма билан ишлаш пунктига тушганда, жўнатма маблағларининг тегишли суммаси корреспондент счётга қабул қилинмасдан олдин жўнатмаларни тўлаш бланклари берилмайди, балки 30 кун сақлаб турилади, шундан кейин Томоннинг жўнатмалар билан ишлаш пунктига қайтарилади.
5-модда
Почта жўнатмасини тўлаш муддати у Томонларнинг алоқа корхонасига тушган кундан бошлаб бир ойдан ошмаслиги керак.
Почта жўнатмаси Жаҳон почта иттифоқи почта жўнатмалари тўғрисида Битимнинг Ижро тартиби ИР 608-моддасида кўрсатилган сабаблар туфайли кўзда тутилган муддат мобайнида тўланмаган тақдирда у, илгари қабул қилиб олинган пул суммаларини тегишли равишда қайтарган ва қайтариш сабабларини почта жўнатмасининг ҳар қайси бланкида албатта кўрсатган ҳолда, уни жўнатган Алоқа маъмуриятига қайтарилади.
6-модда
Зарурият бўлганда Томонлар жўнатилаётган почта пул жўнатмаларини ҳам сон, ҳам уларнинг суммаси бўйича бир томонлама чеклаш ҳуқуқига эгадирлар, бунда бошқа Томон қабул қилинган қарордан ёзма равишда олдиндан хабардор қилинади.
7-модда
Томонлардан бири ушбу Битим шартларини бажармаган тақдирда бошқа Томон бу ҳақда маълум қилади ва 30 кун мобайнида жавоб олинмаганда почта жўнатмаларини айирбошлашни бир томонлама тартибда тўхтатиш ҳуқуқига эгадир.
8-модда
Сохта жўнатма тўланган тақдирда моддий жавобгарлик сохталикка йўл қўйган Томонга юкланади.
Жўнатмани қабул қилиб олиш ёки тўлаш технологиясининг бузилиши оқибатида жўнатма нотўғри тўланган тақдирда бундай бузилишга йўл қўйган алоқа корхонаси тегишли бўлган Томон моддий жавобгар бўлади.
9-модда
Томонларнинг почта жўнатмалари билан ишлаш бўйича харажатларини Томонлар ҳар бир жўнатма учун 0,1 SDR (ундиришнинг махсус ҳуқуқи) тарифи бўйича қоплайдилар. Бунда Томонлар янги тарифларни назарда тутишлари ва иккала томоннинг розилиги билан янги тарифлар қабул қилишлари мумкин.
10-модда
Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш Томонларнинг ўзаро розилиги билан амалга оширилади ҳамда Битимнинг узвий қисми ҳисобланадиган Протокол билан расмийлаштирилади.
11-модда
Жўнатмалар операциялари бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлигининг Халқаро ҳисоб-китоблар ва шартномалар маркази ҳамда Беларусь Республикаси «Белсвязьбанк» алоқани ривожлантириш тармоқ фонди томонидан амалга оширилади.
12-модда
Почта жўнатмалари бланклари (112-шакл)ни тўлдириш ва хизмат ёзишмалари рус тилида олиб борилади.
13-модда
Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва Томонлардан бири Битимнинг амал қилишини тўхтатиш истаги тўғрисида бошқа Томонга бир ой олдин маълум қилмагунгача амал қилади.
Битим фақат Томонлар тўланган почта жўнатмалари суммаси бўйича ўзаро тўлиқ ҳисоб-китоб қилгандан кейингина ўз кучини йўқотган ҳисобланади.
1994 йил 22 декабрда Тошкент шаҳрида ҳар бири ўзбек, беларусь ва рус тилларида бўлган икки нусхада тузилди, иккала матн ҳам бир хил кучга эга. Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда рус тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)