Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида
Битим
Темир йўл нақлиёти соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро ҳурмат, ўзаро ёрдам ва ўзаро фойда кўриш қатъиятларига асосланган ҳолда,
иккала давлат темир йўл муассасалари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг муҳимлигини тан олиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
1-модда
Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси темир йўл нақлиётининг вазифавий фаолияти, ҳаракат таркиби, техникавий воситаларни тайёрлаш ва ушлаб туриш, ҳаракат хавфсизлиги ва меҳнат шароитларини таъминлаш, ташиш ишларини ташкил этиш, ташиладиган юкларни сақлаш, темир йўл нақлиёти билан унинг хизматидан фойдаланувчилар ҳамда нақлиётнинг бошқа турлари ўртасида ўзаро ёрдамлар мавжуд мезонларга мувофиқ амалга оширилади.
2-модда
Томонлар темир йўл нақлиётида амалда бўлган халқаро юкларни ва йўловчиларни ташишнинг улар ёхуд уларнинг мутасадди идоралари иштирокчи бўлган темир йўл нақлиёти соҳасидаги давлатлараро ва халқаро битимлар ва конвенцияларга мувофиқ келадиган тартибга бўйсунишга аҳдлашдилар.
Бундай битимлар рўйхати Томонларнинг мутасадди идоралари тарафидан аниқланади.
Томонлардан ҳар бири темир йўл нақлиёти соҳасида бошқа мамлакатлар билан битимлар асосида ўрнатилган, ушбу модданинг 1 фиқрасида (абзацида) кўрсатилган тартибни ўзгартирадиган битимлар имзолаган тақдирда бу ҳақда иккинчи Томонни хабардор қилади.
3-модда
Йўловчилар ва юкларни иккала давлат темир йўл бекатлари ўртасида ташиш ушбу Битим имзоланаётган пайтда кучда бўлган мезоний ҳужжатлар асосида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасидан транзит билан Хитой Халқ Республикаси ҳудуди бўйлаб ва Хитой Халқ Республикасидан транзит билан Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб, шунингдек транзит билан учинчи мамлакатдан учинчи мамлакатга қўшимча транзит йўловчи оқимлари ва юк оқимларини жалб қилиш мақсадида йўловчилар ва юкларни ташишда Томонлар мутасадди идоралари ўз давлатлари қонунчилигини ҳисобга олган ҳолда тариф сиёсатини ишлаб чиқишда ўз ҳаракатларини мувофиқлаштиради.
4-модда
Томонлар:
ўз мутасадди идоралари ўртасида тузилган битимларнинг бажарилишини назорат қилиш;
темир йўл нақлиётини бошқарувчи тегишли идораларга улар фаолияти юзасидан музокаралар ўтказиш бўйича ҳуқуқлар бериш;
зарурат туғилган чоғда темир йўл ходимларига уларнинг иккинчи Томон давлати ҳудудида бўлган пайтларида ўз хизмат вазифаларини бажаришларига, кутилмаганда касал бўлганларида, шикаст олганларида бепул тиббий ёрдам кўрсатишни таъминлаш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар.
5-модда
Томонлар ўзаро темир йўл нақлиёти эҳтиёжлари учун зарур бўладиган техника, асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар, ёнилғи-энергетикавий ва бошқа моддий бойликлар билан таъминлашга ёрдам берадилар.
6-модда
Томонлар темир йўл нақлиёти соҳасида ходимлар тайёрлашда ҳамкорлик қиладилар, шунингдек мутасадди муассасаларга Томонлар давлатлари ҳудудидаги ўқув юртларини тугаллаганлиги тўғрисидаги ихтисосликка доир ҳужжатларни тан олиш ҳақидаги масалани кўриб чиқишни тегишли муассасаларга топширадилар.
7-модда
Қуйидагилар Томонларнинг ушбу Битимни бажаришга жавобгар мутасадди идоралари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикасидан — «Ўзбекистон темир йўллари» Давлат ҳиссадорлик темир йўл компанияси;
Хитой Халқ Республикаси томонидан — ХХР Темир йўл вазирлиги.
8-модда
Ушбу Битимни талқин этиш ва қўллаш билан боғлиқ барча баҳсли масалалар музокаралар ва машваратлар йўли билан ҳал этилади.
9-модда
Ушбу Битим Томонларнинг ўзаро келишуви асосида ўзгартирилиши ва унга қўшимчалар киритилиши мумкин. Ушбу Битимга ўзгариш ва қўшимчалар киритиш Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган протоколлар орқали расмийлаштирилади.
10-модда
Ушбу Битим имзоланган кунидан бошлаб кучга киради ва беш йил мобайнида амал қилади.
Агар Томонлардан бири уни тўхтатиш ниятини билдирмаган бўлса, ушбу Битим амал қилиш муддати тугаганидан кейин ўз-ўзидан кейинги беш йиллик муддатга чўзилади.
Томонлардан ҳар бири иккинчи Томонга олти ойдан ошмайдиган муддат ичида иккинчи Томонга ёзма равишда билдириш орқали ушбу Битим фаолиятини тўхтатиши мумкин.
Тошкент шаҳрида 1996 йил 3 июлида ҳар бири ўзбек, хитой ва рус тилларида бўлган икки нусхада тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин этишда ҳар хиллик келиб чиқса, рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)