Қашқадарё вилояти ҳокимининг
Қарори
Вилоятда 2014 йилда қорамолчилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик тармоқларини ривожлантириш, наслчилик ишлари ҳамда сервис хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида
2014 йилда чорвачиликнинг барча тармоқларини ривожлантириш, чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ҳисобига ички истеъмол бозорини арзон ва сифатли чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлаш, бу борада мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 17 январдаги 01-03-42-8-сонли йиғилиш баёни топшириқларининг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига асосан қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 17 январдаги «2014 йилда қорамолчилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик тармоқларини ривожлантириш, наслчилик ишлари ҳамда сервис хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш тўғрисида»ги 01-03-42-8-сонли йиғилиш баёни топшириқлари ижро учун қабул қилинсин.
2. 2014 йилда вилоятда қорамоллар бош сони, гўшт ва сут ишлаб чиқаришни кўпайтириш, наслчилик ишлари ҳамда сервис хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури 1-иловага*:
паррандачиликни ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури 2-иловага*;
балиқчиликни ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури 3-иловага*;
асаларичиликни ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури 4-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1 — 4-иловалар берилмайди.
3. Қуйидагилар чорвачилик соҳасидаги 2014 йилнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгилансин:
чорвачиликда наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш, айниқса, аҳоли хонадонлари ва фермер хўжаликларидаги сигирларни сунъий уруғлантиришни салмоғини ошириш;
қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда биринчи навбатда, озуқабоп экинларни турлари бўйича жойлаштиришга асосий эътиборни қаратиш ва ушбу майдонлардан самарали фойдаланиш, шу жумладан оралиқ экинлар экиш тизимини йўлга қўйиш эвазига мустаҳкам озуқа базасини яратиш;
етиштирилган озуқаларни ўз вақтида ва сифатли йиғиштириб олиш мақсадида озуқа ўрим-йиғим техникалари таъминотини янада яхшилаш;
чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш мақсадида илмий асосланган интенсив технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш, чорвачилик хўжаликлари рентабеллигини ошириш, етиштирилган чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтириш орқали ички бозорни арзон ва сифатли маҳсулотларга бўлган талабини қондириш;
чорвачилик тармоқларини ривожлантириш ҳисобига янги иш ўринларини ташкил этиш.
4. Чорвачиликнинг асосий устувор вазифалари ва ишлаб чиқилган Дастурларнинг жойлардаги ижросини таъминлашни тизимли равишда ташкил этиш ва унинг назоратини олиб бориш учун:
қорамолчилик тармоғини ривожлантиришга вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги ва Молия бошқармалари ҳамда уларнинг туманлар бўлимлари;
паррандачилик тармоғини ривожлантиришга Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш бошқармаси;
балиқчилик тармоғини ривожлантиришга вилоят Солиқ бошқармаси ва Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда уларнинг туманлар бўлимлари;
асаларичилик тармоғини ривожлантиришга Қашқадарё Марказий ўрмон хўжалиги ва ҳудудий ўрмон хўжаликлари раҳбарлари;
юқоридаги тармоқларни ривожлантиришга масъул этиб белгиланган раҳбарлар ҳар бир Дастур ижросини таъминлаш бўйича тузилган ишчи гуруҳлари билан биргаликда ҳар ойда икки марта ҳудудларга чиқиб амалга оширилаётган ишларни ўрганиши ва юзага келган муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатишга шахсан масъул эканликлари белгилаб қўйилсин.
5. Туманлар ҳокимликларига уч кун муддатда, 2014 йилда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичиликни ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳларини тузиб, улар томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирларни ишлаб чиқсинлар ва ўз қарорлари билан тасдиқлаган ҳолда вилоят ҳокимлигига тақдим этсинлар.
Вилоят ҳокимлиги қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари котибияти (М. Серкаев), Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси (Б. Ражапов), туманларда қарор асосида ишлаб чиқилган чора-тадбирларни умумлаштириб, ижросини доимий назоратга олсин.
6. Вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси (З. Қобилов), Ветеринария бошқармаси (Н. Имомов), Наслчилик инспекцияси (Т. Бойқобилов)га:
вилоятдаги 19 та қишлоқ хўжалик йўналишидаги касб-ҳунар коллежи раҳбарларини наслчилик ишларини ривожлантириш ва аҳоли хонадонларидаги сигирларни сунъий уруғлантиришнинг афзалликлари ҳамда иқтисодий самараси бўйича билим кўникмаларини ошириш мақсадида, уларни 2014 йил февраль ойида Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти базасида ташкил этиладиган қисқа муддатли ўқув курсларида қатнашишини таъминлаш;
жорий йилнинг март ойидан бошлаб ушбу касб-ҳунар коллежларида чорвачилик ва ветеринария йўналишида таълим олаётган талабаларни, шу ҳудуддаги зооветеринария шохобчаларида ишлаётган мутахассислар ва сунъий уруғлантириш билан шуғулланиш истагини билдирган талабгорларни ўқитиш бўйича доимий фаолият кўрсатадиган курсларни ташкил этиш топширилсин.
7. Қарши шаҳри ва туманлар ҳокимлари, жорий йилнинг 1 сентябрига қадар Қарши шаҳар ва ҳар бир туман марказида биттадан дунё стандартларига жавоб берадиган замонавий, энг охирги технологик ускуналар билан жиҳозланган қушхона ҳамда сўйилган гўшт ва гўшт маҳсулотларини шу ернинг ўзида сотадиган гўшт сотиш дўконларини қуриб ишга тушириш чораларини кўрсин.
8. Дон корхоналари (Ё. Акбаров, Ш. Донаев, Ҳ. Каримов, С. Қўчқоров, Б. Жовлиев), «Давуруғназоратмарказ» вилоят бўлими (Р. Бердиқулов), туманлар ҳокимликлари билан биргаликда озуқа экинлари уруғини етиштиришга ихтисослашган хўжаликларда ишлаб чиқарилган уруғларни ҳудудий дон корхоналари томонидан ўрнатилган тартибда харид қилиб олиш ва стандарт талаблари асосида тайёрлаб, зараркунандаларга қарши дорилаш ҳамда чорвачилик хўжаликлари ва аҳолига сотилишини ташкил этиш чораларини кўрсин.
9. Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси (М. Маманазаров), Давлат солиқ бошқармаси (Х. Холбоев), туманлар ҳокимликлари билан биргаликда 2014 йилнинг 20 апрелига қадар балиқчилик хўжаликларининг раҳбар ва мутахассислари иштирокида балиқ чавоқларини етиштириш, табиий ва сунъий сув ҳавзаларини балиқлантириш ҳамда инкубация цехлари ишини ташкил қилиш бўйича ўқув-семинарларини ўтказсин.
10. Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси (М. Маманазаров), вилоятдаги табиий сув ҳавзаларидан самарали фойдаланиш мақсадида уларни тўлиқ ижарага бериш ва ушбу ҳавзалардан рухсатсиз балиқ овлаш ҳолатларининг олдини олиш бўйича таъсирчан чораларни кўриб борсин.
11. Чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантириш бўйича вилоят Ишчи гуруҳларига, мунтазам равишда ҳудудларга чиқиб, туманлар ҳокимликлари ҳамда алоқадор ташкилотлар раҳбарлари иштирокида янгидан ташкил этиладиган чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик лойиҳаларининг амалга оширилишидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиб, амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар ой якуни билан вилоят ҳокимлигига ахборот бериб бориш топширилсин.
12. Вилоят ҳокимининг 2013 йил 25 январдаги Х-44/01, Х-45/01, 28 январдаги Х-49/01, Х-50/01-сонли қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосарлари А. Арипов ва Ғ. Джавлиев зиммаларига юклатилсин.
14. Ушбу қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
Ҳоким З. РЎЗИЕВ
Қарши ш.,
2014 йил 17 февраль,
Х-50/02-сон