Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЁҚИЛҒИ-ЭНЕРГЕТИКА РЕСУРСЛАРИНИ ТЕЖАШ КОМИССИЯСИ ТАРКИБИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 13 августдаги 238-сонли «Энергия самарадорлиги ва энергиянинг тикланадиган манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича республика комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирлар Маҳкамасининг Умумиқтисодиёт комплекси ишлари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2000 йил 29 декабрдаги 517-сон қарорига қўшимчалар киритиш ҳақида» 2003 йил 5 сентябрдаги 386-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш комиссиясининг янгиланган таркиби 1-иловага* мувофиқ;
*1-илова берилмайди.
Ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш комиссияси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар Комиссия фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
иқтисодиёт тармоқларида ва ижтимоий соҳада энергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича доимий мониторингни амалга ошириш, энергетика ресурсларидан самарасиз ва ноқонуний фойдаланиш ҳолларини аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш юзасидан тезкор ва қатъий чора-тадбирлар кўриш;
иқтисодиёт тармоқларида энергияни тежовчи технологиялар ва механизмларнинг жорий этилишини таъминловчи дастурлар ва тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, энергияни тежовчи лойиҳаларни, шу жумладан хорижий инвестициялар ҳамда халқаро ташкилотлар иштирокида амалга ошириш;
энергетикада энергия яратувчи қувватларни ривожлантириш ва реконструкция қилиш дастурлари амалга оширилишини назорат қилиш, иқтисодиёт тармоқларини ва ижтимоий соҳани энергетика ресурсларидан оқилона ва тежамли фойдаланишни таъминловчи, ресурсларни эҳтиётловчи замонавий технологияларга босқичма-босқич ўтказиш;
ёқилғи-энергетика комплексини ривожлантириш истиқболларидан келиб чиққан ҳолда республикани иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг қисқа муддатли, ўрта муддатли ва узоқ муддатли прогнозларини шакллантиришда қатнашиш;
ёқилғи-энегетика ресурсларидан самарали фойдаланиш устидан назоратни амалга оширувчи органлар, шунингдек ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича ҳудудий комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 4-иловага мувофиқ қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 18 ноябрь,
518-сон
Ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш комиссияси тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш комиcсияси (кейинги ўринларда «Комиссия» деб юритилади) давлат бошқаруви органлари ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектларнинг ёқилғи, энергия ва энергия манбаларини қазиб олиш, ҳосил қилиш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш ва сарфлаш (кейинги ўринларда «ҳосил қилиш ва сарфлаш деб юритилади) соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.
2. Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорларига ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда мазкур Низомга амал қилади.
3. Комиссия ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.
Комиссиянинг шахсий таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
II. Комиссиянинг вазифалари
4. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳисобланади:
«Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни сўзсиз амалга оширилишини таъминловчи чора-тадбирларни рўёбга чиқариш;
иқтисодиёт тармоқларида ва ижтимоий соҳада энергетика ресурсларидан самарали фойдаланишини доимий мониторинг қилиш, энергия ресурсларидан самарасиз ва ноқонуний фойдаланиш ҳолларини аниқлаш ва уларга барҳам бериш юзасидан тезкор ва қатъий чора-тадбирлар кўриш;
иқтисодиёт тармоқларида энергияни тежайдиган технологиялар ва механизмлар жорий этилишини таъминловчи дастурлар ва чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, энергияни тежайдиган лойиҳаларни, шу жумладан хорижий инвестициялар ва халқаро ташкилотлар иштирокида амалга ошириш;
энергетикада қувватлар ҳосил қилувчи ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва реконструкция қилиш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани энергетика ресурсларидан оқилона ва тежамли фойдаланишни таъминлайдиган замонавий ресурсларни тежайдиган технологияларга босқичма-босқич ўтказиш дастурлари амалга оширилишини назорат қилиш;
ёқилғи-энергетика комплексини ривожлантириш истиқболларидан келиб чиқиб республикани иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг қисқа муддатли, ўрта муддатли ва узоқ муддатли прогнозларини шакллантиришда қатнашиш;
ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарали фойдаланишни назорат қилувчи органлар, шунингдек ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш ҳудудий комиссиялари фаолиятини мувофиқлаштириш;
ёқилғи ва энергияни ҳосил қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва норматив база шакллантирилишида фаол иштирок этиш.
III. Комиссиянинг ҳуқуқлари
5. Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:
норматив-техник ҳужжатларни, энергия сарфи ҳамда ёқилғи ва электр энергиясининг техник нобудгарчилиги нормативлари ишлаб чиқилишини ташкил этиш, ишлаб чиқилган норматив ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш ва келишиш;
вазирликларда, идораларда, уларнинг таркибий бўлинмаларида, муассасалар, ташкилотлар ва хўжалик юритувчи субъектларда ёқилғи ва энергиядан оқилона фойдаланиш масалалари ўрганиб чиқилишини белгиланган тартибда ташкил этиш;
энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш масалаларида «Ўздавнефтгазинспекция» ва «Ўздавэнергоназорат» агентлигининг, шунингдек ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича ҳудудий комиссияларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;
ўз мажлисларида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар, корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар раҳбарларининг ёқилғи ва энергиядан оқилона фойдаланиш, маҳсулотлар, ишлар ва хизматларга энергия сарфини камайтириш масалалари бўйича ҳисоботларини эшитиш, ресурслардан самарасиз фойдаланиш ҳолларини бартараф этишга қаратилган тегишли қарорлар қабул қилиш;
ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги ёқилғи ва энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишига олиб келган раҳбарлар ва мансабдор шахсларга нисбатан чора кўриш тўғрисида тавсиялар бериш;
давлат бошқаруви органлари, корхоналар, ташкилотлар ва муассасалардан Комиссия ваколатига кирувчи масалалар бўйича ахборот олиш.
Комиссиянинг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар, идоралар, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар ва ташкилотлар, хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан хорижий корхоналар ва ташкилотлар, хўжалик юритувчи субъектларнинг бажариши учун мажбурийдир.
Энергия ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш соҳасида норматив ҳужжатлар қабул қилиш зарур бўлганда Комиссия тегишли давлат органларига таклифлар киритади.
IV. Комиссиянинг функциялари
6. Комиссия ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ:
энергия тежаш давлат дастурини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказишни, шунингдек унинг бажарилиши мониторингини ташкил этади;
энергияни тежаш тадбирларини, иқтисодиёт тармоқларида ва ижтимоий соҳада энергиядан оқилона фойдаланишга кўмаклашувчи энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлашнинг энергетика жиҳатидан самарадорлиги, илғор илмий-тадқиқотлар ютуқларини жорий этиш бўйича тармоқ дастурлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юзасидан вазирликлар, идоралар, муассасалар, ташкилотлар ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини мувофиқлаштиради;
энергетика фаолиятининг атроф муҳитга салбий таъсирини камайтириш чора-тадбирлари ташкил этилиши ва амалга оширилишига, энергиядан самарали фойдаланувчи ва экологик соф технологиялар, маҳсулотлар ва материаллар жорий этилиши, иккиламчи энергия ресурслари, шу жумладан хорижий инвестициялар ва халқаро ташкилотлар иштирокида ишлатилиши бўйича лойиҳалар амалга оширилишига, халқаро битимларда назарда тутилган чора-тадбирлар рўёбга чиқарилишига кўмаклашади;
энергетика жиҳатидан самарадорлик масалаларини ўрганиш учун вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотларнинг мутахассисларини уларнинг раҳбарлари розилиги билан, шунингдек мустақил экспертларни жалб этади, Комиссия ваколатига кирувчи масалаларни чуқур таҳлилий ишлаб чиқиш учун улардан эксперт гуруҳлар ташкил этади;
қайта тикланадиган ва анъанавий бўлмаган энергия манбаларидан фойдаланилган технологиялар жорий этилишига кўмаклашади, энергиядан, шу жумладан қайта тикланадиган, анъанавий бўлмаган, экологик хавфсиз энергия манбаларидан фойдаланиладиган технологиялардан оқилона фойдаланишга доир чет эл тажрибасини ўрганади, уларни амалга ошириш юзасидан тавсиялар тайёрлайди;
энергияни ҳисобга олиш, назорат қилиш ва бошқариш приборлари, энергетика жиҳатидан самарали ва экологик хавфсиз энергетика қурилмаларини ишлаб чиқариш бўйича саноат базасини ривожлантиришга кўмаклашади;
давлат бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлашда энергиядан оқилона фойдаланиш, энергетика тадқиқотларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради;
вазирликлар, идоралар, уларнинг таркибий бўлинмалари, муассасалар, ташкилотлар ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ёқилғи ва энергиядан оқилона фойдаланиш масалаларини белгиланган тартибда ўрганиб чиқиш ишларини ташкил этади;
юридик шахсларнинг ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш бузилганлиги учун назорат органлари томонидан уларга нисбатан иқтисодий жазолар қўлланилганлиги ҳолатлари бўйича аризаларини кўриб чиқади;
энергетика жиҳатидан самарали ва экологик хавфсиз технологияларни жорий этиш тадбирларини маблағ билан таъминлаш, ушбу соҳада илмий тадқиқотларни фаоллаштириш, энергиянинг қайта тикланадиган ва анъанавий бўлмаган манбаларини қўллаш, энергиядан самарасиз фойдаланилганлиги учун иқтисодий жазолар қўллашдан тушган маблағлар ҳисобига ташкил этилган республика тармоқлараро энергияни тежаш ҳисоб рақамидаги маблағлардан мақсадли фойдаланишга доир қарорлар қабул қилади.
V. Комиссия ишларини ташкил этиш
7. Комиссия ўз ишларини Комиссия раиси томонидан тасдиқланадиган йиллик режа асосида ташкил қилади.
Комиссия мажлислари йил чорагида камида бир марта ўтказилади.
8. Комиссиянинг иш режасига мувофиқ энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлашнинг энергетика жиҳатидан самарадорлигини ва энергиядан оқилона фойдаланишни, энергия таъминотининг ёқилғи ва энергия ишлаб чиқарувчи, ҳосил қилувчи ва сарфлаш асбоб-ускуналари, тизимлари ва тармоқларининг техник ҳолатини ўрганиш масалалари, шунингдек Комиссия функцияларига мувофиқ бошқа масалалар белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Масалаларни ўрганиб чиқиш Комиссия аъзоларидан бири бошчилик қиладиган ишчи гуруҳ томонидан ташкил этилади. Ишчи гуруҳ таркиби Комиссия раиси томонидан тасдиқланади. Ишчи гуруҳлар энергетика жиҳатидан самарадорлик масаласини жойларга бориб ўрганиб чиқади ва унинг натижалари бўйича Комиссияга ушбу масала юзасидан Комиссиянинг келишилган қарори лойиҳаси билан биргаликда умумлаштирилган маълумотнома лойиҳасини тақдим этади.
9. Масалалар Комиссия мажлисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар, уларнинг таркибий бўлинмалари, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари таклиф этилган ҳолда кўриб чиқилади.
10. Қабул қилинган қарорлар Комиссия мажлиси протоколи билан расмийлаштирилади ва тегишли ижрочиларга етказилади.
11. Энергияни тежайдиган тадбирлар, дастурлар ва лойиҳаларни маблағ билан таъминлаш учун махсус республика энергияни тежайдиган тармоқлараро ҳисоб рақамидан маблағ ажратиладиган вазирликлар, идоралар, муассасалар, ташкилотлар ва хўжалик юритувчи субъектлар ҳар йили маблағлардан мақсадли фойдаланилиши тўғрисида Комиссияга ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳисобот тақдим этадилар.
12. Комиссия котиби:
Комиссиянинг иш режаси ишлаб чиқилишини, унинг бажарилиши назорат қилинишини, шунингдек тасдиқланган режага мувофиқ Комиссиянинг жорий ишлари ташкил этилишини;
жойларда энергетика жиҳатидан самарадорлик тўғрисидаги масалани ўрганувчи ишчи гуруҳлар билан биргаликда Комиссия мажлисига материаллар тайёрланишини;
вазирликлар, идоралар, жойлардаги ҳокимият органлари билан биргаликда Комиссия томонидан қабул қилинган қарорлар бажарилиши назорат қилинишини, Комиссия раисига тегишли ахборот ва таклифлар киритилишини;
тушадиган хат-хабарлар кўриб чиқилишини ва Комиссия ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар тайёрланишини;
энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланилишини таъминлаш бўйича таклифлар тайёрланишини ва Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлайди.
Комиссия котиби ўз функцияларини амалга ошириш учун:
вазирликлар, идоралар, корхоналар, ташкилотлар ва муассасалардан Комиссия фаолияти билан боғлиқ энергетика самадорлиги масалалари юзасидан ахборотни сўраб олиш;
вазирликлар, идоралар, корхоналар, муассасалар, ҳокимликларда Комиссия ваколатига кирувчи масалалар бўйича материаллар билан танишиш, шунингдек улардан Комиссия фаолиятини амалга ошириш, энергетика самарадорлиги бўйича кўриб чиқилаётган масалалар учун зарур бўлган ахборот ва материалларни олиш ҳуқуқига эгадир.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси комплекслари раҳбарияти тузилмасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2000 йил 5 августдаги 310-сон қарорига 2-иловада:
а) илова номидаги «Макроиқтисодиёт ва статистика» сўзлари «Иқтисодиёт» сўзи билан алмаштирилсин;
б) I бўлимда:
«Макроиқтисодиёт ва статистика» сўзлари «Иқтисодиёт» сўзи билан алмаштирилсин;
«Меҳнат вазирлиги» ва «Ижтимоий таъминот вазирлиги» сўзлари чиқариб ташлансин;
«Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги» сўзлари қўшилсин;
в) II бўлим қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:
«Давлат мулкини хорижий инвесторларга сотиш бўйича тендер савдолари ўтказувчи Давлат комиссияси;
«Соғлом авлод, аёллар соғлиғини мустаҳкамлаш ва оиланинг тиббий маданиятини ошириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси;
«Ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш комиссияси».
«3.1. Кўрсатиб ўтилган вазифаларга мувофиқ Бирлашган ҳайъатга қуйидаги функциялар юкланади:
иқтисодиётни ривожлантириш ва ислоҳ қилишнинг устуворликлари ва стратегик вазифалари юзасидан қабул қилинаётган қарорларнинг коллегиаллигини таъминлаш;
баланслар тизими, мақсадли комплекс дастурлар, жаҳон иқтисодий ривожланишининг вужудга келаётган тенденциялари асосида ҳамда ёқилғи-энергетика комплексини ривожлантириш истиқболларидан келиб чиққан ҳолда республикани иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг қисқа муддатли, ўрта муддатли ва узоқ муддатли прогнозларини ишлаб чиқиш, шакллантириш, эксперт баҳолаш, шунингдек уларни келишилган ҳолда Ҳукуматнинг кўриб чиқиши учун киритиш;
ёқилғи-энегетика комплекси тармоқларини, республика иқтисодиётини барқарор ривожлантириш ва экспорт потенциалини кенгайтириш учун база сифатида унинг роли ва аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда истиқболли, стратегик ривожлантириш муаммоларини ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ва амалий тавсияномалар ишлаб чиқиш;
республика иқтисодиётининг барча тармоқлари ва секторлари билан ёқилғи-энегетика комплексини ривожлантиришнинг мутаносиблигини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
геология қидирув ишлари дастурларини амалга ошириш, ёқилғи-энергетика комплекси тармоқларини ривожлантириш, комплекс корхоналарини замонавийлаштириш, реконструкция қилиш ва техника билан қайта жиҳозлаш учун хорижий инвестицияларни, айниқса тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишга ёрдам кўрсатиш;
ёқилғи-энергетика комплекси тармоқлари ва корхоналарининг молиявий барқарорлиги устидан доимий мониторинг олиб бориш, молиявий оқимларнинг мутаносиблигини ва корхоналар ишларининг барқарорлигини таъминловчи комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, жалб қилинаётган кредит ресурсларини қайтариш бўйича мажбуриятларни ўз вақтида бажариш;
Умумиқтисодиёт комплекси вазирликлари ва идоралари томонидан иқтисодиётни эркинлаштириш ва ислоҳ қилиш бўйича устувор вазифаларни амалга ошириш юзасидан уларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг, шунингдек Бирлашган ҳайъат томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини мунтазам назорат қилиш ва мониторингини олиб бориш;
иқтисодий идоралар фаолияти самарадорлиги ва уларнинг иқтисодиётни ривожлантириш ва ислоҳ қилиш вазифаларини амалга оширишдаги ҳиссасини таҳлил қилиш ва баҳолаш».
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 22 февралдаги 73-сон қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 8-9-сон , 67-модда)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган қарорлари
рўйхати
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари билан ташкил этилган Республика комиссиялари таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 1999 йил 5 мартдаги 101-сон қарори.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва Бош вазири ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш тўғрисида» 1999 йил 11 мартдаги 109-сон қарори.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари билан ташкил этилган Республика комиссиялари таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 1999 йил 5 мартдаги 101-сон ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва Бош вазири ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш тўғрисида» 1999 йил 11 мартдаги 109-сон қарорларига ўзгартиришлар киритиш ҳақида» 1999 йил 4 августдаги 375-сон қарори.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш комиссиясининг янги таркибини ва Комиссия тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2000 йил 20 апрелдаги 157-сон қарори.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ташкил этилган Республика комиссиялари ва кенгашлари раҳбарлари таркиби тўғрисида» 2000 йил 5 августдаги 308-сон қарорига 1-илованинг «Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари В.Й.Отаев бошчилик қиладиган комиссиялар» бўлими.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари билан ташкил этилган Комиссиялар ва Кенгашлар таркибларини тасдиқлаш тўғрисида» 2000 йил 30 сентябрдаги 374-сон қарорига 27-илова.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 22-сон, 222-модда; 2004 й., 30-сон, 344-модда; 2005 й., 8-9-сон, 67-модда)