Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЭНЕРГЕТИКА ТЕКШИРУВЛАРИ ВА ЭКСПЕРТИЗАЛАРИ ЎТКАЗИШ ФАОЛИЯТИНИ ЛИЦЕНЗИЯЛАШ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Статистик, солиқ ва молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2012 йил 16 июлдаги ПФ-4453-сон Фармони)» қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Энергетика текширувлари ва экспертизалари ўтказиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Электр энергетикада назорат бўйича давлат агентлиги икки ҳафта муддатда Лицензиялар бериш тўғрисида хулосалар тайёрлаш бўйича эксперт комиссия таркибини ва Комиссия тўғрисидаги низомни тасдиқласин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари К.Н. Тўлаганов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў. СУЛТОНОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 12 ноябрь,
504-сон
Энергетика текширувлари ва экспертизалари ўтказиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом энергетика текширувлари ва экспертизалари ўтказиш фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.
Лицензиялар умуман энергетика текширувлари ва экспертизалари ўтказишга ёхуд уларнинг қуйидаги:
ёқилғи (суюқ, қаттиқ ва газсимон ёқилғи)дан фойдаланишнинг энергия самарадорлигини баҳолаш;
иссиқлик энергиясидан фойдаланишнинг энергия самарадорлигини баҳолаш;
электр энергиясидан фойдаланишнинг энергия самарадорлигини баҳолаш;
ишлаётган, янги ишга туширилаётган ва реконструкция қилинаётган объектларда энергия таъминоти лойиҳалари ва схемаларининг, энергия ишлаб чиқарувчи ва энергия истеъмол қилувчи асбоб-ускуналарнинг хавфсизлиги ва энергия самарадорлиги соҳасидаги энергетика экспертизаси қисмларига берилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Энергетика текширувлари ва экспертизалари ўтказиш фаолиятини лицензиялаш Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси (кейинги ўринларда лицензияловчи орган деб аталади) томонидан амалга оширилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 1 мартдаги 96-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 9-сон, 105-модда)
3. Юридик шахслар лицензия талабгори бўлиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Юридик шахсларнинг энергетика текширувлари ва экспертизалари ўтказиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензиялар 5 йил муддатга берилади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 22 майдаги 92-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 20-21-сон, 181-модда)
5. Энергетика текширувлари ва экспертизалари ўтказиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига намунавий (оддий) лицензиялар берилади.
II. Лицензия талаблари ва шартлари
6. Қуйидагилар энергетика текширувлари ва экспертизалари ўтказишдаги лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:
лицензиат томонидан қонун ҳужжатларига, шу жумладан техника хавфсизлиги ва ёнғиндан сақлаш хавфсизлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига, электр, иссиқлик энергияси ва газдан фойдаланиш қоидаларига, электр, иссиқлик энергияси ва газни ҳисобга олиш қоидаларига ҳамда энергетика соҳасидаги бошқа норматив ҳужжатларга мажбурий риоя этилиши;
зарур норматив-техник ҳужжатларнинг мавжуд бўлиши;
фаолиятнинг ушбу турини амалга ошириш учун махсус билимларга эга бўлган етарлича малакали кадрларнинг мавжудлиги;
«Ўзстандарт» агентлиги органларида аттестациядан ўтказилган, аниқликнинг тегишли классидаги ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг махсус ўлчов приборлари билан жиҳозланганлиги;
текширилаётган объектнинг энергия-технология оқимини ҳисобга олган ҳолда тузилган техник топшириқлар талабларига ҳамда фаолиятнинг талабгор бўлинаётган қисми бўйича энергетика текширувларини ўтказиш бўйича методикага риоя этиш;
энергетика ва техника хавфсизлиги соҳасидаги талабларни ҳисобга олган ҳолда тузилган текширилаётган объектларнинг энергетика кўрсаткичларини асбоблар билан баҳолаш методикасига риоя этиш.
7. Лицензия битимида ушбу Низомнинг 6-бандида санаб ўтилган лицензия талаблари ва шартларилардан аниқ лицензия талаблари ва шартлари назарда тутилиши мумкин.
III. Лицензия олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар
8. Лицензия олиш учун лицензия талабгори лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
лицензия бериш тўғрисидаги ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади: юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банк муассасасидаги ҳисоб рақами; юридик шахс амалга оширишни мўлжаллаётган фаолиятнинг лицензияланаётган тури (унинг қисми);
(8-банднинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 22 майдаги 92-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 20-21-сон, 181-модда)
юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;
(8-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 февралдаги 26-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 6-сон, 57-модда)
лицензия талабгори аризаси лицензияловчи орган томонидан кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгори томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
лицензия талабгорининг методика, кадрлар, прибор билан таъминланганлигини, ходимларнинг лицензия олишга қўйиладиган малака бўйича талаблар ва шартларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (ушбу Низомга 2-илова).
9. Лицензия талабгоридан ушбу Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
10. Ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан лицензияловчи органга уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан бевосита ёхуд почта алоқаси воситаси орқали етказилади.
Ҳужжатлар лицензияловчи орган масъул шахси томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда аризачига юборилади (топширилади).
11. Лицензия талабгори нотўғри ёки сохта маълумотлар тақдим этилгани учун қонунчиликка мувофиқ жавоб беради.
IV. Аризани кўриб чиқиш ва лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш
12. Лицензия талабгорининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида йиғим ундирилади. Ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси лицензияловчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади. Лицензия талабгори берилган аризадан воз кечганда тўланган йиғим қайтарилмайди.
13. Энергетика текширувлари ва экспертизалари ўтказиш фаолиятини лицензиялаш мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
Лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор унинг барча зарур ҳужжатлар билан биргаликдаги аризаси олинган кундан бошлаб йигирма кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади.
14. Лицензия бериш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш, улар юзасидан эксперт хулосалар тайёрлаш учун лицензияловчи органда эксперт комиссия ташкил этилади. Эксперт комиссия таркиби ва Комиссия тўғрисидаги низом лицензияловчи орган томонидан тасдиқланади. Бунда эксперт комиссия таркибига мажбурий тарзда тегишли ихтисослик мутахассислари киритилади.
Лицензия талабгорининг барча зарур ҳужжатлар илова қилинган аризаси улар қабул қилинган кунда кўриб чиқиш учун эксперт комиссияга киритилади.
Эксперт комиссия ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва улар юзасидан лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида эксперт хулосаси тайёрлайди.
Лицензияловчи орган эксперт комиссия хулосаси асосида беш кун муддатда лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини аниқлаш учун лицензияловчи орган эксперт комиссия илтимосномасига кўра ўз маблағлари ҳисобига:
фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензия талабгоридаги мавжуд шартларни жойларга чиқиб баҳолаш;
тегишли хулосалар тайёрлаш учун шартнома асосида экспертларни жалб қилиш ҳуқуқига эга.
Лицензияловчи орган тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун муддатда лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади.
Лицензия беришга қарор қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).
Лицензия бериш тўғрисида қабул қилинган қарор тўғрисидаги билдиришнома билан бир вақтда лицензия талабгорига имзолаш учун лицензия битими юборилади.
15. Лицензияловчи орган ва лицензиатнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи лицензия битимида қуйидагилар бўлиши керак:
битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;
томонларнинг реквизитлари;
амалга оширилишига лицензия берилаётган фаолият турининг (унинг бир қисмининг) номи;
лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;
лицензиянинг амал қилиш муддати;
лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;
лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишини ишчи орган томонидан назорат қилиш тартиби;
лицензиат ва лицензияловчи органнинг мажбуриятлари;
лицензияловчи органга бериладиган материаллар, ҳужжатлар рўйхати ва уларни тақдим этиш муддатлари.
Лицензия битими икки нусхада — лицензиат ва лицензияловчи орган учун бир нусхадан тузилади.
Лицензиялар махсус бланкаларда расмийлаштирилади. Лицензия бланкалари намунаси лицензияловчи орган томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 20 декабрдаги 488-сон қарорига мувофиқ тасдиқланади.
Лицензиялар бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлиши керак. Лицензиялар бланкалари лицензияловчи орган буюртманомасига кўра «Давлат белгиси» давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан босмахона усулида тайёрланади. Лицензиялар бланкалари ҳисобга олиниши, сақланиши ва мақсадли фойдаланилиши учун лицензияловчи орган раҳбари шахсан жавоб беради.
Лицензия лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ва лицензия битими имзолангандан кейин икки кун муддатда берилади.
16. Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб уч ой мобайнида лицензияловчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса ёхуд лицензия битимини имзоламаса, лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.
17. Лицензия бериш «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этилиши мумкин.
Лицензия талабгори лицензияловчи органнинг лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарори, шунингдек лицензияловчи орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.
18. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни қайта кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.
(18-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 февралдаги 26-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 6-сон, 57-модда)
Лицензия талабгори томонидан лицензия бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.
Бунда қайта тақдим этилган ҳужжатлар улар қабул қилинган кунда кўриб чиқиш учун эксперт комиссияга киритилади.
Эксперт комиссия олти кундан ортиқ бўлмаган муддатда тақдим этилган ҳужжатларни қайта кўриб чиқади ва улар юзасидан лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида эксперт хулосаси тайёрлайди.
Лицензияловчи орган эксперт комиссия хулосаси асосида тўрт кун муддатда лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Лицензия талабгорларининг аризалари такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди. Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.
V. Лицензияларни қайта расмийлаштириш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш, дубликат бериш
19. Лицензиат-юридик шахс қайта ташкил этилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.
(19-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 февралдаги 26-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 6-сон, 57-модда)
20. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.
21. Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензияловчи орган лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияни қайта расмийлаштириш лицензияловчи орган томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан бошлаб беш кун мобайнида амалга оширилади.
Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси лицензияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.
22. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензиатнинг аризасига кўра амалга оширилади.
Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилиш муддати ўтгунга қадар икки ойдан кечикмай берилиши керак.
Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензия бериш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
23. Йўқолган ёки амал қилиш муддати ўтмаган яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра унинг дубликати берилиши мумкин.
Лицензия дубликати беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси лицензияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.
VI. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш
24. Лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лицензияловчи орган томонидан амалга оширилади.
25. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда лицензияловчи орган ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текшириш;
лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлигидан далолат берувчи ҳоллар мавжуд бўлган тақдирда лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонунда белгиланган тартибда режадан ташқари текшириш;
лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан лицензиатдан зарур ахборотни сўраш ва олиш;
текширишлар натижалари асосида, лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;
лицензиатга аниқланган бузилишларини бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ҳуқуқий таъсир кўрсатиш чораси сифатида лицензиянинг амал қилишини ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш тўғрисида қарор чиқариш, кўрсатиб ўтилган лицензияларни ўн иш кунидан ортиқ муддатга тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёхуд бекор қилиш тўғрисида судга мурожаат қилиш.
(25-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 ноябрдаги 235-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 46-47-сон, 458-модда)
26. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда лицензияловчи орган ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси лицензияловчи органда қолади.
VII. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва лицензияни бекор қилиш
27. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, уни бекор қилиш «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22—24-моддаларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.
Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш, уни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиш мумкин. Лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилиши ва тўхтатилиши, унинг бекор қилиниши асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.
(27-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 ноябрдаги 235-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 46-47-сон, 458-модда)
VIII. Лицензиялар реестри
28. Лицензияловчи орган лицензиялар реестрини юритади.
Реестрда қуйидагилар кўрсатилади:
юридик шахснинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефон рақамлари;
лицензиянинг берилган санаси ва тартиб рақами;
лицензиянинг амал қилиш муддати;
лицензиянинг умуман фаолият турига ёки унинг бир қисмига берилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
лицензияни қайта расмийлаштириш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш, тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асослари ва санаси;
лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;
лицензияни бекор қилишнинг асослари ва санаси;
дубликат бериш асослари ва санаси.
29. Лицензияларнинг реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.
(29-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 февралдаги 26-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 6-сон, 57-модда)
IХ. Лицензия берилганлиги учун давлат божи
30. Лицензия берилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида давлат божи ундирилади.
31. Давлат божи суммаси республика бюджетига ўтказилади.
Энергетика текширувлари ва экспертизалари ўтказиш фаолиятини лицензиялаш
схемаси
Олдинги таҳрирга қаранг.
(Энергетика текширувлари ва экспертизалари ўтказиш фаолиятини лицензиялаш схемаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 1 мартдаги 96-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 9-сон, 105-модда)
Энергетика текширувлари ва экспертизалари
ўтказиш фаолиятини лицензиялаш
тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
ўтказиш фаолиятини лицензиялаш
тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
|
Т/р |
Методик ҳужжатнинг, амал қилинувчи норматив ҳужжатлар номи, лицензия талабгори тасарруфидаги фаолиятнинг тегишли тури учун қоида ва нормалар |
Ҳужжатнинг қўлланиш соҳаси |
Методик ҳужжатни тайёрловчи |
Методик ҳужжатни тасдиқлаган органнинг номи | ||||||||||
|
1 |
2 |
3 |
4 |
5 | ||||||||||
|
|
|
|
|
| ||||||||||
|
МАЛАКА БЎЙИЧА ТАЛАБЛАР | ||||||||||||||
|
Т/р |
Фамилияси, исми, отасининг исми |
Лавозими |
Маълумоти |
Ўқув юрти |
Дипломнинг тартиб рақами ва берилган санаси |
Ихтисоси |
Асосий ихтисослашув бўйича иш стажи | |||||||
|
1 |
2 |
3 |
4 |
5 |
6 |
7 |
8 | |||||||
|
|
|
|
|
|
|
|
| |||||||
|
МАХСУС ПРИБОРЛАР БИЛАН ЖИҲОЗЛАНГАНЛИК | ||||||||||||||
|
Т/р |
Приборнинг номи ва маркаси |
Нима мақсадда ишлатилиши |
Аниқлик класси |
Ишлаб чиқарган фирма |
«Ўзстандарт» агентлигида охирги текширув санаси |
Ўзиники |
Ижарага олинган | |||||||
|
1 |
2 |
3 |
4 |
5 |
6 |
7 |
8 | |||||||
|
|
|
|
|
|
|
|
| |||||||
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 21-сон, 215-модда; 2004 й., 9-сон, 105-модда; 2006 й., 20-21-сон, 181-модда, 46-47-сон, 458-модда; 2012 й., 6-сон, 57-модда, 44-сон, 507-модда)