Жиззах вилояти Жиззах тумани ҳокимининг
Қарори
Тумандаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли автомототранспорт воситалари ва уларга тиркамаларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 15-сон, 197-модда)нинг 17-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 1-2-сон, 17-модда) мувофиқ транспорт воситаларининг 2014 йилда мажбурий техник кўригини ташкил қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон, 320-модда) асосан қарор қиламан:
1. Туман ҳудудидаги барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган автомототранспорт воситалари ва уларга тиркамалар мажбурий техник кўрикдан ўтказилсин.
* 2-илова берилмайди.
3. Тумандаги барча транспорт воситалари эгалари бўлган юридик ва жисмоний шахсларга транспорт воситаларини техник паспорти билан биргаликда, ўз вақтида режа-жадвал асосида кўрикдан ўтказиш мажбурияти юклатилсин.
4. Транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилсин:
тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар — бир йилда икки марта;
ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари (мазкур банднинг иккинчи хатбошида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) — икки йилда бир марта;
ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари (мазкур банднинг иккинчи хатбошида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) — бир йилда бир марта;
тиркамалар кўрикка транспорт воситаси — шатакчи учун белгиланган муддатларда тақдим этилади.
5. Қарорнинг 4-банди иккинчи хатбошида кўрсатилган транспорт воситаларнинг техник кўриги:
биринчи марта — 1 март — 30 июнда;
иккинчи марта — 1 сентябрь — 31 октябрда ўтказилади.
Юридик шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 14 май — 30 июнда;
Жисмоний шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 14 майдан — 31 августга қадар ўтказилсин.
6. Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш туман комиссияси (Ф. Болтабоев)га:
транспорт воситаларининг техник ҳолати, улардан фойдаланиш нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан самарали назоратни ташкил этиш;
транспорт воситаларининг техник ҳолати ва ускуналари йўл ҳаракати хавфсизлиги стандартлари, қоидалари, нормаларига мувофиқлигини баҳолаш;
транспорт воситалари сонини, уларнинг ҳолатини, амалда мавжудлигини, тегишлилигини ва бошқа рўйхатдан ўтказиш маълумотларни аниқлаштириш;
йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш юзасидан профилактика ишларини ташкил этиш;
йўл ҳаракати ва транспорт воситаларидан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқни бузишлар ва жиноятларнинг олдини олишни аниқлаш ва барҳам бериш вазифаси юклатилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сон «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори 3-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлигининг ички ва соқчилик қўшинлари, Миллий хавфсизлик хизматининг ҳарбий бўлинмалари транспорт воситалари кўрсатиб ўтилган идоралар томонидан белгиланган тартибда мажбурий техник кўрикдан ўтказилиши инобатга олинсин.
8. Транспор воситалари техник кўрикдан ўтказилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ йиғим ундирилсин.
9. Туман ички ишлар бўлими (Б. Ишматов) мажбурий техник кўрик якуни тўғрисида туман ҳокимлигига ахборот тақдим этсин.
10. Қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман, ижросини ташкил этиш туман ички ишлар бўлими бошлиғи Б. Ишматов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким А. АБДУЛЛАЕВ
Жиззах т.,
2014 йил 13 май,
471-сон
Тумани ҳокимининг 2014 йил 13 майдаги 471-сонли қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Мажбурий техник кўрикдан ўтказиш бўйича туман комиссиясининг
ТАРКИБИ
| Т/р | Исми, фамилияси | Лавозими |
| 1. | Ф. Болтабоев | Жиззах туман ИИБ ЙҲХБ бошлиғи майор, комиссия раиси |
|
КОМИССИЯ АЪЗОЛАРИ: | ||
| 2. | И. Пиримқулов | Жиззах туман ИИБ ИҲХБ катта инспектори, кичик сержант |
| 3. | М. Баходиров | Жамоатчи ёрдамчи |
| 4. | Ж. Мусаев | Жиззах тумани мудофаа ишлари бўлими ходими |
| 5. | Н. Носирова | «Агробанк» ОАТБ Учтепа филиали касса ишлар бўлими кассири |
| 6. | А. Бобомуллаев | «Ўзавтодарётранс» агентлиги ҳудудий бўлим бош мутахассиси |