Қашқадарё вилояти Халқ депутатлари Муборак туман Кенгашининг
Қарори
Туман маҳаллий бюджетининг 2013 йилдаги ижроси ва 2014 йилги бюджет параметрларини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексининг 27-моддасига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2013 йил 12 декабрдаги СК-399-П-сонли «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджети тўғрисида»ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 декабрдаги ПҚ-2099-сонли «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарорига асосан Халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. Туман ҳокимлиги молия бўлими мудири Ғ. Турсуновнинг туман маҳаллий бюджетининг 2013 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. 2014 йилги туман маҳаллий бюджетининг даромадлар ва харажатлар параметрлари иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
3. Туман ҳокимининг ўринбосарлари:
туманда молиявий барқарорликни таъминлаш, аҳолининг даромадлари даражаси ва турмуш фаровонлигини ошириш ҳамда иқтисодиёт ва аҳоли даромадларига тушаётган солиқ юкини янада камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, янги корхоналар барпо этиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳисобига солиқ базасини кўпайтириш чораларини кўрсинлар;
ижтимоий соҳага йўналтириладиган бюджет харажатларини, шу жумладан таълимни ривожлантириш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш харажатларини янада кўпайтириш йўли билан аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш чораларини рўёбга чиқаришни давом эттирсинлар;
туманда ишлаб чиқарилаётган товарлар ва кўрсатилаётган хизматларнинг ички ҳамда ташқи бозорларда рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида иқтисодиётда янги юқори технологик корхоналар ва ишлаб чиқаришлар илдам ривожлантирилишини, ишлаб турган қувватларни модернизациялаш ва техник янгилаш жараёнларини тезлаштиришга қаратилган таркибий ўзгартиришлар дастурларини амалга оширишни, ишбилармонлик муҳитини ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий барқарорлиги давом эттирилишини таъминласинлар;
қишлоқ аҳолиси уй-жой шароитларини тубдан яхшилаш мақсадида қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида хусусий уй-жой қурилиши кўламини кенгайтириш ва сифатини ошириш бўйича чоралар кўрсинлар;
бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш ва биринчи навбатдаги харажатларни маҳаллий бюджетлардан ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштирилишини таъминлаш бўйича ишларни давом эттирсинлар;
бюджет маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағлардан мақсадли, манзилли ва самарали фойдаланилиши устидан қатъий назоратни ўрнатсинлар.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси (Ж. Шукуров) ҳамда туман ҳокимининг ўринбосари (Р. Полвонов) зиммасига юклатилсин.
7. Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
Халқ депутатлари Муборак туман Кенгашининг раиси П. АЛЛАҚУЛОВ
Муборак ш.,
2014 йил 17 январь,
IV/24-1-сон