Қашқадарё вилояти Муборак тумани ҳокимининг
Қарори
Туманда қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага ғамлаш ишларини ташкил қилишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгашининг 2021 йил 22 майдаги VI-23-2-4-0-K/21-сонли «Қашқадарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Туманда қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага ғамлаш (закладка) ишларини ташкил қилиш, ички истеъмол бозорида бу турдаги маҳсулотларнинг нарх-наволарини барқарорлигини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига асосан қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги 105-сонли «2011 — 2015 йиллар даврида мева-сабзавот маҳсулотлари сақлашнинг моддий техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 14-сон, 141-модда), 2013 йил 8 августдаги «2013/2014 йил қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш (закладка) ишларини ташкил қилиш бўйича амалга ошириладиган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 01-03-5-32-сонли ҳамда 2013 йил 22 августдаги «Республика ҳудудларида 2013/2014 йил қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини захирага жамғариш (закладка) ишларини тизимли ташкил қилиш ҳисобига аҳоли эҳтиёжини ва ички истеъмол бозорида озиқ-овқат хавфсизлигини ҳамда нарх-наволарни барқарор сақланишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 01-03/1-455-сонли мажлис баёни ва вилоят ҳокимининг 2013 йил 16 ноябрдаги «Вилоятда 2013/2014 йил қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага ғамлаш ишларини ташкил қилишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги Х-338/11-сонли қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Туманда қиш-баҳор мавсумида асосий қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ташкилотлар кесимида захирага ғамлаш топшириғи 1-иловага* мувофиқ давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан таъминлансин ва тадбиркорлик субъектларига тавсия этилсин.
3. Туманда қиш-баҳор мавсумида аҳоли таъминотида узилишларга йўл қўймаслик ва ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлаш мақсадида 1800 тонна асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага ғамлаш (закладка) ҳажмлари ва турлари бўйича белгиланган топшириқлар 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
4. Қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага ғамлаш (закладка) ишларини ташкил этиш бўйича 3-иловага* мувофиқ туман ишчи гуруҳи таркиби тасдиқлансин.
5. Туман ишчи гуруҳи мутасадди ташкилотлар билан биргаликда:
3 кун муддатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини ташкилотлар кесимида аниқлаб, бу ишга жалб қилинган тайёрловчи корхоналар рўйхати, манзили ҳамда маҳсулотлар сақланадиган омборлар ва совутиш камералари сиғимлари кўрсатилган манзилли рўйхатини тасдиқлаб, туман ҳокимлигига тақдим этиш;
бир ҳафта муддатда белгиланган миқдорда мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш бўйича фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари билан тайёрловчи корхоналар ўртасида шартномалар тузишни ташкил этиш ва талабга қараб аванс маблағлари ажратишни йўлга қўйиш;
3 кун муддатда асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг захирага қўйиш графигини ишлаб чиқиб, туман ҳокимлигига тақдим этиш ва ижроси юзасидан кунлик мониторинг ўрнатиш;
ҳар 10 кунда қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага ғамлаш топшириғини ташкилот ва корхоналар кесимида бажарилишини муҳокама қилиб борсинлар ва таҳлилий маълумотларни туман ҳокимлигига тақдим этилишини таъминлаш;
Қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага ғамлаш топшириғини туман ташкилотлари бўйича бажарилишини таъминлаш юзасидан назорат механизмини ўрнатиш учун 4, 5, 6-иловаларга* мувофиқ шаклларда таҳлилий маълумотларни белгиланган муддатларда туман ҳокимлигига ва Иқтисодиёт бўлимига тақдим этиб борилишини таъминлаш вазифалари юклатилсин.
* 1 — 6-иловалар берилмайди.
6. Туман тижорат банклари (О. Тўхтаев, Х. Тўрақулов, У. Қуйлиев, Ф. Саломов, Ў. Тўраев) 1 ҳафта муддатда тайёрловчи корхоналарнинг кредитга бўлган эҳтиёжини ўрганиб чиқиб, кредит ажратиш муддатлари кўрсатилган ҳолда чора-тадбирларни тайёрлаб туман ҳокимлигига тасдиқлаш учун тақдим этиш;
тайёрловчи корхоналар томонидан кредит ва нақд пул маблағларига тақдим этилган буюртмалар ва уларнинг ижроси юзасидан ҳар 10 кунда таҳлилий маълумотларни туман ҳокимлиги ва Иқтисодиёт бўлимига киритиб бориш;
захира тадбирларига жалб қилинган тайёрловчи корхоналар билан маҳсулот етиштирувчилар ўртасида тузилган шартномалар бўйича мақсадли кредит ресурслари ва нақд пул маблағларини ўз вақтида ажратилишини таъминлаш тавсия этилсин.
7. Туман Иқтисодиёт бўлими (А. Тўхтаев)га туманда қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини захирага ғамлаш топшириғининг амалдаги ижроси юзасидан таҳлилий маълумотларни ҳар 10 кунда, туман ҳокимлигига ҳамда Иқтисодиёт бошқармасига тақдим этиб борсин.
8. Туман тиббиёт бирлашмаси (Д. Шаймардонов) ва туман Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими (О. Бойниёзов) тасарруфидаги муассасаларида қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини арзон нархларда захирага ғамлаш бўйича барча зарурий чораларни кўрсинлар.
9. Туман ҳокимининг 2013 йил 10 сентябрдаги Х-562/09-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб топилсин.
10. Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
11. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари Р. Полвонов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким П. АЛЛАҚУЛОВ
Муборак ш.,
2014 йил 12 январь,
Х-32/01-сон