Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг
буйруғи
Маҳкумларни жазони ижро этиш муассасасига жўнатиш ҳамда уларни бир муассасадан бошқасига кўчириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 8 августда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2608]
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 15 июлдаги ПҚ-2003-сонли «Қонунларнинг ҳаволаки нормаларини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш режаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига асосан буюраман:
1. Маҳкумларни жазони ижро этиш муассасасига жўнатиш ҳамда уларни бир муассасадан бошқасига кўчириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2009 йил 20 июлдаги 93-сонли «Озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этилган шахсларни жазони ижро этиш муассасасига жўнатиш ва маҳкумни жазони ижро этувчи бир муассасадан бошқасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир А. АХМЕДБАЕВ
Тошкент ш.,
2014 йил 27 июль,
103-сон
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2014 йил 27 июлдаги 103-сонли буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Маҳкумларни жазони ижро этиш муассасасига жўнатиш ҳамда уларни бир муассасадан бошқасига кўчириш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Олдинги таҳрирга қаранг.
Мазкур Низом маҳкумларни жазони ижро этиш муассасасига жўнатиш ҳамда уларни бир муассасадан бошқасига кўчириш тартибини белгилайди.
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2026 йил 7 августдаги 420-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2608-3, 26.08.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.08.2026 й., 10/26/2608-3/0875-сон)
1-боб. Умумий қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2017 йил 19 декабрдаги 271-сонли (рўйхат рақами 2608-1, 22.12.2017 й.) буйруғи таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.12.2017 й., 10/17/2608-1/0444-сон)
2. Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар жазо муддатини жазони ижро этиш муассасаларида ўтайдилар.
Қасддан содир этилган оғир жинояти учун биринчи марта саккиз йилгача ва саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар алоҳида ҳолларда, маҳкумнинг ёзма розилиги бўлган тақдирда, муассаса бошлиғининг буйруғига биноан хўжалик хизматига оид ишларни бажариш учун жазо муддатини тергов ҳибсхонаси ёки турмада ўташи мумкин.
3. Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни жазо муддатини ўташ учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан бошқа давлатга жўнатиш, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини эса, бошқа давлатлардан қабул қилиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Маҳкумларни жазони ижро этиш муассасасига жўнатиш
4. Маҳкумлар жазо муддатини ўташ учун муассасаларга суднинг қонуний кучга кирган ҳукми ёки ажримига асосан жўнатилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар тергов ҳибсхонасининг маъмурияти ҳукм қонуний кучга кирганлиги тўғрисида суд хабарномасини олган кундан бошлаб ўн кунлик муддат ичида жазони ўташ учун жўнатилади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2017 йил 19 декабрдаги 271-сонли (рўйхат рақами 2608-1, 22.12.2017 й.) буйруғи таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.12.2017 й., 10/17/2608-1/0444-сон)
6. Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар суд ҳукми ёки ажримида назарда тутилган тартибдаги жазони ижро этиш колонияларига жўнатилади.
7. Манзил колонияларда жазо муддатини ўташга ҳукм қилинган маҳкумлардан ташқари, қуйидаги тоифадаги маҳкумлар жазо муддатини ўташ учун ихтисослаштирилган жазони ижро этиш муассасаларига жўнатилади:
вояга етмаганлар;
аёллар;
чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;
умрбод озодликдан маҳрум этилганлар;
ўта хавфли рецидивистлар;
суд ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг собиқ ходимлари;
турли юқумли касалликка чалинганлар;
суд томонидан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш белгиланган маҳкумлар.
3-боб. Маҳкумларни бир муассасадан бошқасига кўчириш
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс бутун жазо муддатини, одатда, битта муассасада ўтайди.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2017 йил 19 декабрдаги 271-сонли (рўйхат рақами 2608-1, 22.12.2017 й.) буйруғи таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.12.2017 й., 10/17/2608-1/0444-сон)
9. Маҳкумлар қуйидаги ҳолларда бир муассасадан бошқа шу турдаги муассасага кўчирилиши мумкин:
а) маҳкумнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, унинг розилигини олган ҳолда;
б) маҳкумнинг мазкур муассасада қолишига тўсқинлик қилувчи қуйидаги ҳолларда:
муассасанинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши муносабати билан;
бир жиноят иши бўйича судланувчи, гувоҳ ёки жабрланувчи бўлган маҳкумларни бир-биридан ажратиш мақсадида;
муассасада белгиланган кун тартибини мустаҳкамлаш ва жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида;
муассасада жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ўртасида юзага келган низони ҳал этишнинг бошқа чораси бўлмаганда;
Олдинги таҳрирга қаранг.
муассасада жазо муддатини ўтаётганлар орасида уюшган гуруҳ ташкил этиш ёки етакчилик қилишга мойиллиги мавжуд бўлган маҳкумларнинг муассасада ўрнатилган тезкор вазият барқарорлигига салбий таъсирини олдини олиш мақсадида;
(9-банд «б» кичик бандининг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2020 йил 28 сентябрдаги 270-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2608-2, 02.11.2020 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 02.11.2020 й., 10/20/2608-2/1457-сон)
маҳкум ёки қариндошларининг аризасига асосан;
суднинг ҳукм ёки ажримда назарда тутилган жазони ижро этиш тартибини ўзгартириш ҳақидаги қарорига асосан;
в) маҳкум касал бўлиб қолган тақдирда.
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Мазкур Низомнинг 9-банди «а» ва «б» кичик бандининг иккинчи — еттинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолатлардан бири юз берган тақдирда, маҳкумларни кўчириш учун асос бўлган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти (бундан буён матнда ЖИЭД деб юритилади) томонидан кўриб чиқилади.
Маҳкумларни кўчириш учун асос бўлган ҳужжатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича ЖИЭДнинг тегишли хизмати томонидан хулоса тузилади. Мазкур хулоса ЖИЭД бошлиғи ёки у бўлмаган тақдирда унинг биринчи ўринбосари томонидан тасдиқланади.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2026 йил 7 августдаги 420-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2608-3, 26.08.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.08.2026 й., 10/26/2608-3/0875-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Маҳкумни бир муассасадан бошқа шу турдаги муассасага кўчириш ЖИЭД бошлиғи ёки у бўлмаган тақдирда унинг биринчи ўринбосари томонидан тасдиқланган хулосага ёхуд суд қарорига асосан ЖИЭД Махсус ҳисоб бошқармаси тайёрлаган тақсимотга мувофиқ амалга оширилади.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2026 йил 7 августдаги 420-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2608-3, 26.08.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.08.2026 й., 10/26/2608-3/0875-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Маҳкумларни даволаш ҳуқуқи асосидаги колонияларга ва маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналарга ўтказиш соқчи, зарурат бўлганда, тиббий ходимлар кузатувида амалга оширилади. Маҳкум касал бўлиб қолган тақдирда, уни колониядан ёки турмадан даволаш ҳуқуқи асосидаги колонияга ёки маҳкумлар учун ихтисослашган касалхонага ўтказишга тиббий хулоса асосида йўл қўйилади.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2020 йил 28 сентябрдаги 270-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2608-2, 02.11.2020 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 02.11.2020 й., 10/20/2608-2/1457-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
13. Маҳкумнинг бир муассасадан бошқасига кўчирилганлиги тўғрисида жазони ижро этиш муассасасининг маъмурияти маҳкум етиб келган кундан бошлаб уч кунлик муддат ичида ҳукм чиқарган судни хабардор қилиши, шунингдек маҳкумнинг оиласига муассаса манзилини кўрсатиб ҳамда маҳкумнинг ёзишма олиб бориш, учрашув, посилка, йўқлов ва бандероллар олиш, масофали видео-учрашув ёки телефон орқали сўзлашув ҳуқуқларини тушунтириб, хабарнома юбориши шарт.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2026 йил 7 августдаги 420-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2608-3, 26.08.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.08.2026 й., 10/26/2608-3/0875-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. Даволаш ҳуқуқи асосидаги колонияда ёки маҳкумлар учун ихтисослашган касалхонада даволаш курслари тугаган ҳамда даволанишни давом эттиришга муҳтож бўлмаган маҳкумлар тиббий хулоса асосида илгари жазо муддатини ўтаган муассасаларига қайтарилади.
(14-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2020 йил 28 сентябрдаги 270-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2608-2, 02.11.2020 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 02.11.2020 й., 10/20/2608-2/1457-сон)
Даволанишни давом эттиришга муҳтож бўлган маҳкумлар тиббий хулоса асосида даволаш муассасаси ҳуқуқига эга бўлган тегишли муассасаларга юборилади.
15. Муассасалар томонидан маҳкумларни кўчириш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларида (рўйхат рақами 2495, 2013 йил 29 июль) белгиланган тартибда амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
16. Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган ва даволаниш учун тергов ҳибсхоналаридан тўғридан-тўғри даволаш ҳуқуқи асосидаги колонияларга ва маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналарга юборилган маҳкумлар даволаш курси тугагандан сўнг, мазкур Низомнинг 2-бобида белгиланган тартибда тегишли муассасаларга жўнатилади.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2020 йил 28 сентябрдаги 270-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2608-2, 02.11.2020 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 02.11.2020 й., 10/20/2608-2/1457-сон)
17. Жазо муддатининг муайян қисмини турмада ўташга ҳукм қилинган шахслар мазкур муддат тугаганидан сўнг, суд ҳукми ёки ажримида назарда тутилган тартибдаги жазони ижро этиш колониясига жўнатилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
18. Қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган асосларга мувофиқ маҳкумни жазони ижро этишнинг бир тартибли колониясидан бошқа тартибли колониясига, турмадан колонияга ва колониядан турмага ўтказиш жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг тақдимномасига биноан, шунингдек маҳкумнинг ёки унинг ҳимоячисининг илтимосномасига кўра судья томонидан амалга оширилади. Бунда маҳкум бир муассасадан бошқасига ушбу бобда белгиланган тартибда кўчирилади.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 33-сон, 424-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.12.2017 й., 10/17/2608-1/0444-сон; 02.11.2020 й., 10/20/2608-2/1457-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 27.08.2026 й., 10/26/2608-3/0875-сон)