Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ПАХТА ХОМ АШЁСИ ЕТИШТИРИШДА БОЗОР ПРИНЦИПЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ВА УНИ ЕТИШТИРИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Пахта етиштириш ва харид қилиш амалиётига бозор принциплари ва механизмларини кенг жорий этиш, пахта етиштирувчи ширкатлар ва фермер хўжаликларини рағбатлантиришни кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилансинки, 2003 йил мавсумидан бошлаб, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари билан тайёрлов ташкилотлари ўртасида тузиладиган контрактация шартномалари пахта хом ашёси етиштириш ва харид қилиш ҳажмини белгилашнинг негизи ҳисобланади.
Жорий йилга пахта етиштиришнинг прогноз ҳажмлари умуман республика ва минтақалар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг тузилган контрактация шартномаларини умумлаштириш асосидаги таклифларига мувофиқ белгиланади.
2. Белгилаб қўйилсинки, етиштирилган пахта хом ашёси учун узил-кесил ҳисоб-китоблар хом ашёдан пахта толаси чиқиши ва унинг сифати ҳамда жаҳон бозорида шаклланаётган пахта толаси нархи конъюнктураси ҳисобга олинган ҳолда пахтани пахта толасига қайта ишлаш натижалари бўйича амалга оширилади.
Пахта хом ашёси етиштирувчилар билан жорий ҳисоб-китоблар жаҳон пахта бозоридаги конъюнктурадан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилган ягона харид нархлари асосида амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги, «Ўзпахтасаноат» уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, бошқа манфаатдор идоралар ва тузилмалар билан биргаликда бир ой муддатда янги низомни ишлаб чиқсинлар ва белгиланган тартибда тасдиқласинлар, унда пахта етиштиришнинг прогноз ҳажмларини, пахта хом ашёсига харид нархларини ва пахта толасига улгуржи нархларни, пахта етиштиришни кўпайтириш юзасидан ширкатлар ва фермер хўжаликларини рағбатлантиришнинг амалий механизми жорий этилишини таъминлайдиган пахта етиштирувчи хўжаликларни маблағ билан таъминлаш тизимини белгилаш механизми белгилансин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда бир ҳафта муддатда контрактация шартномалари тузиш якунларини умумлаштирсинлар ва Вазирлар Маҳкамасига 2003 йилда пахта хом ашёси етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида таклифлар киритсинлар. Бунда аниқ минтақаларнинг ер-сув ресурслари ҳолати ҳисобга олинган ҳолда чигитнинг районлаштирилган ва истиқболли навларини оқилона жойлаштириш назарда тутилсин.
5. 2003 йилда:
давлат эҳтиёжлари учун пахта толаси харид қилиш ҳажми пахта толасини амалда ишлаб чиқариш ҳажмининг 50 фоизи даражасида;
Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 31 октябрдаги 421-сон, 2001 йил 2 майдаги 201-сон ва 2001 йил 26 ноябрдаги 461-сон қарорларига мувофиқ Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё тараққиёт банки иштирокида лойиҳалар амалга оширилаётган туманлар ва қишлоқ хўжалиги корхоналари учун пахта толаси харид қилишнинг белгиланган тартиби ва принциплари;
пахта хом ашёси учун унинг сифат кўрсаткичлари ҳисобга олинган ҳолда ҳисоб-китоб қилиш тартиби ва селекция навлари учун харид нархларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 26 декабрдаги 501-сон қарори билан тасдиқланган тузатиш коэффициентлари сақлаб қолинсин.
6. Пахта хом ашёси етиштиришни кўпайтириш учун пахта етиштирувчи қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари) ва фермер хўжаликларини рағбатлантириш мақсадида белгиланган прогноз ҳажмлардан ортиқча етиштирилган пахта хом ашёси учун жорий ҳисоб-китоб ягона харид нархларидан 20 фоиз ортиқ бўлган нархлар бўйича амалга оширилиши белгилансин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги «Ўзпахтасаноат» уюшмаси билан биргаликда кўрсатиб ўтилган харажатларни қоплаш учун бюджетдан ташқари, нодавлат манбаларни қидириб топсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Белгилансинки, пахта етиштирувчи хўжаликлар томонидан амалда сотилган пахтадан ишлаб чиқарилган ўсимлик мойининг 50 фоизи ва кунжара ва пахта шулхасининг 70 фоизи улар ихтиёрида қолади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзпахтасаноат» уюшмаси билан биргаликда 2003 йил ҳосилига Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пахта нархини шакллантириш механизми тўғрисида» 2002 йил 20 августдаги ПФ-3114-сон Фармонига қатъий мувофиқ белгиланадиган пахта хом ашёсига харид нархларини ҳисобга олган ҳолда аванс берсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси И.Ҳ. Жўрабеков ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.С. Юсупов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 19 февраль,
93-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й.,4-сон, 34-модда; 2007 й., 9-10-сон, 84-модда; 2008 й., 17-сон, 130-модда; Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 й., 2-сон, 78-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.05.2018 й., 09/18/350/1206-сон)