Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Грузия Ҳукумати ўртасида
Битим
Геодезия, картография ва геоахборот соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Грузия Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталадилар,
геодезия, картография ва ёндош фанлар ҳамда технологиялар соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга интилишиб,
куйидагилар тўғрисида аҳдлашадилар:
1-модда
Ушбу Битим доирасидаги ҳамкорлик Томонларнинг тегишли ташкилотларини жалб қилган ҳолда амалга оширилади ва куйидаги шаклларга эга бўлиши мумкин:
а) топография - геодезия ва картография ҳамда геоахборот ишларини амалга ошириш;
б) хариталар, атласлар босиб чиқариш ва босма маҳсулотларнинг бошқа турлари бўйича матбаа хизматлари кўрсатиш;
в) жой, геоахборот тизимлари тўғрисидаги рақамли маълумотлар банкларини яратиш методологиясини ишлаб чиқиш;
г) Томонлар давлатлари ҳудудлари географик ўрганилганлигига тааллуқли ахборотларни айирбошлаш ҳамда географик хариталарнинг маъмурий-ҳудудий бўлинишдаги, географик объектларнинг номларидаги ўзгаришлар, йўл тармоқларининг ривожланиши ҳамда бошқа элементлар билан боғлиқ мазмунини янгилаш;
д) бошқа илмий-техник ва ишлаб чиқариш ахборотларини айирбошлаш;
е) тажриба-конструкторлик ишларини биргаликда бажариш;
ж) топография-геодезия, ер тузиш, картография ташкилотлари ҳамда геодезия, картография ва геоахборот соҳасида кадрлар тайёрлашни амалга оширувчи ўқув юртлари ўртасида иш тажрибаларини айирбошлаш;
з) геодезия ва картография ҳамда геоахборот мутахассисларини ўқитиш ҳамда уларнинг тажриба ўрганишларини амалга ошириш.
Бундай ҳамкорликнинг аниқ мақсадлари, вазифалари ва шартлари Томонларнинг геодезия, картография ва геоахборот хизматларини бажарувчи ташкилотлари томонидан давлат бошқаруви тегишли органлари билан келишилган ҳолда аниқланади.
Ҳамкорлик дастурларини амалга ошириш мақсадида Томонлар. ўз амалдаги ички қонунчилик ҳужжатларига ҳамда Томонлар томонидан тузилган идоралараро шартномалар (битимлар)га мувофиқ, зарур хом ашёлар, асбоб-ускуналар, аслаҳа-анжомлар ва тайёр маҳсулотларнинг давлат чегараси орқали ўтишини имкони борича осонлаштириш чора-тадбирларини кўрадилар.
2-модда
Томонлар 1996 йил мобайнида топография-геодезия ва картография ва аэрокосмик материалларни уларнинг ҳудудий тегишлилиги бўйича, 1992 йилнинг 1 январидаги ҳолатига кўра, бепул асосда ўзаро айирбошлашни (ўтказишни) амалга оширадилар.
3-модда
1-моддада қайд этилган шартномаларда ҳамкорликни, шу жумладан ахборот айирбошлашни амалга ошира боришиб, Томонлар ўз ички қонунчиликларига, шунингдек ушбу масала бўйича икки ва кўп томонлама аҳдлашувларга мувофиқ, Томонларнинг давлат хавфсизлиги манфаатларини ҳамда давлат сирлари муҳофазасини таъминлаш масалаларини ўзаро ҳисобга оладилар.
4-модда
Томонлар тегишли икки томонлама шартномалар тузилгунга қадар босиб чиқариладиган хариталарда Томонлар давлатлари давлат чегаралари ҳолатига бирор-бир ўзгартириш киритишдан ўзларини тиядилар.
5-модда
Ушбу Битим доирасидаги ҳамкорлик Томонларнинг ўзаро келишувига кўра, шу жумладан компенсация ва тижорат асосларида амалга ошириладиган геодезия, картография ва геоахборот соҳасидаги ихтисослаштирилган алоқаларнинг бошқа шаклларига тўсқинлик қилмайди.
6-модда
Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва беш йил мобайнида амалда бўлади. Агар Томонларнинг бирортаси ҳам мазкур Битимнинг амалда бўлишини тўхтатиш тўғрисидаги ўз нияти ҳақида ушбу давр ўтгунга қадар олти ой олдин ёзма шаклда маълум қилмаса, унинг амалда бўлиш муддати кейинги беш йиллик даврларга ўз-ўзидан узаяверади.
1996 йил 28 майда Тбилиси шаҳрида, икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, грузин ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
Битим матнини талқин этишда рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)