Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Грузия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Эркин савдо тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Грузия Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталадилар,
Ўзбекистон Республикаси ва Грузия Республикаси ўртасида тенглик ва ўзаро манфаатдорлик асосида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга интилиб,
ҳар қайси давлатнинг ташқи иқтисодий фаолиятни мустақил равишда амалга оширишдаги суверен ҳуқуқидан келиб чиқиб,
ўзаро манфаатли ва кооперация алоқалари ва ҳамкорликни ривожлантириш асосида Ўзбекистон Республикаси ва Грузия Республикаси иқтисодий потенциалини оширишга кўмаклашиш мақсадида,
ўзаро иқтисодий ҳамкорликни эркин ривожлантиришга ўзларининг содиқликларини тасдиқлаб,
товарларни ва хизматлар кўрсатишни эркин айирбошлаш ўзаро келишилган чора-тадбирлар амалга оширишни талаб қилишини эътироф этиб,
Ўзбекистон Республикаси ва Грузия Республикаси тарифлар ва савдо бўйича Бош Битим (ТСББ) ҳамда Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) принципларига содиқ эканликларини тасдиқлаб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар бир-бирларига эркин савдо тартибини яратадилар.
Аҳдлашувчи Томонлар Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг божхона ҳудудидан келиб чиққан ва бошқа Аҳдлашувчи томоннинг божхона ҳудуди учун мўлжалланган товарлар экспортига ва/ёки импортига нисбатан эквивалент кучга эга бўлган божхона божлари, солиқлар ва йиғимларни, шунингдек миқдорий чеклашларни қўлламайдилар. Товарларнинг келишилган турлари бўйича мазкур савдо тартибидан чиқаришлар ушбу Битимнинг узвий қисми ҳисобланадиган ҳужжатлар билан расмийлаштирилади.
2. Ушбу модданинг 1-бандига мувофиқ Аҳдлашувчи Томонлар эркин савдо тартибидан чиқаришларнинг умумий рўйхатини, шунингдек бундай чиқаришларни қўлланиш усулларини ҳар йили ишлаб чиқадилар ва келишиб оладилар.
3. Ушбу Битим мақсадлари учун ва унинг амалда бўлиш даврида Аҳдлашувчи Томонлар ҳудудидан келиб чиққан товарлар деганда 1993 йил 24 сентябрда товарлар тегишли бўлган мамлакатларни аниқлаш Қоидалари билан аниқланган, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукумат Бошлиқлари Кенгашининг қарори билан тасдиқланган товарлар тушунилади.
2-модда
Хар қайси Аҳдлашувчи Томон:
бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ушбу Битим таъсирига кирувчи товарларидан шунга ўхшаш ички ишлаб чиқариш товарларидан ёки учинчи мамлакатлардан келиб чиққан ана шундай товарлардан олинадиган тегишли солиқлар ва йиғимлардан ортиқ миқдорда бевосита ёки билвосита ички солиқлар ва йиғимлар олишни;
ушбу Битим таъсирига кирувчи товарлар импорти ёки экспортига нисбатан худди шундай вазиятда шунга ўхшаш ички ишлаб чиқариш товарлари ёки учинчи мамлакатлардан келиб чиққан товарларга нисбатан қўлланилмайдиган бирон-бир махсус чеклашлар ёки талабларни жорий этишни;
бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига тегишли товарларни тўплаш, юклаш, сақлаш, ташишга, шунингдек тўловларга ва тўловни жўнатишга нисбатан шундай ҳолларда ўз товарларига ёки учинчи мамлакатлардан келиб чиққан товарларга нисбатан қўлланадиган қоидаларни қўлланишни амалга оширмайдилар.
3-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро савдода бошқа Аҳдлашувчи Томонга нисбатан камситувчи чора-тадбирлар кўришдан, ушбу Битим доирасида товарлар экспорти ва/ёки импортига миқдорий чеклашлар ёки уларга эквивалент бўлган чора-тадбирлар кўришдан тийиладилар.
Аҳдлашувчи Томонлар бир томонлама тартибда, лекин фақат оқилона доирада ва қатъий муайян муддатга миқдорий ёки бошқа махсус чеклашлар белгилашлари мумкин.
Мазкур чеклашлар мутлақ тусга эга бўлиши керак ва фақат ТСББ-ЖСТ доирасида битимларда назарда тутилган ҳоллардагина қўлланиши мумкин.
Ушбу моддага мувофиқ чеклашни қўлланувчи Аҳдлашувчи Томон, имкониятга қараб, эслатиб ўтилган чеклашларни жорий этишнинг асосий сабаблари, шакллари ва мўлжалланаётган муддатлари тўғрисида тўлиқ ахборотни бошқа Аҳдлашувчи Томонга ўз вақтида тақдим этиши керак, шундан кейин маслаҳатлашувлар тайинланади.
4-модда
Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлардан исталганининг ташқи иқтисодий алоқалар соҳасида давлат томонидан бошқаришнинг ўз ҳаётий манфаатларини ҳимоя қилиш учун ўзи зарур деб ҳисоблайдиган ёки ўзи қатнашчиси бўлган ёки қатнашчиси бўлишни мўлжаллаётган халқаро шартномаларни бажариш учун сўзсиз зарур бўлган, халқаро амалиётда умумий равишда қабул қилинган чора-тадбирларни, агар бу чора-тадбирлар қуйидагиларга тааллуқли бўлса, бир томонлама тартибда кўриш ҳуқуқига тўсқинлик қилмайди:
одамлар ҳаёти ва саломатлигини, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ҳайвонлар ва ўсимликларни қўриқлаш;
жамоат ахлоқи ва жамоат тартибини ҳимоялаш;
миллий хавфсизликни таъминлаш;
қурол-яроғлар, ўқ-дорилар ва ҳарбий техника билан савдо қилиш;
парчаланувчи материалларни ва радиоактив моддаларни етказиб бериш, радиоактив чиқиндиларни фойдаланиладиган қилиш;
олтин, кумуш ёки бошқа қимматбаҳо металлар ва тошлар билан савдо қилиш;
ўрнини тўлдириб бўлмайдиган табиий ресурсларни сақлаш;
тўлов балансини бузиш;
давлатнинг қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга ошириш натижасида ички нархлари жаҳон нархларидан паст бўлган маҳсулотларни экспорт қилишни чеклаш;
саноат ва интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш;
миллий мулк бўлган бойликларни қўриқлаш;
ҳарбий ҳаракатлар вақтида ёки халқаро муносабатлардаги бошқа фавқулодда ҳолатларда қўлланиладиган чора-тадбирлар;
халқаро тинчликни ва хавфсизликни сақлаш учун БМТ Устави асосида мажбуриятларни бажаришга доир хатти-ҳаракатлар.
Бундай чора-тадбирларни ушбу моддага мувофиқ қўлланадиган Аҳдлашувчи Томон, имкониятга қараб, эслатиб ўтилган чеклашларни жорий этишнинг асосий сабаблари, шакллари ва мўлжалланаётган муддатлари тўғрисида тўлиқ ахборотни бошқа Аҳдлашувчи Томонга ўз вақтида тақдим этиши керак, шундан кейин маслаҳатлашувлар тайинланади.
5-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар алоҳида банклараро битим билан келишиб олинади.
6-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ташқи иқтисодий алоқаларни, шу жумладан, савдо, инвестициялар, солиқ солиш, банк ва суғурта фаолияти ҳамда бошқа хизматлар масалалари, транспорт ва божхона, шу жумладан, Аҳдлашувчи Томонларга тааллуқли бўлган божхона статистикаси масалалари бўйича ички ҳуқуқий тартибга солиб бориш тўғрисида мунтазам асосда ахборотлар айирбошлайдилар.
Аҳдлашувчи Томонлар миллий қонунчиликдаги ушбу Битимнинг бажарилишига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ўзгаришлар тўғрисида бир-бирларини зудлик билан хабардор қилиб турадилар.
Аҳдлашувчи Томонларнинг вакил қилинган органлари бундай ахборотни айирбошлаш тартибини келишиб оладилар.
Ушбу модданинг қоидалари:
исталган Аҳдлашувчи Томоннинг тўла ҳуқуқли органини қонунчилик бўйича ёки Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг одатдаги маъмурий амалиёти давомида олиш мумкин бўлмаган ахборотни тақдим этишга;
савдо, тадбиркорлик, саноат, тижорат ёки касб-кор бўйича бирор-бир сирни ошкор қилувчи ахборотни тақдим этишга мажбур қилувчи сифатида талқин этилмайди.
7-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ноҳалол иш амалиётини ушбу Битим мақсадларига номувофиқ деб эътироф этадилар ҳамда унинг қуйидаги усулларига йўл қўймаслик ва уларни бартараф қилиш мажбуриятини оладилар.
Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ҳудудларида рақобатга халақит бериш ёки унинг учун шарт-шароитларни бузиш мақсадларини кўзлаган корхоналар ўртасидаги шартномалар, корхоналар бирлашмалари қабул қилган қарорлар ва иш амалиётининг умумий усуллари;
бир ёки бир неча корхонанинг Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг бутун ҳудудида ёки унинг анчагина қисмида рақобатни чеклаган ҳолда ўзларининг устунлик мавқеини ўрнатишда фойдаланиладиган хатти-ҳаракатлари.
8-модда
Икки томонлама иқтисодий муносабатларни тариф ва нотариф бўйича тартибга солишни амалга оширишда статистика ахборотини айирбошлаш, божхона расмий маросимларини ўтказиш учун Аҳдлашувчи Томонлар товарларни тавсифлаш ва кодлаштиришнинг уйғунлаштирилган тизимига ҳамда Европа иқтисодий ҳамжамиятининг комбинациялашган тариф-статистика номенклатурасига асосланган Ташқи иқтисодий сиёсатнинг ягона тўққиз белгили Товар номенклатурасидан фойдаланадилар. Бунда ўз эҳтиёжлари учун Аҳдлашувчи Томонлар зарурат бўлганда Товар номенклатурасини тўққиз белгидан чиққан ҳолда ривожлантиришни амалга оширадилар.
Товар номенклатурасининг эталон нусхасини жорий этиш ўзаро келишиш асосида, тегишли халқаро ташкилотлардаги мавжуд ваколатхоналар орқали амалга оширилади.
9-модда
Аҳдлашувчи Томонлар шунга розидирларки, транзит эркинлиги принципларига риоя этиш ушбу Битимнинг мақсадларига эришишнинг энг муҳим шарти ҳамда уларни халқаро меҳнат тақсимоти ва кооперациялаш тизимига киритиш жараёнининг муҳим элементи ҳисобланади.
Шу муносабат билан ҳар қайси Аҳдлашувчи Томон бошқа давлат Аҳдлашувчи Томоннинг ва/ёки учинчи мамлакатларнинг божхона ҳудудларидан келиб чиқадиган ҳамда бошқа давлат Аҳдлашувчи Томоннинг ёки исталган учинчи мамлакатнинг божхона ҳудуди учун мўлжалланган товарларнинг ўз давлати ҳудуди орқали тўсиқсиз транзит қилинишини таъминлайди ва экспортчиларга, импортчиларга ёки ташувчиларга транзитни таъминлаш учун барча мавжуд ва зарур бўлган воситалар ҳамда хизматларни худди шу воситалар ва хизматларни ўз экспортчиларига, импортчиларига ёки ташувчиларига ёхуд исталган учинчи давлатнинг экспортчилари, импортчилари ёки ташувчиларига беришдагидек ёмон бўлмаган шартларда беради.
Юкларнинг Аҳдлашаётган Томонлар давлатларининг ҳудуди бўйлаб ўтиш тартиби ва шартлари ташувларнинг халқаро қоидаларига мувофиқ тартибга солиб борилади.
10-модда
Ҳар қайси Аҳдлашувчи Томон товарларнинг санкциясиз қайта экспорт қилинишига йўл қўймайди, ушбу товарлар келиб чиққан бошқа Аҳдлашувчи Томон уларнинг экспорт қилинишига нисбатан давлат томонидан тартибга солиш чора-тадбирларини қўлланади. Аҳдлашувчи Томонлар санкциясиз қайта экспорт қилиш тақиқланадиган товарлар рўйхатини белгилайдилар, шунингдек давлат томонидан тартибга солиш чора-тадбирлари қўлланадиган товарлар рўйхатларини айирбошлайдилар.
Бундай товарларни учинчи мамлакатларга қайта экспорт қилиш фақат ёзма розилик билан ва мазкур товарлар келиб чиққан мамлакат ҳисобланадиган давлатнинг вакил қилинган органи белгилайдиган шартлар бўйича амалга оширилади.
11-модда
Учинчи мамлакатларга нисбатан экспорт назоратининг келишилган сиёсатини ўтказиш мақсадида Аҳдлашувчи Томонлар экспорт назоратининг самарали тизимини яратиш учун мунтазам равишда маслаҳатлашувлар ўтказиб турадилар ва ўзаро келишилган чора-тадбирлар кўрадилар.
12-модда
Ушбу Битимдаги ҳеч нарса исталган Аҳдлашувчи Томоннинг учинчи мамлакатлар билан муносабатлар ўрнатишига, мазкур Аҳдлашувчи Томон (агар шу муносабатлар ва мажбуриятлар мазкур Битим қоидалари ва мақсадларига зид бўлмаса) қатнашчиси бўлган ёки қатнашчиси бўладиган бирор-бир бошқа халқаро битимга мувофиқ ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришга монелик қилмайди.
13-модда
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда ёки қўлланишда Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида пайдо бўладиган келишмовчиликлар музокаралар йўли билан ҳал этилади.
Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро савдода можароли вазиятларга йўл қўймасликка интиладилар.
Аҳдлашувчи Томонлар белгилайдиларки, тижорат контрактлари ва битишувларини талқин этиш ёки бажариш натижасида иккала давлатнинг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасида пайдо бўладиган даъво ва келишмовчиликлар, агар уларни маслаҳатлашувлар ва музокаралар асосида келишув йўли билан ҳал этиб бўлмаса, ва бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, улар Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳудудларида ёҳуд контрактни имзолаган Томонлар белгилаган учинчи давлатлар ҳудудида тузиладиган ҳакамлик судларининг (доимий ёки «abhoc») мутлақ ҳуқуқ доирасига тегишли бўлади.
Ҳар қайси Аҳдлашувчи Томон ўз давлати ҳудудида миллий қонунчилик ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ҳакамлик қарорларини эътироф этиш ва бажариш бўйича самарали воситалар мавжуд бўлишини таъминлайди.
14-модда
Мазкур Битим мақсадларини амалга ошириш ва иккала мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни такомиллаштиришга оид тавсияномаларни ишлаб чиқиш учун Аҳдлашаётган Томонлар қўшма Ўзбекистон-Грузия комиссияси таъсис этишга розилик билдирдилар.
15-модда
Аҳдлашаётган Томонлар шунга розилик билдирдиларки, бир-бирларининг давлатлари ҳудудларида Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири ўзларининг миллий қонунчиликларига мувофиқ савдо-иқтисодий ваколатхоналари очишлари мумкин.
16-модда
Зарур бўлган ҳолларда мазкур Битимга Аҳдлашувчи Томонларнинг розилигига кўра ўзгартиришлар ёки қўшимчалар киритилиши мумкин.
17-модда
Ушбу Битим унинг бажарилиши учун зарур бўлган барча расмиятчиликларни Аҳдлашувчи Томонлар амалга оширганлиги тўғрисида охирги ёзма билдириш айирбошланган санадан бошлаб кучга киради.
Битим Аҳдлашувчи Томонлардан бири унинг амалда бўлишини тўхтатиш истаги тўғрисидаги ёзма билдиришни тақдим этган санадан бошлаб ўн икки ой ўтгач ўз кучини йўқотади.
Ушбу Битимнинг амалда бўлиши тўхтатилган тақдирда унинг қоидалари иккала Аҳдлашувчи Томоннинг хўжалик фаолияти субъектлари ўртасида тузилган, бироқ амалда бўлган даврда бажарилмаган контрактларга нисбатан улар тўлиқ бажарилгунга қадар, бироқ кўпи билан беш йил қўлланилади.
Битим 1995 йил 4 сентябрда, Тошкент шаҳрида, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, грузин ва рус тилларда тузилди, барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Мазкур Битим мақсадларини талқин қилиш учун рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Грузия Республикаси Ҳукумати ўртасида 1995 йил 4 сентябрда тузилган эркин савдо тўғрисидаги Битимга эркин савдо режимидан чиқариш ҳақида
ПРОТОКОЛ
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Грузия Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталади,
Куйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
1-модда
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Грузия Республикаси Ҳукумати ўртасида 1995 йил 4 сентябрда тузилган эркин савдо тўғрисидаги Битимнинг (кейинги ўринларда «Эркин савдо тўғрисидаги битим» деб аталади) 1-моддасида назарда тутилган чиқаришлар қуйидагиларга тааллуқлидир:
1. Ўзбекистон Республикасининг экспорт тарифи тўғрисидаги қонунчилик, шунингдек товарлар Ўзбекистон Республикасидан Грузия Республикасига, Грузия Республикасидан Ўзбекистон Республикасига экспорт/импорт қилинаётганда божхонада расмийлаштириш пайтида амалда бўлган товарлар (ишлар/ва хизматлар) экспорти ва импортини лицензиялаш ва квоталаш ҳақидаги қонунчилик таъсирига тушувчи товарларга (ушбу Протоколни имзолаш пайтида экспорт ва импортни нотарифли тартибга солиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 25 июлдаги 287-сон қарори (1, 3, 4, 5, 6, 7, 8, 9-иловалар) билан тасдиқланган экспорт тарифлар ва чеклашлар амал қилади).
2. Грузия Республикасининг экспорт тарифи тўғрисидаги қонунчилиги, шунингдек товарлар Грузия Республикасидан Ўзбекистон Республикасига, Ўзбекистон Республикасидан Грузия Республикасига экспорт/импорт қилинаётганда божхонада расмийлаштириш пайтида амалда бўлган товарлар (ишлар ва хизматлар) экспорти ва импортини лицензиялаш ва квоталаш ҳақидаги қонунчилик таъсирига тушувчи товарларга (ушбу Протоколни имзолаш пайтида экспорт ва импортни нотарифли тартибга солиш соҳасида Грузия Республикаси Ҳукуматининг 1995 йил 10 августдаги 475-сон қарори билан белгиланган экспорт тарифлар ва чеклашлар амал қилади).
Аҳдлашувчи Томонлар юқорида кўрсатиб ўтилган масалалар бўйича ички қонунчиликдаги барча ўзгаришлар ҳақида бир-бирларига дарҳол маълум қиладилар.
2-модда
Мазкур Протоколнинг 1-моддасига мувофиқ экспортнинг тарифли ва нотарифли чеклашлари қўлланиладиган товарларга нисбатан Аҳдлашувчи Томонлар бир-бирларига:
божхона пошлиналари ва йиғимларига, бундай пошлина ва йиғимларни ундириб олишга, товарлар экспорти билан боғлиқ бўлган иш тартиби ва қоидаларга, уларни божхонада расмийлаштириш, транзит, омборда жойлаштириш ва қайта юклашга тегишли бўлган иш тартиби ва қоидалар ҳам шу жумлага киради;
экспорт қилинаётган товарлар билан тўғридан-тўғри ёки билвосита боғлиқ бўлган солиқларга ва ҳар қандай турдаги бошқа ички йиғимларга;
товарларни ички бозорда сотиш, харид қилиш, транспортда ташиш, тақсимлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларига;
лицензиялар беришга тегишли бўлганда энг кўп қулайлик режими берадилар.
3-модда
Мазкур Протоколнинг 2-моддаси қоидалари Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири томонидан:
божхона иттифоқи ёки эркин савдо зонаси ташкил этиш мақсадида ёхуд бундай иттифоқ ёки зона ташкил этилиши натижасида учинчи мамлакатларга;
халқаро битимлар асосида ривожланаётган мамлакатларга;
чегарадаги савдони енгиллаштириш мақсадида қўшни мамлакатларга бериладиган афзаллик ва имтиёзларга нисбатан қўлланилмайди.
4-модда
Ушбу Протокол эркин савдо тўғрисидаги Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
5-модда
Ушбу Протокол эркин савдо тўғрисидаги Битим кучга кирган санадан бошлаб кучга киради ва эркин савдо тўғрисидаги Битимнинг 1-моддасида назарда тутилган янги Протокол кучга киргунга қадар амал қилади.
1995 йил 4 сентябрда, Тошкент шаҳрида ҳар бири ўзбек, грузин ва рус тилларида, икки нусхада тузилди, барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Ушбу Протоколни талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)