Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар ҳокимининг
Қарори
Шаҳар ҳудудидаги барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган автомототранспорт воситаларини 2014 йилда мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят кенгашининг 2021 йил 6 июлдаги VI-29-26-8-0-K/21-сонли «Сурхондарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 8 июлдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда 2014 йилда шаҳар ҳудудидаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган автомототранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказишни уюшқоқлик билан, сифатли ташкил этилишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига асосланиб қарор қиламан:
1. Шаҳардаги барча юридик ва жисмоний шахсларга, шу жумладан хорижий юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган ва белгиланган тартибда давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларида рўйхатдан ўтказилган транспорт воситалари мажбурий техник кўрикдан ўтказилиши таъминлансин.
2. Шаҳардаги автобуслар, микроавтобуслар, автомобиллар, мотоцикллар ва тиркама уламаларни (кейинги ўринларда матнда «транспорт воситалари» деб юритилади) давлат техник кўригидан ўтказиш шаҳар ИИБ ЙҲХБ (Н. Хайдаров) ва шаҳар Мудофаа ишлари бўлими (Ш. Суюнов)лар зиммасига юклатилсин.
3. Техник кўрикдан ўтказишда:
мулкчилик шакли ва сиғимидан қатъи назар, йўловчи ташиш билан шуғулланувчи транспорт воситаларининг мажбурий техник кўриги:
биринчи марта 1 мартдан 30 июнгача;
иккинчи марта 1 сентябрдан 31 октябргача ўтказилиши ташкиллаштирилсин;
шаҳардаги юридик шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 мартдан 30 июнгача техник кўрикдан ўтказилсин;
шаҳар фуқароларига тегишли бўлган барча турдаги, шахсий транспорт воситалари 1 январдан 31 августга қадар техник кўрикдан ўтказилсин.
4. Юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт воситалари техник кўрик учун муддатидан олдин белгиланган тартибга риоя қилинган ҳолда тақдим қилиниши мумкин.
5. Техник кўрикдан ўтказишда:
барча транспорт воситаларининг техник ҳолатини текширишда уларни тайёрлаган завод кўрсатмаларига асосан ишлатиш қоида қўлланмаларига ҳар бир ҳаракатланиш қисмини талабга жавоб бериши;
корхона ва ташкилотлар раҳбарларидан йўл ҳаракати қоидаларида кўрсатилганидек транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқловчи шартларга асосан техник соз ҳолда таъминланишини;
махсус машиналар, ҳаракатланувчи таъмирлаш ва тузатиш устахоналарининг жиҳозланганлигига алоҳида эътибор қаратиш топширилсин.
6. 2014 йил давомида техник кўрикни уюшқоқлик билан, сифатли ўтказиш мақсадида, шаҳар комиссияси тузилсин. Комиссия аъзоларининг таркиби 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
7. Шаҳар ИИБ ЙҲХБ (Н. Хайдаров)га ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасаларда транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказилиши бўйича 2-иловага* асосан тасдиқланган режа жадвални ташкилотлар раҳбарларига етказиш ҳамда ўз вақтида бажарилишини таъминласин.
* 1-2-иловалар берилмайди.
Техник кўрикни ўтказиш шарти бўйича тегишли тартибда шаҳар ҳокимлиги йиғилиши муҳокамасига киритиш топширилсин.
8. Шаҳар ИИБ ЙҲХБ (Н. Хайдаров), Термиз шаҳар «Автомотоҳаваскор» жамияти (Ж. Асатуллаев), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 2 августдаги 156-сон «Ўзбекистон Республикаси автомототранспорт воситаларини ва шаҳар электр транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини бериш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида»ги қарорига асосан йўловчилар ташиш билан шуғулланувчи транспорт воситалари ҳайдовчиларини бир йилда бир марта йўл ҳаракати қоидалари ва йўл ҳаракати хавфсизлиги фанидан 30 соатлик дастур асосида машғулот ўтишлари учун шарт-шароитлар яратган ҳолда тўлиқ жалб этилишини таъминласинлар.
9. Шаҳардаги ҳар бир ташкилот, корхона ва муассаса раҳбарлари ҳамда шахсий автомашина эгаларига:
автотранспорт воситаларини техник паспорти билан биргаликда техник кўрикдан ўтказиш, уларнинг техник жиҳатдан созлигини таъминлаш ва ўз вақтида режа-жадвал асосида кўрикдан ўтказиш;
корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига алоҳида тартиб ўрнатиш ва халқ хўжалиги ҳисобида бўлган ишга яроқсиз, тикланмайдиган ва ишлатилмайдиган машиналарни ҳисобдан чиқариш чораларини техник кўрикка қадар кўриб чиқиш тавсия этилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сон «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорининг 3-банди талабларидан келиб чиқиб, шаҳар мудофаа ишлари бўлими, ички ишлар бўлими транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўз юқори ташкилотларининг қарори ва режаси асосида амалга ошириши назарда тутилсин.
11. Шаҳарда мотоцикллар, тиркама-уламалар, ҳамда шахсий транспорт воситаларидан тушадиган мажбурий суғурта бадалини ундириш суғурта ташкилотлари раҳбарлари зиммасига юклатилсин.
12. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари П. Усанов зиммасига юклатилсин.
13. Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан кучга киради.
Ҳоким А. САЛОҲИТДИНОВ
Термиз ш.,
2014 йил 10 февраль,
104-сон