Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Грузия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Халқаро автомобиль қатнови тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Грузия Республикаси Ҳукумати, қуйида «Томонлар» деб аталадилар,
иккала мамлакат ўртасида автомобилда йўловчи ва юк ташишни ҳамда уларнинг ҳудудлари орқали транзит қатновини ўзаро ҳамжиҳатлик асосида ривожлантиришни истаб, шунингдек бундай қатновни енгиллаштириш истагини билдириб,
қуйидагилар ҳақида келишиб олдилар:
1-модда
Мазкур Битимга мувофиқ иккала мамлакат ўртасида ва уларнинг ҳудудлари орқали, халқаро автомобиль қатнови учун очиқ бўлган йўллар орқали Ўзбекистон Республикасида ёки Грузия Республикасида рўйхатга олинган автотранспорт воситаларида йўловчиларни, шу жумладан туристлар ҳамда юкларни мунтазам ва номунтазам равишда ташиш амалга оширилади.
Йўловчиларни ташиш
2-модда
1. Йўловчиларни автобусларда мунтазам ташиш Томонларнинг ваколатли органлари ўртасидаги келишув бўйича ташкил қилинади.
2. Бундай ташишларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлар Томонларнинг ваколатли органлари томонидан барвақт бир-бирларига етказилади. Ана шу таклифларда йўловчи ёки юк ташувчининг номи, бораётган йўналиши, ҳаракат жадвали, тарифи, йўловчи ташувчи йўловчиларни оладиган ва туширадиган жойларнинг номи, шунингдек йўловчи ташиш мўлжалланаётган давр ва унинг мунтазамлиги ҳақидаги маълумотлар бўлиши керак.
3-модда
1. Иккала мамлакат ҳудуди орқали йўловчиларни транзит ташиш рухсатномаларсиз амалга оширилади.
2. Иккала мамлакат ўртасида йўловчиларни номунтазам ташиш чоғида, шунингдек носоз автотранспорт воситасини бошқасига алмаштириш чоғида рухсатномалар талаб қилинмайди.
Юкларни ташиш
4-модда
1. Юкларни учинчи мамлакатларга (МДҲ мамлакатларидан ташқари) транзит ташиб ўтиш Томонлар ўртасида келишиб олинган квоталар доирасида Томонларнинг ваколатли органлари берадиган рухсатномалар асосида автотранспорт воситалари ёрдамида амалга оширилади.
2. Иккала мамлакат ўртасида юкларни ташишга рухсатнома талаб қилинмайди.
5-модда
1. Ушбу Битимнинг 4-моддасида кўрсатилган рухсатномалар қуйидаги юкларни ташишда талаб этилмайди:
а) ярмарка ва кўргазмаларга мўлжалланган экспонатлар, ускуналар ва материаллар;
б) спорт тадбирларини ўтказиш учун мўлжалланган транспорт воситалари, ҳайвонлар, шунингдек турли анжомлар ва мулклар;
в) кинога олиш, радиоэшиттириш ва телевизион кўрсатувлар учун мўлжалланган театр декорациялари ва реквизитлари, мусиқа асбоблари, ускуналар ва анжомлар;
г) вафот этганларнинг жасадлари ва ҳоклари;
д) почта;
е) шикастланган автотранспорт воситалари;
ж) кўчиб кетиш чоғида кўчириб бўладиган мулк;
з) табиий офатлар рўй берган ҳолларда ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган юклар;
и) инсонийлик ёрдами кўрсатиш учун мўлжалланган юклар.
Техникавий ёрдам автомобилларининг ўтиши учун ҳам рухсатнома талаб қилинмайди.
2. Ушбу модданинг 1-бандидаги «а», «б», «в» кичик бандларида кўзда тутилган истиснолар, агарда юк автотранспорт воситаси рўйхатга олинган мамлакатга қайтадиган, ёки юк учинчи мамлакат ҳудудига ташиб ўтиладиган бўлсагина, амал қилади.
6-модда
Юк ташувчи Томонларнинг ваколатли органлари бир-бирларига берадиган махсус рухсатномалар асосида юкларни бошқа Томон давлати ҳудудидан учинчи мамлакат ҳудудига, шунингдек учинчи мамлакат ҳудудидан бошқа Томон давлати ҳудудига ташиб ўтиш ҳуқуқига эгадир.
7-модда
1. Хавфли юкларни Томонлардан бирининг автотранспортида бошқа Томон давлати ҳудуди бўйлаб ташиш иккинчи Томоннинг ваколатли органи берадиган махсус рухсатномалар бўйича амалга оширилади.
2. Юк ортилган ёки бўш транспорт воситасининг вазни ва габарити иккинчи Томон давлатининг миллий қонунларида белгиланган доиралардан ошиб кетган тақдирда юк ташувчи мазкур Томоннинг ваколатли органларидан махсус рухсатнома олиши лозим.
3. Битим ушбу моддасининг 1 ва 2-бандларида кўрсатилган рухсатномаларда юк ташишнинг муайян йўналишлари белгилаб қўйилган бўлса, юклар ана шу йўналишлар бўйича ташилади.
8-модда
Ушбу Битимда кўзда тутилган юкларни ташиш шакли ҳамма томонидан қабул қилинган халқаро нусхага мос келиши лозим бўлган (юк хати) накладнойлар бўйича амалга оширилиши керак.
9-модда
Томонлардан бирининг йўловчи ва юк ташувчилари иккинчи Томон давлатининг ҳудуди орқали йўловчилар ва юкларни мазкур Битим асосида ташийдилар. Ана шундай ташиш ишларини бажарувчи автотранспорт воситалари рухсатномалар мавжуд бўлган тақдирда, квоталарга мувофиқ, йўллардан фойдаланиш ёки уларни сақлаш билан боғлиқ солиқлар ва йиғимлардан озод қилинади, пул тўланмайдиган муқобил йўл мавжуд бўлганда пулли йўллар ва кўприклардан фойдаланганлик учун олинадиган йиғимлар бундан мустаснодир.
10-модда
Халқаро йўловчи ва юк ташувчи автотранспорт воситалари ўз мамлакатининг рўйхати ва фарқловчи белгисига эга бўлиши керак. Прицеплар ва ярим прицеплар, агарда юк автомобиллари ёки шатакчи автомобиллари Ўзбекистон Республикасининг ёки Грузия Республикасининг рўйхати ва фарқловчи белгиларига эга бўлган тақдирда бошқа мамлакатларнинг рўйхати ва фарқлаш белгиларига эга бўлиши мумкин.
11-модда
Йўловчи ва юк ташувчига бошқа Томон давлатининг ҳудудида жойлашган икки манзил ўртасида йўловчилар ва юкларни ташишга рухсат берилмайди.
12-модда
Мазкур Битим асосида йўловчилар ва юкларни ташиш фуқаролик масъулияти мажбурий суғурта қилинган тақдирдагина амалга оширилади. Йўловчи ва юк ташувчи шундай ташиш ишларини бажарадиган ҳар бир автотранспорт воситасини барвақт суғурталаб қўйиши шарт.
13-модда
1. Ушбу Битим қоидалари бузилган ҳолларда автотранспорт воситаси рўйхатга олинган Томоннинг ваколатли органлари ҳудудида қоидабузарлик содир бўлган бошқа, Томон ваколатли органларининг илтимосига биноан, амалдаги қонунлардан қатъи назар қуйидаги чора-тадбирлардан бирини бажаришлари шарт:
а) йўловчи ва юк ташувчини огоҳлантиришлари;
б) йўловчи ва юк ташувчини огоҳлантириш билан бирга қоидабузарлик такрорланган тақдирда йўловчи ва юк ташишга берилган рухсатнома муайян муддатга бекор қилиниши ёки ушбу модданинг «в» кичик бандига мувофиқ мутлақо бекор қилинишини баён этишлари;
в) мазкур Битим асосида берилган рухсатномани муайян муддатга бекор қилишлари ёки мутлақо бекор қилишлари зарур.
2. Томонларнинг ваколати органлари кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида бир-бирларини хабардор қиладилар.
14-модда
Чегара, божхона ва санитария назоратига нисбатан ҳар иккала Томон қатнашчиси бўлган халқаро Битимларнинг қоидалари қўлланилади, ана шу битимлар билан тартибга солинмаган масалаларни ҳал этиш чоғида эса ҳар бир Томон давлатининг ички қонунлари қўлланилади.
15-модда
Оғир беморларни ташиш, йўловчиларни автобусларда мунтазам ташиш, шунингдек ҳайвонларни ва тез бузиладиган юкларни ташиш чоғида чегара, божхона ва санитария назорати навбатдан ташқари амалга оширилади.
16-модда
1. Ушбу Битим асосида йўловчи ва юкларни ташиш чоғида иккинчи Томон давлати ҳудудига олиб келинадиган қуйидаги маҳсулот ва буюмлар божхона йиғимларидан, бож ҳақи ва рухсатномалардан ўзаро озод қилинади:
а) автотранспорт воситасининг ҳар бир модели учун кўзда тутилган, технология ва конструкция жиҳатидан моторнинг таъминот тизими билан боғлиқ бўлган идишлардаги мавжуд ёнилғи.
Бу қоида машиналарни тайёрлаган завод томонидан фақат автомобилларга ва шатакчи автомобилларга ўрнатилган идишлардаги ёнилғига, шунингдек прицеплар ва ярим прицепларда ўрнатилган ҳамда рефрижераторларнинг музлатгич қурилмалари ишлаши учун мўлжалланган идишлардаги ёнилғигагина тааллуқлидир;
б) ташиш вақтида истеъмол қилиш учун зарур бўлган миқдордаги мойлаш материаллари;
в) халқаро ташиш ишларини бажарувчи автотранспорт воситасини тузатиш учун мўлжалланган эҳтиёт қисмлар ва асбоблар.
2. Фойдаланилмаган эҳтиёт қисмлар қайтариб олиб кетилиши, алмаштирилган эҳтиёт қисмлар эса мамлакатдан олиб кетилиши ёхуд тегишли Томон давлати ҳудудида белгиланган тартибда топширилиши лозим.
17-модда
1. Автобус ёки юк автомобилининг ҳайдовчиси миллий ёки халқаро нусхадаги ҳайдовчилик ҳуқуқини берадиган гувоҳномаларга, у бошқараётган автотранспорт воситасига мувофиқ бўлган тоифаларга ҳамда автотранспорт воситаларининг миллий рўйхатга олиш ҳужжатларига эга бўлиши зарур.
2. Миллий ёки халқаро нусхадаги ҳайдовчилик ҳуқуқини берадиган гувоҳномалар йўл ҳаракати тўғрисидаги халқаро Конвенцияда белгиланган нусхага мос келиши керак.
3. Мазкур Битим қоидаларига мувофиқ талаб этиладиган рухсатнома ва бошқа ҳужжатлар қайси автотранспорт воситасига тааллуқли бўлса ўшанда туриши ҳамда назорат қилувчи ваколатли органларнинг талабига биноан тақдим этилиши лозим.
18-модда
Ушбу Битим доирасида амалга ошириладиган тўловлар Томонлар ўртасида тўлов куни амалда бўлган тўловлар тўғрисидаги битимларга мувофиқ бажарилади.
19-модда
Томонлардан бирининг давлати ҳудудида рўйхатга олинган транспорт воситаларининг юк ташувчиси ва экипажлари автотранспорт воситаси қайси мамлакат ҳудудида бўлса ўша мамлакатнинг йўл ҳаракати қоидаларига ва қонунларига риоя этишлари шарт.
20-модда
Ушбу Битим билан ҳамда иккала Томон қатнашчиси бўлган халқаро шартномалар билан тартибга солинмаган масалалар ҳар бир Томон давлатининг ички қонунларига мувофиқ ҳал этилади.
21-модда
Томонлар мазкур Битимни талқин этиш ва қўлланиш муносабати билан юзага келиши мумкин бўлган барча масалаларни музокаралар олиб бориш ва маслаҳатлашувлар йўли билан, шунингдек иккала Томон вакилларидан иборат аралаш комиссияни тузиш йўли билан ҳал қиладилар.
22-модда
Мазкур Битим Томонларнинг улар тузган бошқа халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
23-модда
1. Ушбу Битим унинг кучга кириши учун зарур бўлган қонуний тадбирлар ҳар бир мамлакатда бажарилгани тўғрисида Томонлар бир-бирларини дипломатик йўллар орқали хабардор қилган кундан бошлаб 30 кун ўтгандан кейин кучга киради.
2. Мазкур битим чекланмаган муддатга тузилган бўлиб, Томонлардан бири унинг амал қилишини тўхтатиш истагини дипломатик йўллар орқали иккинчи Томонга хабар қилган кундан бошлаб то 90 кун ўтгунга қадар ўз кучини сақлаб қолади.
Битим 1995 йил 4 сентябрда, Тошкент шаҳрида ҳар бири ўзбек, грузин ва рус тилларида, икки асл нусхада тузилди, матнларнинг ҳаммаси бир хил кучга эгадир.
Мазкур Битимни талқин этиш мақсадлари учун рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)