Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар ҳокимининг
Қарори
Термиз шаҳрининг 2014 йилга бюджет параметрларини тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 декабрдаги ПҚ-2099-сонли «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ҳамда Сурхондарё вилоят ҳокимининг ушбу мазмунда 2013 йил 31 декабрдаги 246-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 99-моддаси, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий Давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига асосланиб қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 декабрдаги ПҚ-2099-сонли «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ҳамда вилоят ҳокимининг 2013 йил 31 декабрдаги 246-сонли қарорлари маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
2. 2014 йил учун:
Термиз шаҳар маҳаллий бюджети асосий параметрлари 1-иловага* мувофиқ;
Термиз шаҳар маҳаллий бюджетининг даромадлар ва харажатлар ҳажмлари, мақсадли субвенцияларнинг ва ўтказиб бериладиган даромадларнинг чекланган миқдорлари 2-иловага* мувофиқ;
Термиз шаҳар маҳаллий бюджетига умумдавлат солиқлар тушумларидан ажратмалар нормативлари 3-иловага* мувофиқ;
Термиз шаҳар маҳаллий бюджети айланма касса маблағининг йўл қўйиладиган энг кам миқдорлари 4-иловага* мувофиқ;
Термиз шаҳар маҳаллий солиқлар ва йиғимлар ставкалари 5-иловага* мувофиқ;
Термиз шаҳар савдо ва умумий овқатланиш корхоналарига, шунингдек шу соҳага тегишли микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкалари 6-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1 — 6-иловалар берилмайди.
3. Шаҳар ҳокимлиги молия бўлими (Б. Худойберганов)га:
солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни уларнинг манбалари кесимида тўлиқ ва ўз вақтида тушиши устидан тўлиқ ва сифатли мониторинг амалга ошириш;
шаҳар маҳаллий бюджетининг ижро этилиши жараёнида унга тушумларни кўпайтириш бўйича қўшимча захираларни аниқлашда фаол иштирок этиш;
шаҳар маҳаллий бюджетининг маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан қаттиқ назоратни амалга ошириш;
маҳаллий бюджет ижросининг бюджет ҳисобини юритиш ва шаҳар ҳокимлигига ҳар чорак якуни билан бюджет ижроси бўйича ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этиш;
маҳаллий бюджет ижроси жараёнида ҳудудидан тушадиган барча солиқ ва тўловларнинг тўлиқ тушишини таъминлаш мақсадида шаҳарга бериладиган мақсадли субвенциялар (даромадлар ва харажатлар ўртасидаги вақтинчалик касса тафовутларини қоплаш учун) ҳажмига ўзаро ҳисоб-китоблар орқали аниқлик киритиб бориш топширилсин.
4. Шаҳар ҳудудидаги барча бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар:
муддати ўтган дебиторлик ва кредиторлик қарзларга йўл қўймаслик мақсадида тегишли ҳужжатларни судларга, ғазначилик бўлинмаларига ўз вақтида тақдим этсин;
шартномавий мажбуриятларнинг бажарилишини ўз вақтида, тўлиқ таъминласин.
5. Шаҳар маҳаллий бюджетининг харажатларига ва харажатлари ёйилмасига ўзгартиришлар киритиш Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексида белгиланган тартибда амалга оширилсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш шаҳар ҳокимининг ўринбосари П. Тошпўлатов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким А. САЛОҲИТДИНОВ
Термиз ш.,
2014 йил 14 январь,
15-сон