Сурхондарё вилояти халқ депутатлари Термиз тумани Кенгашининг
Қарори
Термиз туманининг 2013 йил маҳаллий бюджети ижроси ҳамда 2014 йил маҳаллий бюджети асосий кўрсаткичлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2013 йил 12 декабрдаги СҚ-399-II-сонли «Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Давлат бюджети тўғрисида»ги қарорининг ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунига асосан халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ушбу қарори билан Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджети, бюджет тақчиллигининг энг юқори даражаси ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 1,0 фоиз миқдори белгиланлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Термиз туманининг 2014 йил маҳаллий бюджети 2014 йилги даромадлари 14274,4 млн сўм, харажатлари 40050,3 млн сўм ва республика бюджетидан олинадиган мақсадли субвенциялар 25775,9 млн сўм миқдорида 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1-2-иловалар берилмайди.
3. Туман ҳокимининг ўринбосари Я. Қаршиев раҳбарлигида:
туманда молиявий барқарорликни таъминлаш, аҳолининг даромадлари даражаси ва турмуш фаровонлигини ошириш ҳамда иқтисодиёт ва аҳоли даромадларига тушаётган солиқ юкини янада камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, янги корхоналар барпо этиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳисобига солиқ базасини кўпайтириш чораларини кўрсинлар;
ижтимоий соҳага йўналтириладиган бюджет харажатларини, шу жумладан таълимни ривожлантириш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш харажатларини янада кўпайтириш йўли билан аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш чораларини рўёбга чиқаришни давом эттирсинлар;
туманда ишлаб чиқарилаётган товарлар ва кўрсатилаётган хизматларнинг ички ҳамда ташқи бозорларда рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида иқтисодиётда янги юқори технологик корхоналар ва ишлаб чиқаришлар илдам ривожлантирилишини, ишлаб турган қувватларни модернизациялаш ва техник янгилаш жараёнларини тезлаштиришга қаратилган таркибий ўзгартиришлар дастурларини амалга оширишни, ишбилармонлик муҳитини ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий барқарорлиги давом эттирилишини таъминласинлар;
қишлоқ аҳолиси уй-жой шароитларини тубдан яхшилаш мақсадида қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида хусусий уй-жой қурилиши кўламини кенгайтириш ва сифатини ошириш бўйича чоралар кўрсинлар;
бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш ва биринчи навбатдаги харажатларни маҳаллий бюджетлардан ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштирилишини таъминлаш бўйича ишларни давом эттирсинлар;
бюджет маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағлардан мақсадли, манзилли ва самарали фойдаланилиши устидан қатъий назоратни ўрнатсинлар.
4. Туман маҳаллий бюджетининг 2014 йилга белгиланган асосий кўрсаткичларини туман бюджетидан маблағ олувчи бюджет ташкилотлари бўйича тақсимланган бюджетни тасдиқлаш ҳамда уларга ўзгартиришлар киритиш «Бюджет тизими тўғрисида»ги Қонуни талаби асосида амалга оширилади.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси (З. Сагизов) ҳамда туман ҳокимининг ўринбосари (Я. Қаршиев)ларга топширилсин.
Халқ депутатлари Термиз тумани Кенгаши раиси Б. ХОЛНАЗАРОВ
Термиз т.,
2013 йил 30 декабрь,
4-22/110-сон