Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумaни ҳокимининг
Қарори
Қумқўрғон туманида аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини ташкил қилишни такомиллаштириш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят кенгашининг 2021 йил 6 июлдаги VI-29-26-8-0-K/21-сонли «Сурхондарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 8 июлдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 январдаги 4-сон «Республика аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда вилоят ҳокимининг 2013 йил 29 ноябрдаги 220-сон қарори ижросини таъминлаш, туманда ободонлаштириш ишларини ташкил этиш ва бошқаришни янада такомиллаштириш, шунингдек маҳаллий бюджетлар харажатларини мақбуллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига асосан қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 январдаги 4-сон «Республика аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда вилоят ҳокимининг ушбу мазмундаги 2013 йил 29 ноябрдаги 220-сон қарори маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
* 1-2-иловалар берилмайди.
3. Қуйидагилар:
кўчалар, хиёбонлар, ёдгорлик мажмуалари ва умумий фойдаланиладиган бошқа зоналарни кўкаламзорлаштириш, дов-дарахтларни парвариш қилиш бўйича агротехника тадбирларини ўтказиш, уларнинг зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш;
йўл-кўприк хўжалигини (кўчалар, йўлаклар қатнов қисмининг йўл қопламаси, бекат кўтармалари, ер ости ўтиш жойлари, кўприклар, транспорт чорраҳалари ва йўл ўтказгичлар, ён бордюрлар, сув чиқариб юбориш тармоқлари ва бошқа сунъий иншоотлар) сақлаш, мукаммал ва жорий таъмирлаш;
хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини сақлаш, мукаммал ва жорий таъмирлаш;
дренаж хўжалигини (вертикал ва горизонтал қудуқлар, очиқ ва ёпиқ коллекторлар, сунъий ҳавзалар, ер ости ва ёмғир сувларини ҳайдайдиган насос станциялари) ва фаввораларни сақлаш, мукаммал, жорий таъмирлаш ва улардан фойдаланиш бўйича бошқа ишлар;
электр энергиясини тежаш мақсадида замонавий асбоб-ускуналар ва технологияларни жорий этган ҳолда йўллар ва кўчаларнинг ташқи ёритиш тармоқларини сақлаш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича бошқа ишлар;
назоратсиз, шу жумладан эгасиз итлар, мушуклар ва йиртқич ҳайвонларни ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда тутиш ва давлат ветеринария бўлимларига олиб келиш;
экология меъёрларига, санитария қоидаларига ҳамда бошқа меъёрлар ва қоидаларга мувофиқ дафн этиш жойлари (қабристонлар) ва қабр устига ўрнатилган ёдгорликларни сақлаш ва улардан фойдаланиш;
мавсумий талабларни ҳисобга олган ҳолда ободонлаштириш объектларини санитария жиҳатидан тозалаш ишлари туман ободонлаштириш бошқармасининг асосий вазифалари этиб белгилансин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари И. Айтемиров зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Ж. МАМАТМЎМИНОВ
Қумқўрғон т.,
2013 йил 5 декабрь,
922-сон