Сурхондарё вилояти Олтинсой тумaни хокимининг
Қарори
Туман ҳудудидаги барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларини 2014 йилда мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят кенгашининг 2021 йил 6 июлдаги VI-29-26-8-0-K/21-сонли «Сурхондарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 8 июлдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сон «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори ҳамда вилоят ҳокимининг 2014 йил 3 январдаги 03-05/2-сон йиғилиш баёнига асосан туман ҳудудидаги барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларини 2014 йилда мажбурий техник кўрикдан ўтказиш мақсадида қарор қиламан:
1. Вилоят ҳокимининг 2014 йил 3 январдаги 03-05/2-сонли йиғилиш баёни маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Туман ҳудудидаги барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган ва белгиланган тартибда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ) органларидан рўйхатдан ўтказилган транспорт воситалари 2014 йилда мажбурий техник кўрикдан ўтказилсин.
3. Транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилиши белгилаб қўйилсин:
а) тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар, микроавтобуслар ва ўриндиқ жойлари сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва улардаги тиркамалар — бир йилда икки марта;
б) ишлаб чиқарилганига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) — икки йилда бир марта;
в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) — бир йилда бир марта;
г) тиркамалар кўрикка транспорт воситаси — шатакли транспорт воситалари учун белгиланган муддатларда тақдим этиш.
4. 2014 йил давлат техник кўригини уюшқоқлик билан сифатли ўтказиш, шунингдек техник кўрик ўтказиш комиссияси таркиби 1-иловага*:
транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш жадвали 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1-2-иловалар берилмайди.
5. Туман ИИБ ЙҲХГ (И. Мажаков) ва туман Мудофаа ишлар бўйича бўлимига:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сонли «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорининг 5-банди «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларининг техник кўриги:
биринчи марта — 1 мартдан — 30 июнгача;
иккинчи марта — 1 сентябрдан — 31 октябргача.
Юридик шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги:
1 мартдан — 30 июнгача.
Жисмоний шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги:
1 январдан — 31 августгача ўтказилсин;
давлат техник кўригини сифатли ва белгиланган муддатларда ўтказиш учун муҳандис ходимлар ва мутахассислар билан биргаликда ҳайдовчи номзодларни тайёрловчи ўқув ташкилотлари ҳамда туман Мудофаа ишлари бўйича бўлимининг ходимларини иштирок этилиши таъминлансин;
ўтказилган техник кўрик натижалари бўйича ҳар ой якуни билан юқори ташкилотларга ёзма равишда маълумотномалар киритилсин ҳамда туман ҳокимлиги ҳузуридаги ҳаракат хавфсизлиги комиссия йиғилишларида муҳокама этиб бориш вазифалари юклатилсин.
6. Туман ҳокимининг 2013 йил 28 февралдаги 123-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари Б. Абдурайимов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Х. САМАТОВ
Олтинсой т.,
2014 йил 11 март,
117-сон