Сурхондарё вилояти Музработ тумaни ҳокимининг
Қарори
Туман ҳудудидаги барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган автомототранспорт воситаларини 2014 йилда мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят кенгашининг 2021 йил 6 июлдаги VI-29-26-8-0-K/21-сонли «Сурхондарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 8 июлдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сон «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда 2014 йилда туман ҳудудидаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган автомототранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказишни уюшқоқлик билан, сифатли ташкил этилишини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
1. Тумандаги барча юридик ва жисмоний шахсларга, шу жумладан хорижий юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган ва белгиланган тартибда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларида рўйхатдан ўтказилган транспорт воситалари мажбурий техник кўрикдан ўтказилиши таъминлансин.
2. Тумандаги автобуслар, микроавтобуслар, автомобиллар, мотоцикллар ва тиркама уламаларни (кейинги ўринларда матнда «транспорт воситалари» деб юритилади) давлат техник кўригидан ўтказиш туман ИИБ ЙҲХГ (И. Хуррамов) ва туман Мудофаа ишлари бўлими (Б. Неъматов) лар зиммасига юклатилсин.
3. Техник кўрикдан ўтказишда:
мулкчилик шакли ва сиғимидан қатъи назар, йўловчи ташиш билан шуғулланувчи транспорт воситаларининг мажбурий техник кўриги:
биринчи марта 1 мартдан 30 июнгача, иккинчи марта 1 сентябрдан 31 октябргача ўтказилиши ташкиллаштирилсин;
тумандаги юридик шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 мартдан 30 июнгача техник кўрикдан ўтказилсин;
туман фуқароларига тегишли бўлган барча турдаги, шахсий транспорт воситалари 1 январдан 31 августга қадар техник кўрикдан ўтказилсин.
4. Юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт воситалари техник кўрик учун муддатидан олдин белгиланган тартибга риоя қилинган холда тақдим қилиниши мумкин.
5. Техник кўрикдан ўтказишда:
барча транспорт воситаларининг техник ҳолатини текширишда уларни тайёрлаган завод кўрсатмаларига асосан ишлатиш қоида қўлланмаларига ҳар бир ҳаракатланиш қисмини талабга жавоб бериши;
корхона ва ташкилотлар раҳбарларидан йўл ҳаракати қоидаларида кўрсатилганидек транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқловчи шартларга асосан техник соз холда таъминланишини;
махсус машиналар, ҳаракатланувчи таъмирлаш ва тузатиш устахоналарининг жиҳозланганлигига алоҳида эътибор қаратиш топширилсин.
6. 2014 йил давомида техник кўрикни уюшқоқлик билан, сифатли ўтказиш мақсадида, туман комиссияси тузилсин. Комиссия аъзоларининг таркиби 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
7. Туман ИИБ ЙҲХГ (И. Хуррамов) га ҳар бир корхона ташкилот ва муассасаларда транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказилиши бўйича 2 иловага* асосан тасдиқланган режа жадвални ташкилотлар раҳбарларига етказиш ҳамда ўз вақтида бажарилишини таъминлаш.
* 1-2-иловалар берилмайди.
Техник кўрикни ўтказиш шарти бўйича тегишли тартибда туман ҳокимлиги йиғилиши муҳокамасига киритиш топширилсин.
8. Туман ИИБ ЙҲХХГ (И. Хуррамов), Туман «Автомотохаваскор» жамияти (А. Хамраев), Ўзбекистон мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти (Б. Холиқов), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 2 августдаги 156-сонли «Ўзбекистон Республикаси автомототранспорт воситаларини ва шаҳар электр транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини бериш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида»ги қарорига асосан йўловчилар ташиш билан шуғулланувчи транспорт воситалари ҳайдовчиларини бир йилда бир марта йўл ҳаракати қоидалари ва йўл ҳаракати хавфсизлиги фанидан 30 соатлик дастур асосида машғулот ўтишлари учун шарт-шароитлар яратган ҳолда тўлиқ жалб этилишини таъминласинлар.
9. Тумандаги ҳар бир ташкилот, корхона ва муассаса раҳбарлари ҳамда шахсий автомашина эгаларига:
Автотранспорт воситаларини техник паспорти билан биргаликда техник кўрикдан ўтказиш, уларнинг техник жиҳатдан созлигини таъминлаш ва ўз вақтида режа жадвал асосида кўрикдан ўтказиш;
корхона ташкилот ва муассасалар раҳбарларига алоҳида тартиб ўрнатиш ва халқ хўжалиги ҳисобида бўлган ишга яроқсиз, тикланмайдиган ва ишлатилмайдиган машиналарни ҳисобдан чиқариш чораларини техник кўрикка қадар кўриб чиқиш тавсия этилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сонли «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорининг 3-банди талабларидан келиб чиқиб, туман мудофаа ишлари бўлими, ички ишлар бўлими транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўз юқори ташкилотларининг қарори ва режаси асосида амалга ошириши назарда тутилсин.
11. Туманда мотоцикллар, тиркама-уламалар, ҳамда шахсий транспорт воситаларидан тушадиган мажбурий суғурта бадалини ундириш суғурта ташкилотлари раҳбарлари зиммасига юклатилсин.
12. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ў. Тўраев зиммасига юклатилсин.
13. Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан кучга киради.
Ҳоким в.в.б. Ў. ТЎРАЕВ
Музработ т.,
2014 йил 30 январь,
75-сон