Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Чехия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Савдо-иқтисодий ва фан-техника соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Чехия Республикаси Ҳукумати, қуйида «Аҳдлашувчи Томонлар», деб аталиб,
савдо-иқтисодий алоқаларни ва фан-техника ҳамкорлигини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш истагига асосланиб,
иккала давлат ўртасида тенг ҳуқуқ ва ўзаро фойда принципларига асосланиб, савдо муносабатларини кенгайтиришни мақсад қилиб,
Ўзбекистон Республикаси ва Чехия Республикаси сиёсий ва иқтисодий системаларидаги чуқур ўзгаришларни ҳисобга олиб,
иккала давлатнинг иқтисодиётларини дунё хўжалигига босқичма-босқич олиб киришга интилиб,
халқаро ҳуқуққа асосланиб ва иккала давлатнинг амалдаги қонунчилиги доирасида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Аҳдлашувчи Томонлар иккала давлатда амалда бўлган қонунчиликка асосланиб, узоқ муддатли ва мустаҳкам асосда савдо-иқтисодий ва фан-техника ҳамкорлигига, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, фирмалар ва жамиятлар (куйида «субъектлар» деб аталади) ўртасидаги икки томонлама ташқи иқтисодий бевосита алоқаларнинг ривожланишига кўмаклашадилар.
2-модда
Аҳдлашувчи Томонлар бир-бирларига импорт/экспортга тегишли товарлар, бошқа давлат ҳудудида ишлаб чиқилган ёки бошқа давлат ҳудудига ёки товарлар транзитига тегишли, бож тўловлари ва бошқа ҳар қандай йиғимлар ва солиқларга нисбатан кўпроқ қулайлик тартибини яратиб берадилар.
3-модда
Аҳдлашувчи Томонлардан бири учинчи давлат ҳудудида ишлаб чиқилган ёки у ерга юборилган қандайдир бошқа бир товарга берадиган ҳар қандай имтиёз ва қулайликлар бошқа давлат ҳудудида ишлаб чиқилган ёки бошқа давлат ҳудудига юборилаётган худди шундай товарларга ҳам тўлиқ ҳажмда қўлланилади.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонлардан бири берадиган ёки бериши мумкин бўлган имтиёз ва қулайликлар 2 ва 3-моддаларга кўра:
а) чегара четидаги савдони ривожлантириш мақсадида чегара четидаги давлатларга;
б) божхона иттифоқи ёки эркин савдо зонасига ёки иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳар қандай ҳудудий уюшмаларга биргаликда кирган давлатларга нисбатан қўлланилмайди.
5-модда
Аҳдлашувчи Томонлар бошқа ҳар қандай давлатга бериладиганидан кам бўлмаган шартларда бир-бирларига, агар уларнинг қонунчилигида кўзда тутилган бўлса, товарлар экспорти ва импортига лицензия ёки рухсатномалар берадилар.
6-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўз жисмоний ва юридик шахслари ўртасида, вакиллар ва ишбилармонлар ташрифи билан алмашиш, ярмарка ва кўргазмаларда иштирок этиш, маълумот билан айирбошлаш каби бевосита алоқаларни рағбатлантирадилар ва қулайликлар яратадилар.
Аҳдлашувчи Томонлар, ҳар бир давлатда амалда бўлган қонунчиликка асосланиб, ўз давлатлари ҳудудида ташқи иқтисодий алоқалар субъектлари — компаниялар, фирмалар, банклар ва бошқа ташкилотларнинг ваколатхоналарини ва филиалларини очишга кўмаклашадилар.
7-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ўз имкониятлари доирасида ва ҳар бир давлатда амалда бўлган қонунчилик асосида иккала давлат субъектлари ўртасида савдо-иқтисодий, ишлаб чиқаришдаги, техник ва фан-техника ҳамкорлигига кўмаклашадилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар қўшма корхоналар ва уларнинг филиаллари тузиш, иқтисоднинг ҳамма соҳаларида бевосита сармоя қўйиш, технологиялар ва «ноу-хау» алмашишда кўмаклашиш, ҳамда лицензия ва патентлар алмашиш кабиларда ҳамкорликнинг перспектив имкониятлари борлигини тасдиқладилар:
қишлоқ хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаб чиқариш, сақлаш ва транспортировка қилиш;
машинасозлик;
текстил ишлаб чиқариш;
енгил саноат, олий навли ва рақобатгир маҳсулотларни ўз ичига олади;
мебелъ ишлаб чиқариш;
соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва медицина саноати;
бинокорлик саноати, бинокорлик материаллари ва ускуналар ишлаб чиқаришни ўз ичига олади;
алоқа воситаларининг ривожланиши;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш;
ишлаб чиқариш, банк, молия ва маркетинг хизматларини кўрсатиш;
ишлаб чиқариш, статистик, ҳуқуқий ва бошқа характерга эга маълумотлар, ҳужжатлар ва материаллар билан алмашиш.
3. Аҳдлашувчи Томонлар иқтисодий фойдали ва экологик хавфсиз инфраструктура тизимини тузиш зарурлигидан келиб чиқиб, энергетика, йўл қурилиши, транспорт системаси, телекоммуникация ва сув хўжалиги соҳасида ҳамкорликка алоҳида эътибор беришга келишиб олдилар.
4. Аҳдлашувчи Томонлар, бунда ҳамкорликнинг ҳамма соҳаларидаги лойиҳалар дунё экология стандартларига жавоб берувчи илғор технологияларга асосланиб амалга ошириш ҳақида шартлашиб олдилар.
8-модда
Аҳдлашувчи Томонлар иккала давлатдаги бозор иқтисодий муносабатларининг ривожланишини ҳисобга олиб, ҳар икки давлатнинг амалдаги қонунларига мувофиқ, сармоянинг ҳаракати учун шарт-шароит яратиш, муҳим проектларни амалга ошириш учун икки давлатнинг сармояларини бирлаштириш, икки давлат субъектларининг эркин иқтисодий зоналарни ва хусусийлаштириш жараёнини ривожлантиришда ўзаро қизиқишларини тасдиқлайдилар.
Аҳдлашувчи Томонлар сармоя қўйишни қўллаш ва ҳимоя қилишни, икки томонлама солиқ. солишнинг олдини олишни ўз ичига олган ҳолда, ўзаро ишбилармонлик фаолиятининг ривожланишига қулай шароитлар яратадилар.
9-модда
Аҳдлашувчи Томонлар, туризм икки томонлама ташқи иқтисодий алоқаларни чуқурлаштиришга салмоқли ҳисса қўшишда ҳамжиҳатдирлар ва улар амалдаги қонунчилик доирасида ва умумтан олинган халқаро нормалар ва қоидалар асосида унинг ривожланишига кўмаклашадилар.
Туризм соҳасида иқтисодий ва техник ҳамкорлик, ҳамда тегишли инфраструктуранинг ривожланиши табиатни муҳофаза қилиш принциплари ва туризмни сифатли даражада ташкил қилиш асосида амалга оширилади.
10-модда
Аҳдлашувчи Томонлар, икки томонлама алоқаларда кичик ва ўрта корхоналарнинг кўпроқ активлиги фойдалилигини ва зарурлигини ҳисобга олиб, иккала давлатнинг амалдаги қонунчилиги доирасида, ўрталаридаги ҳамкорликни кенгайтириш учун мумкин қадар қулай ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа шароитларни яратишда бир-бирларига кўмаклашадилар.
11-модда
Аҳдлашувчи Томонлар, аввало ташқи савдо, иқтисодни бошқарув, кичик ишбилармонлик, банк, суғурта ва молия ишлари соҳасида мутахассислар ва менеджерларни имкониятлари доирасида тайёрлашда бирга ҳаракат қиладилар.
12-модда
Товарлар ва хизматларнинг импорти ва экспорти дунё баҳоларида, ҳар бир давлатда ва халқаро савдо практикасида амалдаги қонунчиликка асосланиб, иккала давлатнинг жисмоний юридик шахслари ўртасида контрактлар асосида амалга оширилади.
Ушбу Битимдаги ҳисоб-китоблар халқаро банк практикасида кўзда тутилган ҳар қандай формада амалга оширилади.
Иккала давлатнинг тегишли банклари иккала давлат субъектлари ўртасида ҳисоб-китоб тартиби ҳақидаги тегишли Битимни имзолашлари мумкин.
13-модда
Иккала давлат субъектлари ўртасидаги тижорий ва нотижорий ҳамма ҳисоб-китоблар эркин муомаладаги валютада амалга оширилади.
14-модда
Иккала давлатнинг юридик ва жисмоний шахслари иккала давлатнинг амалдаги қонунчилигига мувофиқ товарларга хизматларни бир давлатдан иккинчисига қарама-қарши савдо, лизинг, аукцион ёки ҳамкорликнинг ишбилармонлик каби ҳар қандай формасида импорт ва экспорт қилишлари мумкин.
15-модда
Ушбу Битимнинг амал қилиши ёки зарур бўлган тартибга солиниши ва бажарилишини кўриб чиқиш учун Аҳдлашувчи Томонларнинг вакиллари бирор бир Аҳдлашувчи Томоннинг илтимоси билан ўз давлатларида навбати билан учрашадилар.
Аҳдлашувчи Томонлар тегишли органлар даражасида ўз иқтисодлари учун бирламчи эҳтиёжлари учун муҳим аҳамиятга эга бўлган товарлар ва хизматлар билан ўзаро таъминлашни кўриб чиқиш имконини мустасно қилмайдилар.
16-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ўз корхоналаридаги сохаларни биринчи навбатда музокаралар йўли билан дўстларча ҳал қилишни тавсия қиладилар.
2. Иккала давлатнинг амалдаги қонунчилиги асосида ва корхоналар ўртасидаги контрактлардаги битимларга асосан Аҳдлашувчи Томонлар иккала давлат субъектлари ўртасидаги баҳоли масалаларни тартибга солиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг халқаро савдо ҳуқуқи бўйича комиссияси (ЮНСИТРАЛ) ишлаб чиққан арбитраж қонунлари асосида арбитражни қўллашни тавсия қиладилар ва Томонлардан бирининг арбитраж органлари ёки чет эл арбитраж қоидаларини тан олиш ва бажаришни таъминлаш Конвенцияси қатнашчилари (Нью-Йорк, 1958 йил) давлатлардан бирининг арбитражини ўзаро келишув асосида жалб қиладилар.
17-модда
Ушбу Битим имзоланган вақтдан бошлаб кучга киради ва бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томонни келаётган йил бошидан б ой олдин Битимнинг ҳаракатини тўхтатилиши ҳақида ёзма равишда истагини билдирмагунча давом этади.
Ушбу Битимнинг шартлари ва муддатлари Битим ҳаракати даврида тузилган ва унинг ҳаракати тўхтаган вақтгача бажарилмаган контрактларга қўлланилади.
Ушбу Битимга ўзгартиришлар ва қўшимчалар иккала Томоннинг келишуви асосида киритилади.
Ушбу Битим имзолангандан сўнг 1992 йил 12 май куни Тошкентда имзоланган «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Чехия ва Словакия Федератив Республикалари Ҳукумати ўртасидаги савдо-иқтисодий ва фан-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги Битим» Ўзбекистон Республикаси ва Чехия Республикасига нисбатан ўз кучини йўқотади.
Тошкент шаҳрида 1993 йил 10 сентябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, чех ва рус тилларида имзоланди, уччала матн бир хил кучга эга.
Ушбу Битимнинг матнларини талқин этишда келишмовчиликлар туғилганда, рус тилидаги матн асос бўлади.
(имзолар)