Сурхондарё вилояти халқ депутатлари Жарқўрғон тумани Кенгашининг
Қарори
2014 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини тасдиқлаш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят кенгашининг 2021 йил 6 июлдаги VI-29-26-8-0-K/21-сонли «Сурхондарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 8 июлдан ўз кучини йўқотади.
Меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳолини, айниқса ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш борасида фаол сиёсатни ўтказиш, саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, бозор ҳамда ижтимоий инфратузилма, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, шунингдек халқ хўжалигининг алоҳида аҳамиятга молик бўлган бошқа соҳаларини ривожлантириш ҳисобига бандликни ошириш ва шу орқали аҳолининг иқтисодий аҳволини янада юксалтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 24 июндаги 310-сонли «Аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тартибини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ҳамда 2013 йил 24 октябрдаги «2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлаш дастури лойиҳаси тўғрисида»ги 6-сон йиғилиш баёни ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига асосан қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 24 октябрдаги «2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлаш дастури лойиҳаси тўғрисида»ги 6-сон йиғилиш баёни маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Жарқўрғон туманининг «2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури» иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
3. Халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгаши, Жарқўрғон туман хотин-қизлар қўмитаси, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази, туман иқтисодиёт ва статистика бўлимлари, туман Давлат солиқ инспекцияси ҳамда бошқа мутасадди корхоналар ва ташкилотларнинг эътибори «2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури»га мувофиқ янги иш ўринлари яратишга қаратилсин.
Бунда:
янги корхоналарни ишга тушириш, ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини ошириш, фаолият юритаётган корхоналарни кенгайтириш, қайта таъмирлаш ва модернизациялаш;
кичик корхоналар ва микрофирмаларни ташкил этиш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, микрокредитлаш тизимини қўллаб-қувватлаш;
уй меҳнатининг барча шаклларини, шу жумладан корхоналар билан меҳнат шартномаларига биноан кооперация асосида касаначиликни ташкил этиш, миллий ҳунармандчилик ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш;
енгил ва озиқ-овқат саноатларининг маҳаллий хом ашёларни қайта ишлаш ва тайёр рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган, кўп меҳнат талаб қиладиган соҳаларини тезкор ривожлантириш;
хизмат кўрсатиш ва сервисни ривожлантириш;
ихтисослашган деҳқон ва фермер хўжаликларида чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, барча жойларда иссиқхоналарни ташкил этиш;
замонавий ишлаб чиқариш, ижтимоий ва бозор инфраструктурасини ривожлантириш;
норасмий тарзда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларни аниқлаб, уларни расмийлаштириш ва янгидан тадбиркорлик фаолиятини ташкил этадиган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
жойларда қабул қилинган «Бандлик» дастурларини ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича истиқболли дастурлари билан мутаносиблигини таъминлаш, ҳар чоракда таҳлил қилиб тегишли ўзгартиришларни киритиш ҳамда муҳокама қилиб бориш юклатилсин.
4. Туман давлат солиқ инспекцияси (О. Ёқубов)га:
давлат рўйхатидан ўтмасдан ноқонуний равишда фаолият юритаётган тадбиркорларни аниқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш топширилсин.
5. Туман статистика бўлими (И. Хушбоқов) «2014 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури»га асосан яратиладиган иш ўринларининг тўлиқ статистик ҳисоби юритилишини таъминласин.
6. Тумандаги тижорат банклари раҳбарларига:
тасдиқланган режага мувофиқ тижорат банклари томонидан 2014 йилда янги иш жойлари яратиш учун кредитларнинг белгиланган муддатларда ажратилишини қатъий назоратга олиш, маблағлар ажратилишини тадбиркорлар иштирокида муҳокама этиб, зарур чораларни кўриш тавсия этилсин.
7. Туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (У. Раззоқов), туман иқтисодиёт бўлими (А. Ярматов) билан биргаликда «2014 йилда иш ўринлари ташкил эитш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури»га асосан яратилаётган иш ўринларининг доимий мониторингини олиб бориш, дастур кўрсаткичларини бажаришда ортда қолаётган йўналишлар бўйича туман ҳокимига ҳар ойда ҳисобот ва таклифлар тақдим қилиш ҳамда Кенгашга йил якунига кўра дастурнинг бажарилиши юзасидан ҳисобот тақдим қилиш юклатилсин.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Халқ депутатлари туман Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси А. Иргашев ҳамда туман ҳокимининг ўринбосари С. Тошбоев зиммаларига юклатилсин.
9. Ушбу қарор расмий нашрда эълон қилинган кундан кучга киради.
Халқ депутатлари Жарқўрғон тумани Кенгаши раиси У. ТУРАПОВ
Жарқўрғон т.,
2014 йил 4 январь,
21/5-сон