Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани ҳокимининг
Қарори
Ўртачирчиқ туманининг 2014 йилги маҳаллий бюджети параметрлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасининг 2013 йил 14 ноябрдаги 770-II-сонли «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджети тўғрисида»ги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2013 йил 5 декабрдаги СҚ-399-II-сонли «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджети тўғрисида»ги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 декабрдаги ПҚ-2099-сонли «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 52-сон, 690-модда) ва Тошкент вилояти хокимининг 2013 йил 30 декабрдаги 297-сонли «Тошкент вилоятининг 2014 йилги маҳаллий бюджети параметрлари тўғрисида»ги ҳамда Халқ депутатлари Ўртачирчиқ тумани Кенгашининг 2013 йил 31 декабрдаги 23/1-сонли «Ўртачирчиқ туманининг 2014 йилги маҳаллий бюджети тўғрисида»ги қарорларига асосланган ҳолда қарор қиламан:
1. Тошкент вилояти ҳокимининг 2013 йил 30 декабрдаги 297-сонли «Тошкент вилоятининг 2014 йилги маҳаллий бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
Ушбу қарорга асосан:
2. 2014 йил туман ҳудудида:
Туманнинг 2014 йилги маҳаллий бюджети асосий параметрлари мазкур қарорнинг 1-иловасига* мувофиқ;
юридик шахсни ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган жисмоний шахслар (якка тартибдаги тадбиркорлар)дан олинадиган қатъий белгиланган солиқ ставкалари мазкур қарорнинг 2-иловаcига* мувофиқ;
юридик ва жисмоний шахслардан тадбиркорлик фаолияти айрим турлари бўйича олинадиган қатъий белгиланган солиқ ставкалари мазкур қарорнинг 3-иловаcига* мувофиқ;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари мазкур қарорнинг 4-иловасига* мувофиқ;
жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси мазкур қарорнинг 5-иловасига* мувофиқ;
маҳаллий солиқлар ва йиғимларнинг чегараланган ставкалари мазкур қарорнинг 6-иловасига* мувофиқ;
туман ҳудудидаги ер участкаларидан фойдаланганлик учун ер солиғи ставкалари мазкур қарорнинг 7-иловасига* мувофиқ;
туман маҳаллий бюджетининг 2014 йилга белгиланган даромадлар ва харажатлар миқдори мазкур қарорнинг 8-иловасига* мувофиқ;
туман бўйича 2014 йилда умумдавлат солиқларидан кутилаётган тушумларнинг маҳаллий бюджетларга ажратмаларининг меъёри мазкур қарорнинг 9-иловасига* мувофиқ;
туман бўйича 2014 йилга туман маҳаллий бюджетининг айланма касса маблағларининг энг кам миқдори мазкур қарорнинг 10-иловасига* мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2007 йил 29 сентябрдаги 258-сонли буйруғининг 11-бандига асосан тумандаги халқ таълими тизимида ишловчи ҳовли супурувчиларга белгиланган меъёри 11-иловага* мувофиқ белгилансин;
* 1—11-иловалар берилмайди.
3. Ўртачирчиқ тумани маҳаллий бюджетини 2014 йил учун аниқлаштирилган асосий параметрлари қуйидаги миқдорларда тасдиқлансин:
даромадлар 69 541 893.0 минг сўм;
харажатлар 69 541 893.0 минг сўм.
4. Туман ҳокимлиги Молия бўлимига 2014 молия йили давомида:
Тошкент вилояти молия бошқармасининг билдиришномалари, туман ҳокимининг қарор ва фармойишлари ҳамда молия бошқармаси билан келишилган тақдимномаларига мувофиқ бюджетнинг даромадлар ва харажатлар қисмига ўзгартиришлар киритиш;
бюджет ссудалари (даромадлар ва харажатлар ўртасидаги вақтинчалик касса тафовутига) ажратилишида биринчи навбатдаги харажатларини (иш ҳақи ва унга ажратмалар, нафақалар ва уларга тенглаштирилган тўловларнинг) маблағ билан сўзсиз таъминланиши зарурлигидан келиб чиққан ҳолда аниқлаштириш ҳуқуқи берилсин.
5. Туман Давлат солиқ инспекциясига 2014 йил давомида:
2014 йил учун белгиланган бюджет даромадларини солиқ турлари бўйича тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминлаш юклатилсин.
6. Туман ҳокимининг 2012 йил 31 декабрдаги 1124-сонли «Ўртачирчиқ туманининг 2013 йилги маҳаллий бюджети параметрлари тўғрисида»ги ва 2013 йил 31 декабрдаги 818-сонли «Ўртачирчиқ туманининг 2014 йилги маҳаллий бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари Ш. Хошимов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Б. ИБРАГИМОВ
Тўйтепа ш.,
2014 йил 28 январь,
46-сон