Сурхондарё вилояти ҳокимининг
Қарори
Вилоятдаги бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қийматининг минимал миқдорларини белгилаш тўғрисида
Мазкур қарор Сурхондарё вилояти ҳокимининг 2015 йил 7 январдаги 45-сонли «Вилоятдаги бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қийматининг минимал миқдорларини белгилаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Сурхондарё вилоятидаги бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, бозорлар ва савдо комплексларида пул оқимлари тўлиқроқ ҳисобга олинишини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 апрелдаги ПҚ-1326-сонли «Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2013 йил 30 декабрдаги 116 ва 2013-47-сонли «Бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қийматининг минимал миқдорларини белгилаш тўғрисида»ги қарори маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Вилоятдаги бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қийматининг минимал миқдорлари иловага* мувофиқ белгилансин.
* Илова берилмайди.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси «Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш» Бош бошқармаси вилоят бўлими (А. Рахмонқулов)га вилоятдаги бозорлар ва савдо комплексларида сотувчилардан (хизмат кўрсатувчилардан) ундириладиган савдо жойи, хизмат ҳақи ва ижара тўловларини тўғри ва тўлиқ ундирилиши ҳамда тегишли қисмини маҳаллий бюджетга ўз вақтида ўтказилиши устидан доимий назорат олиб борсин.
4. «Сурхон тонги» ҳамда «Заря Сурхана» (Г. Тангирова) газеталари таҳририятлари мазкур қарорнинг тўлиқ матнини матбуотда эълон қилинишини таъминласин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари З. Давлатов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Э. ЖЎРАЕВ
Термиз ш.,
2014 йил 1 февраль,
22-сон