Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг
Қарори
Сурхондарё вилоятининг 2014 йилги маҳаллий бюджети параметрлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2013 йил 12 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Давлат бюджети тўғрисида»ги СҚ-399-II-сонли қарорининг ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунига асосан халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши қарор қилади:
1. Олий Мажлиси Сенатининг ушбу қарори билан Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджети, бюджет тақчиллигининг энг юқори даражаси ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 1,0 фоиз миқдори белгиланлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Сурхондарё вилоятининг 2014 йил маҳаллий бюджети 2014 йилги даромадлари 581 650,0 млн сўм, харажатлари 1 224 990,0 млн сўм ва республика бюджетидан олинадиган мақсадли субвенциялар 618 393,5 млн сўм ҳамда республика бюджетидан маҳаллий бюджетга ўтказилиб бериладиган даромад 24 946,4 млн сўм миқдорида 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1-2-иловалар берилмайди.
3. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги:
иқтисодиётни янада либераллаштириш юзасидан иқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлашни, аҳолининг даромадлар даражасини ва турмуш фаровонлигини оширишга, ижтимоий дастурлар устувор тарзда молиялаштирилишини ва бюджет маблағлари иқтисод қилинишини таъминласин;
иқтисодиёт ва аҳоли зиммасидаги маҳаллий солиқ юкини изчиллик билан камайтириш борасидаги ишларни давом эттирсин, хўжалик юритувчи субъектларнинг ишчанлик фаоллигини оширишга, корхоналарнинг иқтисодий мустақиллигини, энг аввало, олинган даромадларни тасарруф этиш масалаларидаги мустақиллигини кенгайтиришга кўмаклашадиган чора-тадбирлар қабул қилинсин;
ижтимоий соҳага қилинадиган давлат харажатларининг, шу жумладан таълимни ривожлантириш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, ижтимоий инфратузилмани ривожланиши харажатларини янада кучайтириш йўли билан аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш бўйича чораларни рўёбга чиқаришни давом эттирсин;
мамлакатда ишлаб чиқарилаётган товарлар ва кўрсатилаётган хизматларнинг ички ҳамда ташқи бозорларда рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида иқтисодиётда янги юқори технологияли корхоналар ва ишлаб чиқаришлар илдам ривожлантирилишини таъминлашга, ишлаб турган қувватларни модернизациялаш ва техник янгилаш жараёнларини тезлаштиришга қаратилган таркибий ўзгартиришлар дастурларини амалга оширишни, ишбилармонлик муҳитини ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий барқарорлигини тубдан яхшилашни давом эттирсин;
бюджет маблағларидан ва бюджетдан ташқари маблағларнинг мақсадли, манзилли ва самарали фойдаланиши устидан қатъий назоратни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ғазна ижроси тизимини такомиллаштириш бўйича давлат харидлари жараёнини тартибга соладиган, давлат харидларини жойлаштиришда ошкораликни, очиқ-ойдинликни таъминлашга ҳамда рақобат муҳитини қўллаб-қувватлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган вазифаларнинг ижросини сўзсиз таъминласин;
солиқ-бюджет қонунчилигининг моҳиятини, аҳамиятини ҳамда механизмларини барча солиқ тўловчилар ва бюджетдан маблағ олувчилар эътиборига етказиш юзасидан семинарлар ҳамда бошқа турдаги тушунтириш ишларини мунтазам равишда олиб боришни ташкиллаштирсин.
4. Шаҳар ва туманлар ҳокимликлари бюджетга тўловлар тўлиқ ундирилишини, харажатларнинг маҳаллий бюджетлардан ўз вақтида молиялаштирилишини таъминласинлар ва бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш устидан қатъий ва таъсирчан назорат ўрнатсинлар.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси (И. Ёқубов) зиммасига юклатилсин.
Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши раиси А. АРТИКОВ
Термиз ш.,
2013 йил 28 декабрь,
181/24-4-сон