тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани ҳокимининг
Қарори
Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2014 йил учун банд қилиб қўйиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 5-6-сон, 97-модда) 17-моддаси, Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 29-30-сон, 277-модда; 2010 й., 35-36-сон, 300-модда; 2013 й., 18-сон, 233-модда, 41-сон, 543-модда) 25-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомга асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун туманда 2014 йил учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш мақсадида, қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддасига асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун тумандаги корхона, ташкилот ва муассасалар учун ходимларнинг рўйхат бўйича ўртача сонидан 706 кишини ташкил этадиган 7 фоиз миқдорида, шу жумладан:
ногиронлар учун 3,2 фоиз — 25 киши;
14 ёшга тўлмаган болалари ва ногирон болалари бор ёлғиз ҳамда кўп болали ота-оналар учун 3,8 фоиз — 27 киши;
таълим муассасаларини тугатган ёшлар учун 75,5 фоиз — 533 киши;
муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганлар учун 14,3 фоиз — 101 киши;
Ўртачирчиқ тумани ҳокимлиги Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун 1,0 фоиз — 5 киши;
жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган, жазони ўтаётган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун 2,8 фоиз — 20 киши;
бошқалар учун 2,8 фоиз — 20 киши, шу жумладан кичик ёшли болалари бўлган ишламаётган аёллар 17 киши, атрофдагилар учун хавфли бўлмаган ижтимоий аҳамиятли кассаликлар билан оғриётган шахслар учун 3 киши миқдорида иш ўринлари захираси белгилансин.
2. 2013 йилда ижтимоий муҳофаза муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2014 йил учун банд қилиб қўйиш лозим бўлган корхона, ташкилот, муассасалар рўйхати иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
3.Корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни иш билан таъминлаш учун 2014 йилнинг 10 апрелидан кечикмай иш жойларининг 100 фоизини барпо қилиш (ажратиш ёки банд қилиб қўйиш) тўғрисидаги, яъни ҳар бир квота тоифаси бўйича иш ўринлари банд қилиб қўйиладиган касблар ва лавозимлар, мутахассисликлар кесимидаги маълумотларни ва қарор бўйича чиқарилган буйруқ нусхаларини туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига тақдим этиш вазифалари юклатилсин.
4. Корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун иш жойларининг кўрсатиб ўтилган микдорини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ белгиланган муддатларда ва тартибда яратилишини (ажратилишини ёки банд қилиб қўйилишини) ҳамда иш жойлари санитария-гигиена нормаларига ва ходим ўз мажбуриятларини бемалол бажаришини таъминлайдиган меҳнат шароитларига мувофиқ бўлишини таъминласинлар.
5. Ушбу қарор ижроси бажарилмаган тақдирда корхона, ташкилот ва муассасаларнинг мансабдор шахсларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 15-бандига мувофиқ жарима солинади.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида»ги низомга асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун банд қилиб қўйиладиган иш ўринларини туман ҳокими томонидан белгиланган миқдордан ортиқча ташкил этган ташкилотлар ушбу иш ўринларини ташкил этишга сарфланган маблағларининг бир қисмини туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази билан тузилган шартнома асосида Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш ҳуқуқига эга эканликлари инобатга олинсин.
7. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (К. Қаюмов) бир ҳафта муддатда мазкур қарорни тегишли корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига етказсин ҳамда унинг бажарилиши устидан қатъи назоратни таъминласин.
8. Ўртачирчиқ туман ҳокимининг 2012 йил 6 сентябрдаги «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2013 йил учун банд қилиб қўйиш тўғрисида»ги 937-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин .
9. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
10. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳоқимининг ўринбосари Ш.У. Хошимов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Б. ИБРАГИМОВ
Тўйтепа ш.,
2013 йил 30 декабрь,
796-сон