Сурхондарё вилояти Сариосиё тумaни ҳокимининг
Қарори
Туман ҳудудидаги барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган автомототранспорт воситаларини 2014 йилда мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда 2014 йилда туман ҳудудидаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган автомототранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказишни уюшқоқлик билан, сифатли ташкил этилишини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
1. Тумандаги барча юридик ва жисмоний шахсларга, шу жумладан хорижий юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган ва белгиланган тартибда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларида рўйхатдан ўтказилган транспорт воситалари мажбурий техник кўрикдан ўтказилиши таъминлансин.
2. Тумандаги автобуслар, микроавтобуслар, автомобиллар, мотоулов воситалари ва тиркама-уламаларни (кейинги ўринларда матнда «транспорт воситалари» деб юритилади) давлат техник кўригидан ўтказиш туман ИИБ ЙҲХГ (Б. Бердиев) ва туман Мудофаа ишлари бўлими (А. Баратов)лар зиммасига юклатилсин.
3. Мазкур техник кўрикдан ўтказишда:
мулкчилик шакли ва сиғимидан қатъи назар, йўловчи ташиш билан шуғулланувчи транспорт воситаларининг мажбурий техник кўриги:
биринчи марта 1 мартдан 30 июнгача, иккинчи марта 1 сентябрдан 31 октябргача ўтказилиши ташкиллаштирилсин;
тумандаги юридик шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 мартдан 30 июнгача техник кўрикдан ўтказилсин;
туман фуқароларига тегишли бўлган барча турдаги, шахсий транспорт воситалари 1 январдан 31 августга қадар техник кўрикдан ўтказилсин.
4. Юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларини муддатидан олдин мажбурий техник кўрикдан ўтказиш, белгиланган тартибга риоя қилган ҳолда тақдим қилиш мумкин.
5. Техник кўрикдан ўтказишда:
барча транспорт воситаларининг техник ҳолатини текширишда уларни тайёрлаган завод кўрсатмаларига асосан ишлатилиш қоида қўлланмаларига ҳар бир ҳаракатланиш қисмининг талабга жавоб бериши;
корхона ва ташкилот раҳбарларидан йўл ҳаракати қоидаларида кўрсатилганидек транспорт воситаларини фойдаланишини таъқиқловчи шартларга асосан техник соз ҳолатда таъминланишини;
махсус машиналар, ҳаракатланувчи таъмирлаш ва тузатиш устахоналарини жиҳозланганлигига алоҳида эътибор қаратиш топширилсин.
6. 2014 йилда техник кўрикни уюшқоқлик билан сифатли ўтказиш мақсадида туман ҳокимининг мажбурий техник кўрикни ўтказиш комиссияси тузилсин. Комиссия аъзолари таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. Туман ИИБ ЙҲХГ (Б. Бердиев)га ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасаларда транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш бўйича 2-иловага* асосан тасдиқланган режа жадвалини ташкилотлар раҳбарларига етказиш ҳамда ўз вақтида бажарилишини таъминлаш:
* 2-илова берилмайди.
техник кўрикни ўтказиш шарти бўйича тегишли тартибда туман ҳокимлиги йиғилиши муҳокамасига киритиш топширилсин.
8. Туман Ички ишлар бўлими йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи катта инспектори сержант (Б. Бердиев), Туман кўнгилли Автомотоҳаваскорлар жамияти раиси (Н. Жумаев), Ўзбекистон мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти (А. Эшбоев), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 2 августдаги 156-сонли «Ўзбекистон Республикаси автомототранспорт воситаларини ва шаҳар электр транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини бериш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида»ги қарорига асосан йўловчилар ташиш билан шуғулланувчи транспорт воситалари ҳайдовчиларини бир йилда бир марта 30 соатлик дастур асосида машғулот ўтишлари учун шарт-шароитлар яратган ҳолда тўлиқ жалб этилишини таъминласинлар.
9. Тумандаги ҳар бир ташкилот, корхона ва муассаса раҳбарлари ҳамда шахсий автомототранспорт воситалари эгалари зиммасига:
Автотранспорт воситаларини техник ҳужжатлари билан биргаликда техник кўрикдан ўтказиш, уларнинг техник жиҳатдан созлигини ва ўз вақтида режа-жадвал асосида кўрикдан ўтказиш;
корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига алоҳида тартиб ўрнатиш ва халқ хўжалиги ҳисобида бўлган ишга яроқсиз, тикланмайдиган ва ишлатилмайдиган транспорт воситаларини ҳисобдан чиқариш чораларини техник кўрикка қадар кўриб чиқиш вазифаси юклатилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорининг 3-банди талабларидан келиб чиқиб, туман Ички ишлар бўлими, туман Мудофаа ишлари бўлими транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказишда ўз юқори ташкилотларининг қарори ва иш режаси асосида амалга ошириши назарда тутилсин.
11. Туманда автомобиллар, мотоуловлар, тиркама-уламалар ҳамда шахсий автотранспорт воситаларидан тушадиган мажбурий суғурта бадалини ундириш суғурта ташкилотлари раҳбарлари зиммасига юклатилсин.
12. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари С. Хамраев зиммасига юклатилсин.
13. Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан кучга киради.
Ҳоким Ҳ. МИНГБОЕВ
Сариосиё т.,
2014 йил 5 март,
146-сон
2014 йилда техник кўрикни уюшқоқлик билан сифатли ўтказиш бўйича туман ҳокимлиги қошида тузилган комиссия аъзолари
| Б. Бердиев | — | туман ИИБ ЙҲХГ катта инспектори, комиссия раиси |
|
Комиссия аъзолари: | ||
| А. Баратов | — | туман Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи |
| А. Эшбоев | — | туман мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти раҳбари |
| Н. Жумаев | — | туман кўнгилли Автомотоҳаваскорлар жамияти раиси |
| Х. Усмонов | — | туман Табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи |
| И. Юсупов | — | тиббиёт бирлашмаси раҳбари |
| Р. Мелибоев | — | туман Давлат солиқ инспекцияси раҳбари |
| З. Камалова | — | туман «Агросуғурта» ДАСК бўлими раҳбари |
| Н. Хамдамова | — | туман «Маҳалла» жамғармаси раиси |