Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳокимининг
Қарори
Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2014 йил учун банд қилиб қўйиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддаси, Ўзбекистон Республикасида «Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 25-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисидаги низом»га асосан, ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун туманда 2014 йилга иш ўринларини банд қилиб қўйиш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддасига асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун тумандаги корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар учун ходимларнинг рўйхат бўйича ўртача сонидан 370 кишини ташкил этадиган 7 фоиз миқдорида, шу жумладан:
ногиронлар учун 1,6 фоиз — 7 киши;
14 ёшга тўлмаган болалари ва ногирон болалари бор ёлғиз ҳамда кўп болали ота-оналар учун 18,0 фоиз — 70 киши;
таълим муассасаларини тугатган ёшлар учун 68,7 фоиз — 250 киши;
муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганлар учун 2,7 фоиз — 10 киши;
Оҳангарон туман ҳокимлиги Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун 0,7 фоиз — 2 киши;
жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган, жазони ўтаётган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун 2,7 фоиз — 10 киши белгилансин;
Бошқалар учун 5,6 фоиз — 21 киши, шу жумладан сафарбарлик чақируви захирасига киритилган шахслар 2 киши, кичик ёшли болалари бўлган ишламаётган аёллар 17 киши, атрофдагилар учун хавфли бўлмаган ижтимоий аҳамиятли касалликлар билан оғриётган шахслар учун 2 киши миқдорида иш ўринлари захираси белгилансин.
2. Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2014 йилга банд қилиб қўйилиши лозим бўлган корхона, ташкилот ва муассасалар рўйхати иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
3. Корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни иш билан таъминлаш учун 2013 йил якунланишидан 10 кун олдин квота иш жойлари умумий миқдорининг камида 25 фоизи учун, 2014 йилнинг 10 апрелидан кечикмай иш жойларининг қолган қисми 75 фоизини барпо этиш (ажратиш ёки банд қилиб қўйиш) тўғрисидаги, яъни ҳар бир квота тоифаси бўйича иш ўринлари банд қилиб қўйиладиган касблар ва лавозимлар, мутахассисликлар кесимидаги маълумотларни ва қарор бўйича чиқарилган буйруқ нусхаларини туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига тақдим этиш вазифалари юклатилсин.
4. Корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун иш жойларининг кўрсатиб ўтилган миқдорини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисидаги низом»га мувофиқ белгиланган муддатларда ва тартибда яратилишини (ажратилишини ёки банд қилиб қўйилишини) ҳамда иш жойлари санитария гигиена нормаларига ва ходим ўз мажбуриятларини бемалол бажаришини таъминлайдиган меҳнат шароитларига мувофиқ бўлишини таъминласинлар.
5. Ушбу қарор ижроси бажарилмаган тақдирда ташкилотнинг мансабдор шахсларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186 сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида низом»нинг 15-бандига мувофиқ жарима солиниши эслатилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида низом»га асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун банд қилиб қўйиладиган иш ўринларини туман ҳокими томонидан белгиланган миқдордан ортиқча ташкил этган ташкилотлар ушбу иш ўринларини ташкил этишга сарфланган маблағларининг бир қисмини туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази билан тузилган шартнома асосида Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш ҳуқуқига эга эканликлари инобатга олинсин.
7. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига (А. Эргашев), бир ҳафта муддатда мазкур қарорни тегишли корхона ва ташкилот раҳбарларига етказиш ҳамда уни бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш топширилсин.
8. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
9. Оҳангарон туман ҳокимининг 2012 йил 24 сентябрдаги «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2013 йил учун банд қилиб қўйиш тўғрисида»ги 599-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисобланди.
10. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари М. Атабаев зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Р. УБАЙДУЛЛАЕВ
Оҳангарон ш.,
2013 йил 18 октябрь,
533-сон