Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати (кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар),
икки давлат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга бўлган интилишларидан келиб чиқиб,
Томонлар давлатларининг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожланишида туризмнинг муҳим аҳамиятини эътиборга олиб,
Томонлар давлатларининг фуқаролари ўртасида дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини инобатга олиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар давлатларининг фуқаролари ўртасида икки давлат иқтисодиёти, маданияти, табиий диққатга сазовор жойлари ва тарихий ёдгорликларини муҳофаза қилиш ҳамда миллий анъаналарини асраш борасида ўзаро англашувни рағбатлантириш мақсадида Томонлар туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашадилар.
Сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш мақсадида Томонлар ўз давлатларининг туристик идора ва ташкилотлари ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ҳамкорликни рағбатлантирадилар.
2-модда
Томонлар туризмни ривожлантириш соҳасида тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик асосида ҳамда ҳар бир Томон давлатининг миллий қонунчилиги доирасида ҳамкорлик қиладилар.
3-модда
Туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Томонлар қуйидаги йўналишларда ҳамжиҳатликда ҳаракат қиладилар:
(а) туризм соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва алмашиш, туристик мажмуалар ходимларини ўқитиш масалаларида ҳамкорликни рағбатлантириш;
(б) меҳмонхона ҳамда бошқа туристик объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш;
(в) Томонлар давлатларининг манфаатдор ташкилотларига қўшма корхоналар тузишда ва бошқа инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш;
(г) Томонлар давлатларининг туристик агентликларига ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантиришда ёрдам кўрсатиш;
(д) халқаро туристик ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни кучайтириш.
4-модда
Томонлар қуйидагилар орқали туризм соҳасида ҳамкорликни амалга оширадилар:
(а) ҳар бир Томон давлати ҳудудида туризм соҳасида тегишли тадбирлар ўтказишга кўмаклашиш ҳисобига Томонлар давлатларининг туристик салоҳиятларини тарғиб қилиш ва намойиш этишни кучайтириш;
(б) сайёҳлик ва маданий фестивалларни ташкил қилиш, фольклор ва ҳаваскор гуруҳлар гастролларини ўтказиш;
(в) ҳар бир Томон давлати ҳудудида ўтказиладиган ярмарка ва кўргазмаларда ўз давлатининг туристик идора ва ташкилотлари иштирокини қўллаб-қувватлаш;
(г) тегишли миллий туристик маршрут ва маҳсулотларни ўрганиш учун бошқа Томон давлати туроператорлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларини ўзаро таклиф қилиш;
(д) туризм соҳасида, шу жумладан икки давлат туристик захиралари, туристик бозорнинг ҳолати, туризм соҳасини тартибга солувчи қонунчилик ва туризм масалаларини ёритувчи босма нашрлар тўғрисида тажриба ва маълумот алмашиш;
(е) ўзаро келишилган бошқа шакллар.
5-модда
Туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида, Томонлар икки давлат ҳудудида ҳар бир Томон давлатининг миллий қонунчилигига мувофиқ Томонлар давлатлари ваколатли органларининг расмий ваколатхоналарини очиш имкониятини кўриб чиқадилар.
Ушбу ваколатхоналар фаолияти Томонлар ўртасидаги алоҳида битим билан тартибга солинади.
6-модда
Ушбу Битимни бажариш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш Ўзбек-хитой ҳукуматлараро қўмитаси ва унинг тегишли кичик қўмиталари томонидан амалга оширилади.
Икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш мақсадида, Томонлар ўзларининг тенг сонли вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳлар тузишлари мумкин.
Ишчи гуруҳлар мажлисларини ўтказиш вақти ва жойи Томонлар ўртасида келишилади.
7-модда
Башарти ҳар бир алоҳида ҳолатда бошқача тартиб келишиб олинмаса, Томонлар мазкур Битимни бажариш давомида юзага келадиган харажатларни мустақил равишда кўтарадилар.
8-модда
Томонлар мазкур Битимни бажариш учун қуйидаги ваколатли органларни масъул этиб тайинлайдилар:
Ўзбекистон томонидан:
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги,
«Ўзбектуризм» миллий компанияси;
Хитой томонидан:
Хитой Халқ Республикаси Туризм ишлари бўйича давлат бошқармаси.
9-модда
Мазкур Битимга Томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ҳамда мазкур Битимнинг 11-моддасида белгиланган тартибда кучга кирувчи алоҳида протоколлар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
10-модда
Мазкур Битим қоидаларини қўллаш ва талқин қилиш борасидаги барча низо ва келишмовчиликлар Томонлар ўртасида маслаҳатлашув ва музокаралар йўли билан ҳал қилинади.
11-модда
Мазкур Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва беш (5) йил давомида амал қилади. Агар Томонлардан бири мазкур Битим амал қилишининг тегишли муддати тугашидан камида олти (6) ой олдин унинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабардор қилмаса, унинг амал қилиши ўз-ўзидан кейинги беш йиллик муддатларга узаяверади.
Тошкент шаҳрида 2013 йил 29 ноябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, хитой ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келганда, Томонлар рус тилидаги матнга амал қиладилар.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2013 й., 3-4-сон)