тошкент вилояти Бекобод шаҳар ҳокимининг
Қарори
Бекобод шаҳри ҳудудидаги транспорт воситаларини 2014 йилда мажбурий техник кўригини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 й., 9-сон, 215-модда), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сонли «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 1-2-сон, 17-модда) шаҳар ҳудудидаги транспорт воситаларининг мажбурий техник кўригини ташкил этиш ва уни ўтказишни таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
1. Бекобод шаҳар Ички ишлар бўлимининг автотранспорт воситаларининг техник ҳолати, улардан фойдаланиш қоида ва меъёрларига амал қилишнинг назорати бўйича бўлинмаси шаҳар ҳудудидаги транспорт воситаларини мажбурий йиллик техник кўрикдан ўтказиш ишларини ташкиллаштирсин.
2. Транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилиши белгилансин:
а) тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар — бир йилда икки марта;
б) ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) — икки йилда бир марта;
в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) — бир йилда бир марта;
г) тиркамалар кўрикка транспорт воситаси — шатакчи учун белгиланган муддатларда тақдим этилади.
Давлат йўл ҳаракати хавфсизлигида рўйҳатдан ўтказилган кундан бошлаб улардан фойдаланишнинг биринчи йили мобайнида транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилмайди, (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилганлардан ташқари).
3. Мазкур қарорнинг 2-банди «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларининг техник кўриги:
биринчи марта — 1 март — 30 июнда;
иккинчи марта — 1 сентябрь — 31 октябрда ўтказилади.
Юридик шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 2014 йил 1 мартдан — 30 июнга қадар ўтказилади.
Жисмоний шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 2014 йил 31 августига қадар ўтказилади.
4. Корхона, ташкилот ва муассасалардаги автотранспорт воситаларини 2014 йилги техник кўригидан ўтказиш буйича комиссия таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Корхона, ташкилот ва муассасаларда давлат автотранспорт воситаларини 2014 йилги техник кўрикдан ўтказиш жадвали 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 2-илова берилмайди.
6. Шаҳар ҳокимлиги (Н. Бекназаров) ва Тошкент вилояти ҳокимлигининг йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаменти Бекобод шаҳар вакилига:
2014 йил 10 февраль кунига қадар йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш комиссиялари билан ҳамкорликда, юридик шахслар раҳбарларини жалб этган ҳолда транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикка тайёрлаш ҳамда уни ўтказиш чора-тадбирларини ишлаб чиқсин ва амалга оширилиши устидан назорат ўрнатсин;
транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида шаҳар ички ишлар бўлими автомототранспорт воситаларининг техник ҳолати, улардан фойдаланиш қоида ва меъёрларига амал қилинишининг назорати бўлинмаси, мудофаа ишлар бўйича шаҳар бўлими вакиллари ва юридик шахсларнинг мухандис-техник ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар тузсин;
шаҳар Ички ишлар бўлими автомототранспорт воситаларининг техник ҳолати, улардан фойдаланиш қоида ва меъёрларига амал қилинишининг назорати бўлинмаси билан биргаликда фаолияти тугатилган, мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхона, ташкилот ва муассасалар тасарруфида бўлган транспорт воситаларини, тиркамаларни, ярим тиркамаларни аниқлаш ҳамда уларни белгиланган тартибда ҳисобдан чиқариш чораларини кўрсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 28 февралдаги 294-сонли «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 9-сон, 64-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги 482-сонли «Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида йўловчилар ва багаж ташиш қоидаларини ҳамда автобусларда йўловчилар ташиш ҳавфсизлигини таъминлашга доир талабларини тасдиқлаш ҳақида»ги қарорлари (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламлари, 2003 й., 21-сон, 204-модда) талабларини ижросини таъминлаш, йўловчиларга самарали транспорт хизмати ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, шаҳардаги барча тижорат асосида йўловчи ташиш билан шуғулланувчи юридик шахслар тасарруфидаги, ишлаб чиқарилган йили 2006 йилгача бўлган автобус ва кичик автобусларнинг мажбурий техник кўриги Олмалиқ шаҳридаги 1-сон Диагностика тармоғида ўтказилиши ташкиллаштирилсин.
8. Шаҳар Ички ишлар бўлимининг тегишли хизматлари ходимлари, жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда жисмоний ва юридик шахсларга қарашли бўлган автомототранспорт воситаларини тўлиқ мажбурий техник кўрикдан ўтказилишини таъминласин.
9. Транспорт воситаларининг мажбурий техник кўрикдан ўтказиш жадвалига асосан автобус ва кичик автобусларни мажбурий техник кўрикка тайёрлаш ва тақдим этиш бўйича юридик шахслар раҳбарлари ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилсин.
10. Ўрнатилган тартибда мажбурий техник кўрикдан ўтмаган автобус ва кичик автобуслардан фойдаланиш таъқиқлансин.
11. Мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, муассаса ва ташкилот раҳбарлари мажбурий техник кўрик бошланишидан камида 10 кун олдин вилоят Ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошқармасининг шаҳарлараро рўйхатлаш ва имтихон олиш бўлинмасига (ТРИБ) мавжуд транспорт воситалари ҳақидаги маълумотларни таққослаш учун тақдим этсинлар ва уларга техник кўрик учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўловларни ўз вақтида тўлашни таъминлаш лозимлиги кўрсатиб ўтилсин.
12. «Кафолат» давлат акциядорлик суғурта компанияси бўлими (М. Анорқулов), шаҳар Ички ишлар бўлими автомототранспорт воситаларининг техник ҳолати, улардан фойдаланиш қоида ва меъёрларига амал қилинишининг назорати бўйича бўлинмаси билан ҳамкорликда мажбурий транспорт воситасининг суғуртаси тўловларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундириш чораларини кўрсин.
13. «Бекобод ишчиси» газетаси муҳарририяти (В. Пан)га:
Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан сифатли ўтказиш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг асосий гарови эканлигини тарғиб қилиб бориш тавсия этилсин.
14. Бекобод шаҳар ҳокимининг 2013 йил 14 январдаги 14-сонли «Шаҳар ҳудудидаги транспорт воситаларининг мажбурий техник кўригини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида»ги қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
15. Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
16. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш шаҳар ҳокимлиги капитал қурилиш, коммуникация, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари мажмуи бош мутахассиси в. в. б. Н. Бекназаров зиммасига юклатилсин.
Ҳоким в. в. б. Т.СУЛТОНОВ
Бекобод ш.,
2014 йил 6 февраль,
47-сон
Шаҳар ҳокимининг 2014 йил 6 февралдаги 47-сонли қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Шаҳар ҳудудидаги транспорт воситаларининг мажбурий техник кўригини ташкил этиш ва уни ўтказиш юзасидан тузилган комиссия
ТАРКИБИ
| Т/р | Фамилияси ва исми | Лавозими |
| 1. | Ш. Вахобов | Бекобод шаҳар ИИБ АМТФКМНБ бошлиғи, комиссия раиси |
| 2. | Ф. Куйдимурадов | Бекобод шаҳар ИИБ АМТФКМНБ бошлиғи ўринбосари, комиссия котиби |
|
КОМИССИЯ АЪЗОЛАРИ: | ||
| 3. | З. Деҳқонов | МКТ «Ватанпарвар» Бекобод шаҳар Кенгаши раиси |
| 4. | М. Анорқулов | «Кафолат» ДАСК Бекобод шаҳар филиали раҳбари |
| 5. | А. Сайдинов | «Бекобод АТС» МЧЖ раиси |
| 6. | З. Рахмонбердиев | «Сарбон» МЧЖнинг ҳаракат хавфсизлиги муҳандиси |
| 7. | У. Якубов | Бекобод шаҳар Мудофаа ишлари бўлими ходими |
| 8. | Ф. Камолов | «Ўзметкомбинат» ОАЖнинг Автотранспорт цехи ҳайдовчиси |
| 9. | М. Жалилов | «Бекободцемент» ОАЖ механиги |
| 10. | Б. Халиқов | Бекобод шаҳар Тиббиёт бирлашмасининг «Тез тиббий ёрдам» бўлими ҳайдовчиси |