Самарқанд вилояти Тайлоқ тумани ҳокимининг
Қарори
Туман ҳудудидаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли автомототранспорт воситалари ва уларга тиркамаларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш ҳақида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2021 йил 7 майдаги 219/30-VI-сонли «Самарқанд вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 25 майдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 йил 1-2-сон) ижросини таъминлаш мақсадида, туман Ички ишлар бўлимининг жорий йил 8 январдаги 53/25-сонли хатини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига асосланиб қарор қиламан:
1. Туман ҳудудидаги мулкчилик шаклидан қатъий назар юридик ва жисмоний шахсларга тегишли автомототранспорт воситалари ва уларга тиркамалар тегишли тартибда мажбурий техник кўрикдан ўтказилсин.
2. Туманда транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилсин:
а) тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар, ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар — бир йилда икки марта;
б) ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) — икки йилда бир марта;
в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) — бир йилда бир марта;
г) тиркамалар кўрикка транспорт воситаси — шатакчи учун белгиланган муддатларда.
3. Мазкур қарорнинг 2-банди «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларининг техник кўриги:
биринчи марта — 1 мартдан 30 июнгача;
иккинчи марта — 1 сентябрдан 31 октябргача ўтказилсин.
Юридик шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 мартдан 30 июнгача ўтказилсин.
Жисмоний шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 январдан 31 августгача ўтказилиши инобатга олинсин.
1-2-иловалар берилмайди.
5. Тумандаги юридик ва жисмоний шахсларга «JV MAN AUTO Uzbekiston» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонанинг техник кўрик ўтказиш учун зарур шароитлар мавжудлиги тўғрисидаги жорий йил 22 январдаги 32-сонли таклифига асосан, уларга тегишли бўлган автобус, ўриндиқлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ҳамда уларнинг тиркамаларини қўшма корхонанинг сервис ва диллерлик марказида, бошқа турдаги транспорт воситаларини «Самарқанд Автотеххизмат» ОАЖга қарашли тумандаги Агротехсервис МТПда техник кўрикдан ўтказилиши тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сонли «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомини тасдиқлаш ҳақида»ги қарори 3-банд талабларидан келиб чиқиб, туман мудофаа бўлими, ички ишлар бўлими ва Миллий хавфсизлик хизмати ҳарбий бўлинмалари транспорт воситалари мажбурий техник кўриклари ўз юқори ташкилотларининг қарори ва иш режаси асосида амалга оширилиши назарда тутилсин.
7. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари С. Дўсмуродов зиммасига юклатилсин.
8. Ушбу қарор қабул қилиниши билан туман ҳокимининг 2013 йил 19 февралдаги 76-Қ-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ҳоким П. АХМЕДОВ
Тайлоқ ш.,
2014 йил 7 февраль,
67-қ-сон