Жиззах вилояти Зафаробод тумани ҳокимининг
Қарори
Туман ҳудудида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, марака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларнинг ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 28 октябрдаги ПФ-2100-сон Фармони (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси 1998 й., 10-11-сон, 203-модда) ижросини таъминлаш ҳамда туман ҳудудидаги тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, марака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирлар шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчилик билан ўтказилиши кенг жамоатчиликни ташвишга солаётганлиги сабабли, бундай ҳолатларга чек қўйиш мақсадида қарор қиламан:
1. Туман Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Нуроний» жамғармаси, туман Маънавият-тарғибот марказининг бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари билан биргаликда тўй-ҳашам, маросим, марака ва оилавий тадбирларни мувофиқлаштирувчи Жамоатчилик Кенгашларини тузиш таклифи маъқуллансин.
2. Хотин-қизлар қўмитаси (Я. Холматова), «Маҳалла» хайрия жамоат фонди (И. Шербеков), «Нуроний» жамғармаси (К. Каттабеков), Маънавий-маърифий ишлари бўйича туман ҳокими ёрдамчиси (С. Инатова)ларга:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 28 октябрдаги ПФ-2100-сон Фармонига қатъий риоя қилган ҳолда туманда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, марака ва маросимларни, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастликка йўл қўймаслик, эл-юрт одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилишлик белгилаб қўйилсин;
Жамоатчилик Кенгашининг мақсад ва вазифаларини белгилаб, ўтказиладиган тўй-ҳашам, маросим, оилавий тантаналар ва бошқа тадбирларни ўтиш ҳолати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда тўй ва маросим эгалари билан ихчам, исрофгарчиликсиз ва белгиланган талаблар асосида ўтиш бўйича тушунтириш ва тарғибот ишларини мунтазам олиб бориш;
кенг жамоатчилик вакилларини жалб қилган ҳолда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, марака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни тартибга солиш ҳамда ихчам ва миллий қадриятлар асосида ўтказиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиб, тарғибот орқали жамият ҳаётига татбиқ этиш;
тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар ва маросимларни ўтказиш бўйича жамоатчилик фикрини инобатга олмайдиган фуқароларни маҳалла фуқаролар йиғинига таклиф қилиш, таъсир чорасини кўриш ва тушунтириш ишларини ўтказиш тизимини яратиш вазифалари топширилсин.
3. Туман Маданият ва спорт ишлари бўлими (А. Хайдаров) томонидан тўйлар ва тадбирларда санъаткорлар иштироки ва уларнинг кийиниш маданиятига риоя қилиши назоратга олинсин, раққосалик номи остида касбига номуносиб бўлган қиз-жувонларнинг тўйларга чиқиши қатъий чеклансин.
4. Туман Ички ишлар бўлими (Ж. Хожанов)га:
тўй-ҳашам муносабати билан келин-куёв ва уларнинг яқинлари туман ҳудудида айланиши ва суратга олиши жараёнида фуқаролар ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигига қатъий риоя этилишини назорат қилиш бўйича чора-тадбирлар белгилаш ва соат 22-30 дан кейин тўй-тантаналарнинг давом этмаслиги чораларини кўриш вазифаси юклатилсин.
5. Мулкчилик шаклидан қатъи назар, туманда жойлашган барча корхона, ташкилот, муассаса раҳбарлари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғини раисларига ушбу қарорнинг мазмун моҳиятини аҳоли ва меҳнат жамоасига етказиш ҳамда жойларда қарорнинг ижросини таъминлаш вазифалари топширилсин.
6. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши белгилаб қўйилсин.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосарлари С. Болқибоев ва Я. Холматовалар зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Э. АБДУРАСУЛОВ
Зафаробод ш.,
2013 йил 9 декабрь,
693-сон