Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг
Қарори
Тошкент шаҳрининг 2014 йилги маҳаллий бюджети тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2021 йил 4 июндаги 390/41-6-сонли «Тошкент шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2013 йил 12 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджети тўғрисида»ги СҚ-399-II сонли ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-2099-сонли қарорларига асосан, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-2099-сонли қарорига асосан Тошкент шаҳар ҳокимининг 2013 йил 28 декабрдаги 1051-сонли қарори билан қабул қилинган Тошкент шаҳрининг 2014 йилги маҳаллий бюджети параметри тасдиқлансин.
2. Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг 2013 йилдаги кутилаётган ижроси тўғрисидаги ахборот маълумот учун қабул қилинсин.
3. Тошкент шаҳар ва туман ҳокимларининг қарор ва фармойишлари билан 2013 йил давомида маҳаллий бюджетга киритилган ўзгартиришлар, ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган тақдимномалар тасдиқлансин.
4. Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг 2012 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботга кўра, бюджетнинг даромад қисми 1 206 914,1 (бир триллион икки юз олти миллиард тўққиз юз ўн тўрт миллион бир юз минг) млн. сўмга, харажат қисми 1 056 360,9 (бир триллион эллик олти миллиард уч юз олтмиш миллион тўққиз юз минг) млн.сўмга ижро этилгани, яъни даромадлар харажатлардан 150 553,2 (бир юз эллик миллиард беш юз эллик уч миллион икки юз минг) млн.сўмга кўп тушганлиги инобатга олинсин.
5. Тошкент шаҳар ҳокими (Р. Усманов):
Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликлари бюджет даромадлари ва харажатларининг тасдиқланган кўрсаткичлари бажарилиши таъминласин, солиқ базасини кенгайтириш ҳамда иқтисодий салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсин, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.
6. «ТошБошПланЛИТИ» институти, Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси билан биргаликда, бир ҳафта муддатда ер солиғи тўлови ставкалари бўйича зоналар чегараларининг схемасини тасдиқлаш учун Тошкент шаҳар ҳокимлигига киритилсин.
7. Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси бир ҳафта муддатда, чегараларнинг схемаси асосида ер солиғи тўлови ставкалари бўйича зоналарнинг тавсифларини тасдиқлаш учун Тошкент шаҳар ҳокимлигига киритилсин.
8. Тегишли бошқарма, муассаса ва ташкилотлар ўзларининг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар.
9. Тошкент шаҳар Молия бош бошқармасига белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлигининг билдиришномасига кўра, бюджетнинг даромад ва харажат қисмига ўзгартиришлар киритилишига рухсат берилсин.
10. Ушбу қарор ижросининг назорати халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси зиммасига юклатилсин.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Р. УСМАНОВ
Тошкент ш.,
2013 йил 28 декабрь,
278/4-32-сон