Тошкент шаҳар ҳокимининг
Қарори
Тошкент шаҳрининг 2014 йилги маҳаллий бюджети параметрлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2013 йил 12 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджети тўғрисида»ги СҚ-399-II-сон қарори хамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-2099-сонли қарори, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон, 320-модда;) 25-моддасига асосан қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-2099-сонли қарори ижро учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Тошкент шаҳрининг 2014 йилги маҳаллий бюджети асосий параметрлари 1-иловага* мувофиқ;
Туманлар ва шаҳар маҳаллий бюджетларининг 2014 йил даромадлари ва харажатлари, шаҳар маҳаллий бюджетидан туман маҳаллий бюджетларига бериладиган даромадларнинг ҳажми 2-иловага* мувофиқ;
Умумдавлат солиқларидан туманлар маҳаллий бюджетларига ажратмалар меъёри 3-иловага* мувофиқ;
Туманлар ва шаҳар. маҳаллий бюджетларининг 2014 йил учун нақд пул касса айланмасининг йўл қўйиладиган энг кам миқдорлари 4-иловага* мувофиқ тасдиқлансин
1 — 4-иловалар берилмайди.
3. Тошкент шаҳар Молия бош бошқармасига ўрнатилган тартибда тегишли маҳаллий бюджетларга маблағлар ва бюджет ссудалари (даромадлар ва харажатлар ўртасидаги вақтинчалик касса тафовутларини қоплаш учун) ажратишда, уларнинг миқдорларини ҳудудлар бўйича барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушишидан, шунингдек иш ҳақи (ягона ижтимоий тўлов билан), нафақалар ва уларга тенглаштирилган тўловлар бўйича бюджет харажатларини биринчи навбатда сўзсиз молиялаштирилиши зарурлигидан келиб чиққан ҳолда аниқлаштириш ҳуқуқи берилсин.
4. Молия бош бошқармаси (Н. Сабиров):
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг билдиришномасига кўра, бюджетнинг даромад ва харажат қисмига ўзгартиришлар киритишига рухсат берилсин.
5. Мазкур қарор ўрнатилган тартибда халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши сессияси тасдиғига киритилсин.
6. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати (Х. Эрматов), «Тошкент оқшоми» ва «Вечерний Ташкент» газеталари таҳририяти (А. Акрамов):
Мазкур қарор расман эълон қилинишини таъминласин.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Ф. Зияев зиммасига юклансин.
Ҳоким Р. УСМОНОВ
Тошкент ш.,
2013 йил 28 декабрь,
1051-сон