Андижон вилояти Булоқбоши тумани ҳокимининг
Қарори
Тумандаги ижтимоий муҳофазага муҳтож шахслар учун банд қилиб қўйиладиган иш ўринларини белгилаш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг 2021 йил 3 майдаги 116/24-6-сонли «Андижон вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 28 июндан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддаси, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 186-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 6, 25-моддаларига асосан қарор қиламан:
1. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказининг 2013 йил 15 августдаги 200-сонли хати маълумот учун қабул қилинсин.
2. Тумандаги ижтимоий муҳофазага муҳтож шахсларни тоифалари бўйича ишга жойлаштириш ҳамда ишловчилар сони 20 нафардан ортиқ бўлган корхоналарда ижтимоий муҳофазага муҳтож шахсларга банд қилиб қўйиладиган иш ўринлари миқдори иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
3. Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишга қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш жойлари қуйидагича банд этилсин:
ногиронлар учун — 8 нафар;
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшларга, шунингдек олий ўқув юртларининг давлат грантлари асосида таълим олган битирувчилар учун — 194 нафар;
ёлғиз ота, ёлғиз она ҳамда кўп болали ота-оналар учун — 59 нафар;
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидан муддатли харбий хизматдан бўшатилганлар учун — 12 нафар;
жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларига тортилган шахслар учун — 7 нафар;
ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларнинг бошқа тоифалари учун — 3 нафар;
пенсия ёшига яқинлашиб қолганлар учун —7 нафар;
«Одам савдоси»дан жабрланганлар учун — 1 нафар.
4. Тумандаги корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига:
ижтимоий муҳофазага муҳтож шахсларнинг кўрсатиб ўтилган тоифалари учун ажратилган иш жойларида санитария-гигиена нормалари ва ҳодимларнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бемалол бажарилишини таъминлайдиган меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат қонунчилиги бўйича қисқартирилган иш соатлари ва қўшимча меҳнат таътилларини ташкил қилиш;
ижтимоий муҳофазага муҳтож шахслар учун банд қилиб қўйиладиган иш ўринларининг кўрсатиб ўтилган миқдорини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомда белгиланган муддатларда ва тартибда барпо этилишини (ажратилишини ёки банд қилиб қўйилишини) таъминлаш вазифалари юклатилсин.
5. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (М. Юлчиев)га бир ҳафта муддатда мазкур қарорнинг иловасида кўрсатилган корхона, ташкилот ва муассасаларга банд қилиб қўйилиши лозим бўлган иш ўринлари сони юзасидан туман ҳокимлигига ахборот такдим этиш вазифаси юклатилсин.
6. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (М. Юлчиев), туман тиббиёт бирлашмаси (Т. Давронов) хамда туман Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази (Қ. Бакиров)ларга тумандаги ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарлари томонидан ижтимоий муҳофазага муҳтож шахслар учун банд қилиб қўйиладиган иш жойларининг меҳнат шароитларига мос келиши устидан назорат олиб бориш вазифаси юклатилсин.
7. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан туман ҳокимининг 2012 йил 28 сентябрдаги 324-Қ-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. «Булоқбоши» газетаси таҳририяти (А. Ғозиев)га мазкур қарорни газета саҳифалари орқали кенг оммага етказиш вазифаси топширилсин.
9. Ушбу қарор бажарилишини назорат қилиш туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази директори М. Юлчиев ва туман ҳокимининг ўринбосари И. Тўрабоевлар зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Д. МАХСУДОВ
Булоқбоши т.,
2014 йил 3 январь,
4-қ-сон
(«Булоқбоши» газетаси, 11.01.2014 й., 1 (891)-сон)