Жиззах вилояти Мирзачўл тумани ҳокимининг
Қарори
Тумандаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли автомототранспорт воситалари ва уларга тиркамаларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
Мазкур қарор Жиззах вилояти Мирзачўл тумани ҳокимининг 2015 йил 16 мартдаги 245-сонли «Тумандаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли автомототранспорт воситалари ва уларга тиркамаларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 15-сон, 197-модда) 17-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 1-2-сон, 17-модда) мувофиқ транспорт воситаларининг 2014 йилда мажбурий техник кўригини ташкил қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон, 320-модда) асосан қарор қиламан:
1. Туман ҳудудидаги барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган автомототранспорт воситалари ва уларга тиркамалар мажбурий техник кўрикдан ўтказилсин.
2-илова берилмайди.
3. Тумандаги барча транспорт воситалари эгалари бўлган юридик ва жисмоний шахсларга транспорт воситаларини техник паспорти билан биргаликда, ўз вақтида режа жадвал асосида кўрикдан ўтказиш мажбурияти юклатилсин.
4. Транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилсин:
а) тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар — бир йилда икки марта;
б) ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) — икки йилда бир марта;
в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) — бир йилда бир марта;
г) тиркамалар кўрикка транспорт воситаси — шатакчи учун белгиланган муддатларда тақдим этилади.
5. Қарорнинг 4-банди «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларнинг техник кўриги:
биринчи марта — 3 март — 30 июнда;
иккинчи марта — 1 сентябрь — 31 октябрда ўтказилади.
Юридик шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 3 март — 30 июнда;
Жисмоний шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 3 мартдан — 31 августга қадар ўтказилсин.
6. Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш туман комисссияси (Б. Махкамов)га:
транспорт воситаларининг техник ҳолати, улардан фойдаланиш нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан самарали назоратни ташкил этиш;
транспорт воситаларининг техник ҳолати ва ускуналари йўл ҳаракати хавфсизлиги стандартлари, қоидалари, нормаларига мувофиқлигини баҳолаш вазифаси юклатилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сон «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори 3-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлигининг ички ва соқчилик қўшинлари, Миллий хавфсизлик хизматининг ҳарбий бўлинмалари транспорт воситалари кўрсатиб ўтилган идоралар томонидан белгиланган тартибда мажбурий техник кўрикдан ўтказилиши инобатга олинсин.
8. Транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ йиғим ундирилсин.
9. Туман ички ишлар бўлими (Р. Тугалов) мажбурий техник кўрик якуни тўғрисида туман ҳокимлигига ахборот тақдим этсин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари А. Акбўтаев зиммасига, ижросини ташкил этиш туман ички ишлар бўлими бошлиғи Р. Тугалов зиммасига юклатилсин.
11. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ҳоким М. БОБОБЕКОВ
Гагарин ш.,
2014 йил 4 март,
137-сон
Туман ҳокимининг 2014 йил 4 мартдаги 137-сонли қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Туман ҳудудидаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли автомототранспорт воситаларини 2014 йилда техник кўрикдан ўтказиш туман комиссияси
ТАРКИБИ
| № |
Фамилияси ва исми |
|
Лавозими |
| 1. | Махкамов Ботир | — | Туман ИИБ ЙХХБ бошлиғи — комиссия раиси |
| 2. | Саидов Санжар | — | Халқ банки туман бўлими ходими |
| 3. | Майтесин Людмила | — | «Агросуғурта» ДАСК туман бўлими нозири |
| 4. | Кореньков Леонид | — | «Прокофьевтранс» МЧЖ муҳандиси |
| 5. | Мухамадиев Абдуазиз | — | Туман автоҳаваскорлар жамияти ходими |