жиззах вилояти Арнасой тумани ҳокимининг
Қарори
Тумандаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли автомототранспорт воситалари ва уларнинг тиркамаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 54-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 1-2-сон, 17-модда) ижросини таъминлаш максадида қарор қиламан:
1. Туман ҳудудидаги барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган автомототранспорт воситалари ва уларнинг тиркамалари мажбурий техник кўрикдан ўтказилсин.
2-илова берилмайди.
3. Тумандаги барча транспорт воситалари эгалари бўлган юридик ва жисмоний шахсларга транспорт воситаларини техник паспорти билан биргаликда, ўз вақтида режа жадвал асосида кўрикдан ўтказиш мажбурияти юклатилсин.
4. Транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилсин:
а) тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларнинг тиркамалари — бир йилда икки марта;
б) ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) — икки йилда бир марта;
в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) — бир йилда бир марта;
г) тиркамалар кўрикка транспорт воситаси — шатакчи учун белгиланган муддатларда тақдим этилади.
5. Қарорнинг 4-банди «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларнинг техник кўриги:
биринчи марта — 1 март — 30 июнда;
иккинчи марта — 1 сентябрь — 31 октябрда ўтказилади.
Юридик шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 март — 30 июнда;
Жисмоний шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 28 февралдан — 31 августга қадар ўтказилсин.
6. Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш туман комисссияси (Ш. Худоёров)га:
транспорт воситаларининг техник ҳолати, улардан фойдаланиш нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан самарали назоратни ташкил этиш;
транспорт воситаларининг техник ҳолати ва ускуналари йўл ҳаракати хавфсизлиги стандартлари, қоидалари, нормаларига мувофиқлигини баҳолаш вазифаси юклатилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сон «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлигининг ички ва соқчилик қўшинлари, Миллий хавфсизлик хизматининг ҳарбий бўлинмалари транспорт воситалари кўрсатиб ўтилган идоралар томонидан белгиланган тартибда мажбурий техник кўрикдан ўтказилиши инобатга олинсин.
8. Транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ йиғим ундирилсин.
9. Туман ички ишлар бўлими (Ж. Каримов) мажбурий техник кўрик якуни тўғрисида туман ҳокимлигига ахборот тақдим этсин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамада қолдираман, ижросини ташкил этиш туман ички ишлар бўлими бошлиғи Ж. Каримов зиммасига юклатилсин.
11. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ҳоким Ф. САЛОХИДДИНОВ
Ғолиблар ш.,
2014 йил 28 февраль,
70-сон
Туман ҳокимининг 2014 йил 28 февралдаги 70-сонли қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Арнасой туманидаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли автомототранспорт воситалари ва уларга тиркамаларни 2014 йилда мажбурий техник кўрикдан ўтказиш бўйича туман комиссияси
ТАРКИБИ
| 1. | Ш. Худоёров | — | туман ИИБ ЙҲХГ катта нозири, комиссия раиси |
| 2. | А. Улуғмуродов | — | ҳаракат хавфсизлиги муҳандиси, комиссия раиси ўринбосари |
| 3. | Н. Мансуров | — | туман мудофа ишлари бўлими бошлиғи |
| 4. | Н. Низомов | — | туман Агросуғурта компанияси бошлиғи |
Изоҳ: Комиссия аъзолари техникаларни кўрикдан ўтказиш давомида кўрик тугагунга қадар қатнашишлари шарт.