Фарғона вилояти Сўх тумани ҳокимининг
Қарори
Сўх туманида аҳолининг шахсий ва дала томорқаларидан самарали фойдаланиш, уларга талаб этиладиган моддий техник ресурсларни етказиб бериш ва ишларни тизимли ташкил этиш юзасидан қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 ноябрдаги «2014 йил ҳосили учун пухта замин яратиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни янада кучайтириш, белгиланган устувор йўналишларни амалга оширишни тизимли ташкил этишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисисда»ги 1-03-15-37-сонли баёнининг III-устувор йўналиши — Аҳолининг шахсий ва дала томорқаларидан самарали фойдаланиш, уларга талаб этиладиган моддий техник ресурсларни етказиб бериш ва ишларни тизимли ташкил этиш тўғрисидаги топшириқлар ижросини таъминлаш, туманда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни купайтириш ҳисобига аҳолини йил давомида сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, аҳолининг шахсий ва дала томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ва вилоят ҳокимининг 2013 йил 5 декабрдаги 252-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 ноябрдаги «2014 йил ҳосили учун пухта замин яратиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни янада кўпайтириш, белгиланган устувор йўналишларни амалга оширишни тизимли ташкил этишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 1-03-15-37-сонли баёни ҳамда мазкур йиғилиш баёни ижросини таъминлаш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг 2013 йил 5 декабрдаги 252-сонли қарори маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Аҳоли шахсий ва дала томорқаларидан самарали фойдаланиш, уларга талаб этиладиган моддий-техник ресурсларни етказиб бериш ва тизимли ишларни ташкил этиш бўйича туман ишчи гуруҳи таркиби 1-иловага* мувофиқ;
аҳоли шахсий ва дала томорқаларидан самарали фойдаланиш, уларга талаб этиладиган моддий-техник ресурсларни етказиб бериш тизими ва масъулларнинг вазифалари 2-иловага* мувофиқ;
аҳоли шахсий ва дала томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш схемаси 3-иловага* мувофиқ;
аҳолининг шахсий ва дала томорқаларидан самарали фойдаланиш, уларга талаб этиладиган моддий техник ресурсларни етказиб беришни ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган дастури 4-иловага* мувофиқ;
туман ташкилотларидан бириктирилган вакилларнинг ҳар бир ҳудудлардаги хонадонларни ўрганиш графиги 5-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1—5-иловалар берилмайди.
3. Туман Ишчи гуруҳига:
2 кун муддатда аҳоли шахсий томорқалари, айниқса кам таъминланган оилалардаги жами, ерлар, шундан экин экиладиган, янги мевали, ток кўчатлари экиладиган ва иссиқхоналар қуриладиган жойларни аниқлаб, экиладиган экин ва кўчатларни жойлаштириш ва ҳар бир кам таъминланган хонадонга масъулларни бириктирган ҳолда уларга талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини ўз вақтида етказиб бериш ва сифатли хизмат кўрсатиш тизими бўйича аниқ ҳисоб-китобларни қилган ҳолда манзилли чора-тадбирлар Дастурини ишлаб чиқиш;
бир ҳафта муддатда тегишли ташкилотларни жалб қилган ҳолда маҳаллаларда ҳар бир хонадон кесимида бўш турган ер майдонларида экин турларини жойлаштириш, чорва-паррандалар сони тўғрисидаги маълумотларни ўзида акс эттирган «Хонадон паспортлари»ни ҳамда хонадонларда «Ҳисоб-китоб юритиш дафтарлари» намунавий шаклини ишлаб чиқиб, ўрнатилган тартибда жорий этиш;
томорқага талаб этиладиган, минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш материаллари, кўчат ва уруғ, зараркунандаларга қарши кураш бўйича препаратлар талабини аниқлаб, зарур бўлган ҳолларда ўз муддатида кредит ажратиш ва етказиб бериш чораларини кўриш;
бир ҳафта муддатда томорқа ерлари учун аҳолига майда қадоқланган минерал ўғитларни етказиб бериш бўйича йиллик графигини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш ва унинг бажарилишини таъминлаш чораларини кўриш;
маҳаллалар кесимида боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилалар рўйхатини шакллантирган ҳолда ҳар бир оила учун бепул равишда 50 бош парранда тарқатиш чораларини кўриш;
туман миқёсида қабул қилинган дастур ижроси юзасидан мазкур қарорнинг 3-иловасига мувофиқ тасдиқланган тизим асосида ишларни ташкил этиш ва ижроси юзасидан назорат ўрнатган ҳолда туман Ишчи гуруҳига таҳлилий маълумотлар тақдим этиб бориш вазифаси юклатилсин.
4. «Агробанк» ОАТБ туман бўлими, «Қишлоқхўжаликкимё» ХАБ туман бўлими ҳамда туман ишчи гуруҳи билан биргаликда аҳоли томорқалари учун талаб қилинадиган уруғлик, мевали кўчат, минерал ўғит, иш анжомлари ва бошқа моддий-техника ресурсларини етказиб бериш мақсадида ҳар бир маҳаллаларда махсус кўчма ва доимий фаолият кўрсатувчи ихтисослашган дўконларни 2014 йилнинг 1 февралига қадар ташкил этиб, уларнинг фаолият юритишини ҳамда сифатли хизмат кўрсатиш тизимини ташкил этиш чораларини кўрсин.
5. Туман нефть база унитар корхонаси, «Қишлоқхўжаликкимё» шуъба корхонаси, туман Ўсимликларни ҳимоя қилиш бўлими 1 ой муддатда томорқаларда маҳсулот етиштириш учун зарур бўлган ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва минерал ўғитларни етказиб бериш бўйича ташкил этилган шохобчаларда маҳсулот етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда экинларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш бўйича хизмат кўрсатиш йиллик режа-жадвалини ишлаб чиқиб, тизимли равишда ишлашни жорий этсин.
6. Туман «Агробанк» ОАТБ бўлими аҳоли шахсий ва дала томорқаларида, айниқса кам таъминланган хонадонлар бўйича, уруғ, кўчат ва зарур бўлган анжомлар сотиб олиш ва парваришлаш учун зарур бўлган кредит маблағларини ўз вақтида ажратишни таъминласин.
7. Туман Ишчи гуруҳи, туман Ер ресурслари ва Давлат кадастри бўлими ва туман Қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимига:
бир ой муддатда жойларда мавжуд дала томорқа ерларидан фойдаланишнинг ҳолатини ўрганиб чиқиб, алмашлаб экишни жорий этиш мақсадида дала томорқа ерларини алмаштириш, самарасиз ва ноқонуний фойдаланилаётган ерларни қонун ҳужжатлари асосида қайтариб олиш бўйича тегишли чора-тадбирларни белгиласин.
8. Туман сув хўжалиги бўлимига:
бир ой муддатда вегетация даврида аҳоли томорқаларига суғориш сувини талаб даражасида етказиб бериш, маҳаллалардаги ариқларни ҳашар йўли билан тозалаш, ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
9. Туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар Қўмитаси раиси (О. Тухтабоева) оммавий ахборот воситалари орқали томорқа ерларидан самарали фойдаланаётган, илғор тажрибага эга бўлган намунали хонадонларни ҳамда томорқа ер майдонидан самарасиз фойдаланаётган хонадонларни кенг ёритиб борувчи махсус кўрсатув ва рукнларни ташкил этсин.
10. Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
11. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Ҳоким Т. РАҲИМОВ
Ровон ш.,
2013 йил 30 декабрь,
264-сон
(«Садои сух» газетаси, 25.01.2014 й., 2 (6288)-сон)