Жиззах вилояти Бахмал тумани ҳокимининг
Қарори
Туман ҳудудида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, марака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 28 октябрдаги ПФ-2100-сон Фармони (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахбротномаси 1998 й., 10-11-сон, 203-модда) ижросини таъминлаш ҳамда туман ҳудудидаги тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, марака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчилик билан ўтказилиши кенг жамоатчиликни ташвишга солаётганлиги сабабли бундай ҳолатларга чек қўйиш мақсадида қарор қиламан:
1. Туман Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» ҳайрия жамоат фонди туман бўлими, «Нуроний» жамғармаси, Маънавият тарғибот маркази ҳамда бошқа нодавлат-нотижорат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари билан биргаликда тўй-ҳашам, маросим ва оилавий тадбирларни мувофиқлаштирувчи Жамоатчилик Кенгашларини тузиш таклифи маъқуллансин.
2. Туман Хотин-қизлар қўмитаси (В. Алимова), «Маҳалла» ҳайрия жамоат фонди раиси в/б (Т. Пардаев), «Нуроний» жамғармаси (А. Қурбоназаров), Маънавият тарғибот маркази (Қ. Бектемиров)ларга:
Жамоатчилик Кенгашининг мақсад ва вазифаларини белгилаб, ўтказиладиган тўй-ҳашам, маросим ва оилавий тантаналар ва бошқа тадбирларни ўтиш ҳолати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда тўй ва маросим эгалари билан ихчам, исрофгарчиликсиз ва белгиланган талаблар асосида ўтказиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш;
кенг жамоатчилик вакилларини жалб қилган ҳолда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, марака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни тартибга солиш ҳамда ихчам ва миллий қадриятлар асосида ўтказиш бўйича жамоатчилик фикрини инобатга олмайдиган фуқароларни маҳалла фуқаролар йиғинига таклиф қилиш ушбу масалани маҳаллада ва меҳнат жамоасида муҳокама этиш, таъсир чорасини кўриш ва тушунтириш ишларини ўтказиш тизимини яратиш вазифалари топширилсин.
3. Туман Маданият ва спорт ишлари бўлими (Б. Дониёров) тўйлар ва маракаларда санъаткорлар иштироки ва уларнинг кийиниш маданиятига риоя қилиши назоратга олинсин, раққосалик номи остида касбига номуносиб бўлган қиз-жувонларнинг тўйларга чиқиши қатьий чеклансин.
4. Туман ички ишлар бўлими (Ф. Тўйчиев)га тўй-ҳашам муносабати билан келин-куёв ва уларнинг яқинлари туманда айланиши ва суратга олиши жараёнида фуқаролар йўл ҳаракати хавфсизлигига қатъий риоя этишини назорат қилиш бўйича чора-тадбирлар белгиласин.
5. Мулкчилик шаклидан қатъи назар туманда жойлашган барча корхона, ташкилот, муассаса, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғини раисларига ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ва меҳнат жамоасига етказиш ҳамда жойларда қарорнинг ижросини таъминлаш вазифалари топширилсин.
6. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
7. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокими ўринбосарлари О. Абдурахимов ва В. Алимовалар зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Б. ИЗБАСАРОВ
Ўсмат ш.,
2013 йил 14 август,
540-сон