Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳокимининг
Қарори
Туманда ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2021 йил 7 майдаги 219/30-VI-сонли «Самарқанд вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 25 майдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддаси, «Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 25-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомга асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун туманда 2014 йил учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш мақсадида ҳамда туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказининг 2013 йил 16 сентябрдаги 536-сонли хатини кўриб чиқиб, туман ҳудудида жойлашган корхоналарда иш ўринларининг энг кам миқдорини белгилаш юзасидан берилган таклифларни инобатга олиб қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддасига асосан 2014 йилда туман ҳудудидаги корхоналар учун ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун тумандаги ташкилот, муассаса ва корхоналар бўйича ходимларнинг рўйхат бўйича (1-илова*) ўртача сонига нисбатан 7 фоиз, шу жумладан ногиронлар учун 3 фоизи миқдорида, жумладан:
ёлғиз ота, ёлғиз она ҳамда 14 ёшгача ва ногирон болалари бор кўп болали ота-оналар учун — 70 киши;
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшларга, шунингдек, олий ўқув юртларининг давлат грантлари асосида таълим олган битирувчилар учун 286 киши;
(1-банднинг учинчи хатбошиси Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳокимининг 2014 йил 10 январдаги 12-қ-сонли қарори таҳририда)
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганларга 15 киши.
(1-банднинг тўртинчи хатбошиси Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳокимининг 2014 йил 10 январдаги 12-қ-сонли қарори таҳририда)
ногиронлар учун — 13 киши;
бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш туман (шаҳар) марказларида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар — 4 киши;
жазони ўташ муассасаларидан бўшатилган, жазони ўтаётган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун — 16 киши миқдорида иш ўринлари захираси белгилансин.
одам савдосидан жабрланганлар учун 15 киши;
бошқа тоифадаги шахслар учун 15 киши.
(1-банд Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳокимининг 2014 йил 10 январдаги 12-қ-сонли қарорига асосан саккизинчи ва тўққизинчи хатбошилар билан тўлдирилган)
2. Аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш қидиришда қийналаётган шахслар учун банд қилинадиган иш ўринларига ишга жойлаштириш борасида амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳи 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1-2 иловалар берилмайди.
3. Корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун иш жойларининг кўрсатиб ўтилган миқдорини Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ белгиланган муддатларда ва тартибда яратилишини (ажратилишини ёки банд этиб қўйилишини) ҳамда иш жойлари санитария-гигиена нормаларига ва ходим ўз мажбуриятларини бемалол бажаришини таъминлайдиган меҳнат шароитларига мувофиқ бўлишини таъминласинлар.
4. Ушбу қарор ижроси бажарилмаган тақдирда ташкилотларнинг мансабдор шахсларига «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 15-бандига мувофиқ жарима солинади.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида»ги низомга асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш қидиришда қийналаётган шахслар учун банд қилиб қўйиладиган иш ўринларини туман ҳокими томонидан белгиланган миқдордан ортиқча ташкил этган ташкилотлар ушбу иш ўринларини ташкил этишга сарфланган маблағларининг бир қисмини туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази билан тузилган шартнома асосида Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш ҳуқуқига эга эканликлари инобатга олинсин.
6. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (А. Туробов) бир ҳафта муддатда мазкур қарорни тегишли корхона ва ташкилот раҳбарларига етказсин ҳамда унинг бажарилиши устидан қатъий назоратни таъминласин.
7. Туман ҳокимининг 2012 йил 10 октябрдаги 455-Қ-сонли «Пахтачи туманда ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида»ги қарори 2013 йил 31 декабрдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари А. Усманов зиммасига юклатилсин.
9. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ҳоким в.б. Ҳ. ЖЎРАЕВ
Пахтачи т.,
2013 йил 27 сентябрь,
518-қ-сон