Бухоро вилояти Олот тумани ҳокимининг
Қарори
Туманда 2014 йилда ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида
Мазкур қарор Бухоро вилояти ҳокимининг 2021 йил 2 июндаги 242-сонли «Шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сон қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й, 34-сон, 333-модда) низомга асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомга асосан корхоналар кесимида ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналадиган шахслар учун иш ўринларининг энг кам сони (квоталанган иш ўринлари) иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
Ходимларнинг рўйхат бўйича ўртача сонидан 334 кишини ташкил этадиган 100 фоиз миқдорида, шу жумладан:
ёлғиз ота, ёлғиз она ҳамда 14 ёшгача ва ногирон болалари бор кўп болали ота-оналар учун 17,4 фоиз (58 киши);
таълим муассасаларини тугатган ёшлар учун 70,1 фоиз (234 киши);
муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар учун 4,2 фоиз (14 киши);
ногиронлар учун 3,0 фоиз (10 киши);
туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун 0,9 фоиз (3 киши);
жазони ўташ муассасаларидан бўшатилган, жазони ўтаётган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун 2,0 фоиз (7 киши);
ижтимоий муҳофазага муҳтож шахсларнинг бошқа тоифалари учун 2,4 фоиз (8 киши) иш ўринлари захираси белгилансин.
2. Корхона ташкилотлар раҳбарларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомига мувофиқ ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун иш ўринлари ташкил этиш топширилсин.
3. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (А. Қорёғдиев) бир ҳафта муддатда ушбу қарорни иловада белгиланган корхоналарга етказсин, ҳамда ушбу қарорнинг бажарилиши бўйича юқори ташкилотларга ҳар ой маълумот бериб бориш топширилсин.
4. Ушбу қарор бажарилмаган тақдирда ташкилотнинг мансабдор шахсларига «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 15-бандига мувофиқ жарима солинади.
5. Ушбу қарор «Олот ҳаёти» газетасида эълон қилинсин.
6. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш. Бешимов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Ш. САЛОМОВ
Олот т.,
2013 йил 2 октябрь,
531-сон