Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида
Юртимизда мўътабар аёл зотига муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларнинг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш, баркамол хотин-қизлар авлодини вояга етказиш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 10 июндаги «Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ қабул қилинган низомга асосан:
1. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссиясининг аъло хулқи, зукколиги, ўқишдаги муваффақиятлари, ташаббускорлиги билан ноёб истеъдодини намоён этаётган ҳамда адабиёт, маданият, санъат, таълим ва спорт соҳаларидаги алоҳида ютуқлари учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг иқтидорли қизларини Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги таклифлари иловадаги* рўйхатга мувофиқ маъқуллансин.
* Илова берилмайди
2. Зулфия номидаги Давлат мукофоти бўйича кўзда тутилган 14 та мукофот ўрнига 2014 йил учун истисно тариқасида 16 та мукофот берилиши белгилансин.
3. Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланганларга 8 март — Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишлаб ўтказиладиган тантаналарда совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари топширилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорларининг ҳар бирига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида пул мукофоти берилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаларининг ибратли фаолияти, уларнинг ноёб истеъдоди ва эришган ютуқларини кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э. Боситхонова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2014 йил 3 март,
ПҚ-2138-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 й., 3-сон, 69-модда)