Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг
Қарори
САЙЛОВЧИЛАР ФИКРИНИ ЎРГАНИШ ЮЗАСИДАН ОЛИЙ МАЖЛИСНИНГ ИККИНЧИ СЕССИЯСИДА ТУЗИЛГАН КОМИССИЯНИНГ АХБОРОТИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:
1. Олий Мажлис иккинчи сессиясида тузилган Комиссия республиканинг олти миллиондан ортиқ фуқароси фикрини ўрганиб Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримовнинг референдум орқали узайтирилган ваколатлари муддатини президентлик лавозимида бўлишини иккинчи муддат деб эътироф этиш тўғрисида баёнотини сайловчиларнинг мутлақ кўпчилиги қўллаб-қувватламади деган хулосага келганлиги ҳақидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
Меҳнат жамоаларида ва аҳоли турар жойларида бўлиб ўтган 22 мингдан ортиқ йиғилишларда, депутатларнинг сайловчилар билан учрашувларида таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳамда Референдум тўғрисидаги Қонуннинг тегишли моддалари мазкур масала юзасидан ўзгача қарор қабул қилиш учун асос бўла олмайди.
2. Қонун ҳужжатларига (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2, 7 ва 9-моддаларида ҳамда Референдум тўғрисидаги Қонуннинг 1-моддаси) амал қилиб ва Комиссия хулосасида баён этилган сайловчилар фикрини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг референдум орқали узайтирилган ваколатлари муддатини президентлик лавозимида бўлишининг иккинчи муддат деб эътироф этиш тўғрисидаги баёнотида изҳор этган илтимоси мақбул эмас ва шу билан мазкур масала муҳокамаси тугаган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
1995 йил 30 август,
102-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 9-сон, 177-модда)