Ўзбекистон ССЖ Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон ССЖ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш Комиссияси тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 2 июлдаги 333-сонли «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш комиссияси тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон ССР Министрлар Совети ҳузуридаги йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш Комиссияси Ўзбекистон ССЖ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш Комиссияси деб қайта номлансин ва унинг таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Илова қилинаётган:
Ўзбекистон ССЖ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш Комиссияси тўғрисидаги низом;
Қорақалпоғистон МССЖ Вазирлар Кенгаши, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва ноҳия Советлари ижроия қўмиталари ҳузуридаги йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш Комиссиялари тўғрисидаги намунавий низом тасдиқлансин.
3. Қорақалпоғистон МССЖ Вазирлар Кенгаши, вилоят ижроия қўмиталари, шаҳар ижроия қўмиталари ва ноҳия ижроия қўмиталари икки ой муддат ичида намунавий Низом асосида ва маҳаллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда Қорақалпоғистон МССЖ Вазирлар Кенгаши, халқ депутатлари вилоят, шаҳар, ноҳия Советлари ижроия қўмиталари ҳузуридаги йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш Комиссиялари тўғрисидаги тегишли низомларни ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.
4. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1979 йил 11 июлдаги 478-сон, 1986 йил 25 июндаги 320-сон, 1987 йил 30 январдаги 38-сон, 1987 йил 30 сентябрдаги 408-сон, 1989 йил 18 апрелдаги 145-сон ва 1989 йил 18 августдаги 291-сон қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон ССЖ Вице-Президенти Ш. МИРСАИДОВ
Тошкент ш.,
1991 йил 30 апрель,
113-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 30 апрелдаги 113-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон ССЖ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш Комиссиясининг
ТАРКИБИ
| Нўъмонов П. Қ. | — | Ўзбекистон ССЖ Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, қурилиш, транспорт ва алоқа комплексининг раҳбари (Комиссия раиси) |
| Норгитов И. Н. | — | Ўзбекистон ССЖ Ички ишлар вазирининг ўринбосари (Комиссия раисининг ўринбосари) |
| Ҳайдаров Р. Ҳ. | — | Ўзбекистон КП Марказий Қўмитаси ташкилий-партиявий ва ҳуқуқий ишлар бўлими мудирининг ўринбосари |
| Ҳусаинов А. Ю. | — | Ўзбекистон ССЖ Президенти аппарати давлат ҳуқуқи бўлимининг консультанти |
| Азимбеков О. А. | — | Ўзбекистон ССЖ Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси капитал қурилиш, транспорт ва алоқа бўлими мудирининг ўринбосари |
| Абдусаломов М. Э. | — | Ўзбекистон ССЖ Адлия вазирининг ўринбосари |
| Ваулин М. А. | — | Ўзбекистон ССЖ ИИВ давлат автомобиль инспекцияси бошқармасининг бошлиғи (Комиссиянинг масъул котиби) |
| Василенко С. П. | — | Ўзбекистон ССЖ Автомобиль транспорти вазирининг биринчи ўринбосари |
| Гуськова Т. Н. | — | Ўзбекистон ССЖ Молия вазирининг биринчи ўринбосари |
| Жуманиёзов К. Д. | — | Ўзбекистон ЛКЁИ МҚ котиби |
| Колганов В. И. | — | Ўзбекистон ССЖ Давлат стандартлар қўмитаси раисининг ўринбосари |
| Конюхов В. Г. | — | Ўзбекистон ССЖ Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раисининг ўринбосари |
| Мусорин Н. И. | — | Ўзбекистон ССЖ Автомобиль йўллари вазирининг биринчи ўринбосари |
| Мусаев Э. М. | — | Ўзбекистон ССЖ Давлат телевидение ва радиоэшиттириш қўмитаси раисининг ўринбосари |
| Собиров А. Ф. | — | Ўзбекистон ССЖ автотранспорт ва йўл хўжалиги ходимлари касаба уюшмаси Марказий Қўмитасининг раиси |
| Сааков В. И. | — | Ўзбекистон ССЖ Иқтисодиёт қўмитаси раисининг ўринбосари |
| Эрматов Н. Э. | — | Осиё темир йўли бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари |
| Тарсуков А. М. | — | Ўзбекистон Фуқаро авиацияси бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари |
| Юрченко К. П. | — | Ўзбекистон ССЖ ИИВ давлат автомобиль инспекцияси бошқармасининг ходими (Комиссия котиби) |
Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 30 апрелдаги 113-сон қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
ТАСДИҚЛАНГАН
Ўзбекистон ССЖ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш Комиссияси тўғрисида
НИЗОМ
1. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон ССЖ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш Комиссияси* умумжумҳурият органи ҳисобланади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон ССЖ Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.
* Бундан кейин «Комиссия» деб аталади.
2. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича вазирликлар, идоралар, давлат қўмиталари, уюшмалар, концернлар, бошқа корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш Комиссиянинг асосий вазифаси ҳисобланади.
3. Комиссия раис (Ўзбекистон ССЖ Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари), раис ўринбосари, Комиссия аъзолари ва котибиятдан иборат таркибда иш олиб боради. Комиссия раиси Комиссия аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлайди.
4. Комиссиянинг шахсий таркиби Ўзбекистон ССЖ Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
5. Комиссия ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича Ўзбекистон ССЖ Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг бошқа Комиссиялари билан ҳамкорликда иш олиб боради.
6. Комиссия ўз фаолиятида ССЖИ ва Ўзбекистон ССЖ қонунларига, ССЖИ Президенти ва Ўзбекистон ССЖ Президенти фармонларига, ССЖИ ва Ўзбекистон ССЖ Олий Кенгашларининг қарорларига, ССЖИ Вазирлар Маҳкамасининг ва Ўзбекистон ССЖ Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бутун иттифоқ Комиссиясининг қарорларига ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги бошқа норматив ҳужжатларга, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.
7. Комиссиянинг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича қарорлари вазирликлар, идоралар, давлат қўмиталари, уюшмалар, концернлар, бошқа корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар, шунингдек Қорақалпоғистон МССЖ Вазирлар Кенгаши, халқ депутатлари вилоят, шаҳар, ноҳия Советлари ижроия қўмиталари ҳузуридаги йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш Комиссиялари учун мажбурийдир.
8. Зарур ҳолларда Комиссия йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ бўлган асосий масалаларни ўрганиш ва тайёрлаш учун олимлар, вазирликлар ва идораларнинг раҳбар ходимлари, мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳлари тузади. Гуруҳларнинг шахсий таркиби Комиссия раиси томонидан тасдиқланади.
II. Комиссиянинг асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва бурчлари
9. Комиссия ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ:
а) ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича миллий ва мақсадли дастурларни ишлаб чиқади ва уларнинг бажарилишини назорат қилади;
б) йўл ҳаракати ва унинг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Ўзбекистон ССЖ вазирликлари ва идораларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ягона сиёсатни ўтказади;
в) йўл ҳаракатида қатнашувчи ва унинг хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ барча вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича аниқ талабларни ишлаб чиқади;
г) йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича умумиттифоқ, умумжумҳурият тадбирларини ва дастурларини ишлаб чиқади ҳамда уларнинг бажарилишини ташкил этади, Ўзбекистон ССЖ Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон ССЖ Ҳукумати ҳал қилиши керак бўлган таклифларни киритади. Йўл ҳаракати соҳасида аҳолига ва халқ хўжалигига автомототранспорт воситалари билан самарали ва хавфсиз хизмат кўрсатишга қаратилган миллий сиёсатни ривожлантиришни таъминлайди;
д) вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ва корхоналарнинг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича фаолиятини назорат қилади ва баҳолаб боради;
е) Ўзбекистон ССЖ вазирликлари ва идораларининг, Қорақалпоғистон МССЖ Вазирлар Кенгаши, вилоят, шаҳар, ноҳия ижроия қўмиталари ҳузуридаги йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича комиссияларнинг ҳалокатларнинг олдини олиш бўйича таклифларини кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади;
ж) вазирликлар ва идоралар томонидан йўл ҳаракатини ривожлантириш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича норматив ҳужжатлар, йўл ҳаракатини ривожлантиришга ва унинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тадбирлар талабларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади;
з) Комиссия ваколатига кирувчи йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича иттифоқ ва жумҳуриятлараро кенгашлар ишида қатнашади;
и) йўл ҳаракати соҳасида норматив бошқаришни такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлашда иштирок этади;
к) Ўзбекистон ССЖ Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасига йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўзларига юклатилган вазифаларни қониқарсиз бажараётган Ўзбекистон ССЖ вазирликлари ва идораларининг раҳбарларини шахсий жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар киритади;
л) Қорақалпоғистон МССЖ Вазирлар Кенгаши, вилоят, шаҳар, ноҳия ижроия қўмиталари ҳузуридаги йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш комиссияларига йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича тармоқ ва минтақавий дастурлар мажмуини ишлаб чиқишда, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича тадбирларни белгилашда ва уларни амалга оширишда методик ва амалий ёрдам беради;
м) йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича идоралараро конференциялар, семинарлар, кенгашлар ўтказишни ташкил этади, уларда ишлаб чиқилган тавсияномаларни амалга ошириш чораларини кўради;
н) йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича илмий-тадқиқот ва конструкторлик ишлари олиб боришни ва уларни мувофиқлаштиришни таъминлайди;
о) йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирларни молиявий таъминлаш сиёсатини ишлаб чиқади;
п) бошқа иттифоқдош жумҳуриятлардаги шундай органлар билан алоқаларни амалга оширади.
10. Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:
а) ўз ваколати доирасида Ўзбекистон ССЖ вазирликлари ва идораларининг йўл ҳаракатини ривожлантириш ҳамда унинг хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ ишларини текшириш;
б) Ўзбекистон ССЖ вазирликлари ва идоралари раҳбарларининг йўл ҳаракатини ривожлантириш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар бўйича ҳисоботларини эшитиш;
в) тегишли вазирликлар, идоралар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан йўл ҳаракатини ривожлантириш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича норматив ҳужжатларни, тадбирлар режаларини, маълумотлар ва материалларни, шунингдек, оғир йўл-транспорт ҳодисалари, уларни келтириб чиқарган сабаблар ва шароитлар тўғрисидаги оператив маълумотларни талаб қилиш ва олиш;
г) ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича тегишли вазирликлар ва идораларга шунингдек, корхоналар ва ташкилотларга (улар қарашли бўлган вазирликлар ва идораларни хабардор қилган ҳолда) бажариш мажбурий бўлган йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишда аниқланган қоида бузишлар ва нуқсонларни тугатиш тўғрисида, кўрилган чоралар ҳақида белгиланган муддатда ахборот бериш шарти билан кўрсатмалар киритиш;
д) вазирликлар ва идораларнинг раҳбарларидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар талабларини бузган шахсларга нисбатан зарур чораларни кўришни талаб қилиш;
е) белгиланган тартибда вазирликлар ва идораларга йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича зарур ишларни, текширишларни, синовларни, тадқиқотларни ўтказишни топшириш.
III. Комиссия ишини ташкил этиш
11. Комиссия ўз ишини Комиссия мажлисларида тасдиқланган йиллик режаларга мувофиқ амалга оширади.
12. Комиссия, қоидага кўра, ҳар чоракда бир марта мажлис ўтказади. Комиссия мажлислари ўз аъзоларининг камида ярми қатнашганда ваколатга эга бўлади.
Комиссия мажлисларида кўриладиган масалаларнинг мазмуни акс эттириладиган баённома юритилади. Баённома раислик қилувчи ва котиб томонидан имзоланади.
13. Комиссия қарорлари очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Қарор уни ёқлаб кўпчилик овоз берилганда қабул қилинган ҳисобланади.
14. Комиссия қарорлари расмийлаштирилади ва зарурат бўлганда оммавий ахборот воситалари орқали оммага етказилади.
15. Ўзбекистон ССЖнинг айрим вазирликлари, давлат қўмиталари, идоралари ҳамда бошқа ташкилотларнинг манфаатларига тааллуқли масалалар кўриб чиқилаётганда Комиссия мажлисларига уларнинг вакиллари таклиф қилинади.
16. Комиссия раиси:
а) Комиссия, унинг котибияти ва ишчи гуруҳлари ишига раҳбарлик қилади;
б) Комиссия аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлайди уларга Комиссия иши билан боғлиқ айрим топшириқлар беради;
в) Комиссия мажлисларини ўтказиш вақтини ва жойини белгилайди, навбатдаги мажлисда кўриб чиқиладиган масалалар доирасини аниқлайди. Зарурат бўлганда Комиссиянинг кўриб чиқишига режадагидан ташқари масалаларни киритади, шунингдек, Комиссиянинг навбатдан ташқари мажлисларини чақиради.
17. Комиссия аъзолари:
а) ўз ваколатлари доирасида ССЖИ Ҳукуматининг, Ўзбекистон ССЖ Ҳукуматининг ва Комиссиянинг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги қарорларини бажариш бўйича тадбирларни ўтказишни ташкил этадилар;
б) Комиссия иш режасига йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Ўзбекистон ССЖ вазирликлари, давлат қўмиталари идоралари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятига тааллуқли масалаларни қўшиш тўғрисида таклифлар киритадилар, Комиссияда кўриб чиқиш учун материалларни тайёрлашда иштирок этадилар;
в) Комиссия топшириғи бўйича Комиссияда кўриб чиқиладиган материалларни тайёрлаш юзасидан ишчи гуруҳларига бошчилик қиладилар, Комиссияда бу материалларни маълум қиладилар;
г) Ўзбекистон ССЖ вазирликлари, давлат қўмиталари, идоралари ва бошқа ташкилотларда ССЖИ Ҳукуматининг Ўзбекистон ССЖ Ҳукуматининг, Ўзбекистон ССЖ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш Комиссиясининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича қарорларининг бажарилиши бўйича ишларнинг аҳволи билан танишишда иштирок этадилар ҳамда натижалар тўғрисида Комиссияга маълум қиладилар.
18. Комиссия котибияти:
а) Комиссияда кўриб чиқишга киритилган масалалар бўйича материалларни тайёрлашда иштирок этади;
б) Комиссиянинг иш режалари лойиҳаларини ва ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни тайёрлайди;
в) Ўзбекистон ССЖ Ички ишлар вазирлиги давлат автомобиль инспекцияси бошқармаси билан биргаликда Комиссияга автомототранспортдаги ҳалокатлар тўғрисида ахборотлар ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш юзасидан қўшимча чоралар ҳақида тавсияномалар тайёрлайди;
г) Комиссиянинг ишини юритади, Комиссия аъзоларини мажлисларнинг ўтказилиш муддатлари тўғрисида ўз вақтида хабардор қилади ва уларни Комиссиянинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқиш учун тайёрланган материаллар билан таъминлайди;
д) Комиссия раисининг топшириғига кўра, Ўзбекистон ССЖ вазирликларида, давлат қўмиталарида, идораларида, Қорақалпоғистон МССЖ Вазирлар Кенгаши, халқ депутатлари вилоят, шаҳар, ноҳия Советлари ижроия қўмиталари ҳузуридаги йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш Комиссияларида ҳамда бошқа ташкилотларда ССЖИ Ҳукуматининг, Ўзбекистон ССЖ Ҳукуматининг, Ўзбекистон ССЖ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш Комиссиясининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича қарорларининг бажарилиши билан танишишда иштирок этади, шунингдек, бу ташкилотларда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга тааллуқли масалаларни кўриб чиқишда қатнашади;
е) Комиссиянинг илгари қабул қилинган қарорларининг бажарилишини назорат қилади.
19. Комиссия аъзолари махсус гувоҳномага эга бўладилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 30 апрелдаги 113-сон қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
ТАСДИҚЛАНГАН
Қорақалпоғистон МССЖ Вазирлар Кенгаши, халқ депутатлари вилоят, ноҳия Советлари ижроия қўмиталари ҳузуридаги йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш комиссиялари тўғрисида
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
I. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш комиссияларини ташкил этиш тартиби ва уларнинг вазифалари
1. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш комиссиялари Қорақалпоғистон МССЖ Вазирлар Кенгаши, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва ноҳия Советлари ижроия қўмиталари ҳузурида тузилади.
2. Қорақалпоғистон МССЖ Вазирлар Кенгаши, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ноҳия Советлари ижроия қўмиталари ҳузуридаги йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш комиссиялари тегишли равишда Қорақалпоғистон МССЖ Вазирлар Кенгаши, халқ депутатлари вилоят, шаҳар, ноҳия Советлари ижроия қўмиталари томонидан тузилади. Бу комиссияларнинг таркиби тегишли равишда Қорақалпоғистон МССЖ Вазирлар Кенгаши, халқ депутатлари вилоят, ноҳия Советлари ижроия қўмиталари томонидан тасдиқланади.
3. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш комиссиялари ўз фаолиятларида Қорақалпоғистон МССЖ Вазирлар Кенгаши, тегишли халқ депутатлари Советлари ижроия қўмиталари олдида жавобгардирлар ва уларга ҳисоб берадилар.
4. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш комиссиялари раис, (Қорақалпоғистон МССЖ Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, ижроқўм раисининг ўринбосари) Комиссия раисининг ўринбосари, котиб ва аъзолардан иборат таркибда иш олиб боради.
Комиссия аъзоларининг сони ҳузурида Комиссия тузилган Қорақалпоғистон МССЖ Вазирлар Кенгаши, халқ депутатлари Совети ижроқўмининг иш ҳажмига мувофиқ белгиланади.
Комиссия таркибига транспорт, йўл ва лойиҳа ташкилотларининг, йўл-коммунал хўжалиги ташкилотларининг, ички ишлар, халқ таълими органларининг раҳбарлари ва бошқа манфаатдор ташкилотларнинг вакиллари кирадилар.
5. Давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш комиссияларининг асосий вазифалари ҳисобланади.
6. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш комиссиялари ўз ваколатларига берилган масалалар бўйича қарорлар қабул қиладилар, улар корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.
Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар икки ҳафта муддат ичида Комиссиянинг қарорларини бажариш юзасидан кўрилган чоралар тўғрисида Комиссияга маълум қилишга мажбурдирлар.
II. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш комиссияларининг асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва бурчлари
7. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш комиссиялари;
а) автомобиль транспорти, автомобиль йўллари қуриш ва улардан фойдаланиш, уй-жой-коммунал хўжалиги, ички ишлар, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, маданият органларининг транспорт ҳаракати хавфсизлиги ва ҳалокатларга қарши курашни ташкил этиш билан боғлиқ фаолиятини мувофиқлаштиришни, Қорақалпоғистон МССЖ, вилоят, шаҳар, ноҳия ҳудудида бу масалаларни мукаммал ҳал қилишни таъминлайдилар;
б) ҳам бевосита, ҳам тегишли давлат органлари, ташкилотлар ва меҳнаткашлар жамоалари орқали йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, автомобиль транспорти ва шаҳар электр транспортининг ҳалокатсиз ишлаши учун шароит яратиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқадилар ва амалга оширадилар;
в) автомобиль транспорти, шаҳар электр транспорти ходимлари, транспорт воситаларига хизмат кўрсатувчи бошқа ходимлар, шахсий транспорт воситалари эгалари ўртасида зарур тарбиявий ишларни ташкил этишни таъминлайдилар, бу шахслар билан ишлашга меҳнаткашлар жамоаларини, уруш ва меҳнат фахрийларини, кўнгилли халқ дружиналари, Ўзбекистон ССЖ автомотоҳаваскорлари кўнгилли жамияти аъзоларини, бошқа жамоат ташкилотларининг вакилларини жалб этадилар;
г) транспорт, йўл, лойиҳалаш ҳамда бошқа корхоналар ва ташкилотлар томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича ўзларига юклатилган вазифаларнинг бажарилишини назорат қиладилар, уларнинг ижобий иш тажрибасини умумлаштирадилар ва оммалаштирадилар;
д) корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ишчи ва хизматчилари, колхозчилар, ўқув юртларининг ўқувчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларини ўрганишни ташкил этадилар;
е) матбуот, радио, телевидение ва ишнинг лекция шаклларидан фаол фойдаланиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини тарғиб қилишни ташкил этадилар ва амалга оширадилар.
8. Қорақалпоғистон МССЖ Вазирлар Кенгаши, халқ депутатлари вилоят Советлари ижроия қўмиталари ҳузуридаги йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш комиссиялари қуйи комиссияларнинг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича фаолиятини назорат қилиб, йўналтириб ва мувофиқлаштириб борадилар, уларга методик ёрдам кўрсатадилар, уларнинг ижобий иш тажрибасини умумлаштирадилар ва оммалаштирадилар.
9. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш комиссиялари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
а) корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, транспорт воситаларига хизмат кўрсатувчи шахслар ўртасида зарур тарбиявий ишларни олиб бориш бўйича ўзларига юклатилган вазифаларнинг бажарилишини текшириш, Комиссия мажлисларида корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг кўрсатиб ўтилган масалалар юзасидан ўзлари кўраётган чоралар тўғрисидаги ахборотларини эшитиш;
б) йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўзларига юклатилган вазифаларни қониқарсиз бажараётган ўз тасарруфидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларига нисбатан талабчанликни кучайтириш тўғрисида тегишли органларга тақдимномалар билан чиқиш. Кўрсатилган органлар тақдимномаларни кўриб чиқиш натижалари ҳақида бир ой муддат ичида Комиссияга хабар қилишга мажбурдирлар;
в) йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш юзасидан чоралар тўғрисидаги масалаларни Қорақалпоғистон МССЖ Вазирлар Кенгашининг, тегишли халқ депутатлари Советлари ижроия қўмиталарининг кўриб чиқишига киритиш.
III. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш комиссияларининг ишини ташкил қилиш
10. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш Комиссияси раиси Комиссия мажлисларининг мунтазам чақирилишини таъминлайди, навбатдаги мажлисда кўриладиган масалалар доирасини белгилайди, мажлисларда кўриб чиқиш учун Комиссиянинг иш режаларини ва фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни тайёрлайди. Мажлислар ўртасидаги даврда Комиссия аъзоларига топшириқлар беради ва уларнинг бажарилишини текшириб боради.
Комиссия мажлисларида баённома юритилади, унда кўриб чиқиладиган масалалар акс этади. Баённома раислик қилувчи ва котиб томонидан имзоланади.
11. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш Комиссиясининг мажлиси ўз таркибининг камида ярми қатнашганда тўла ҳуқуқли ҳисобланади.
Комиссия қарори мажлисда қатнашаётган Комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади ҳамда раис ва котиб томонидан имзоланади.
12. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш Комиссиясининг мажлисларига, кўриб чиқиладиган масалаларнинг мазмунига қараб автомобиль транспорти, автомобиль йўллари қуриш ва улардан фойдаланиш, уй-жой-коммунал хўжалиги, ички ишлар, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, маданият органларининг ҳамда бошқа ташкилотлар ва меҳнаткашлар жамоаларининг вакиллари таклиф қилинадилар.
13. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш Комиссияси таркибида (ҳайдовчилар ўртасида тарбиявий ишлар, йўл ҳаракати қоидалари тарғиботи, йўл шароитларини яхшилаш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, йўл ҳаракатини ташкил этиш ва бошқа) ишчи гуруҳлари тузилиши мумкин.
14. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш Комиссиясининг қарори юзасидан ҳузурида ушбу Комиссия бўлган Қорақалпоғистон МССЖ Вазирлар Кенгашига, тегишли халқ депутатлари Совети ижроия қўмитасига шикоят қилиш мумкин. Мазкур органларнинг шикоят бўйича қарорлари узил-кесил ҳисобланади.