Сирдарё вилояти Сирдарё тумани ҳокимининг
Қарори
Сирдарё туман иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва уй-жой фонди объектларини 2013/2014 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга ўз вақтида тайёрлаш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг 2021 йил 28 майдаги 150/22-6-сонли «Сирдарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 12 июндан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон, 320-модда) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 5 июлдаги ПҚ-1996-сонли «Республика иқтисодиёти тармоқларини 2013-2014 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда Сирдарё вилоят ҳокимининг 2013 йил 10 июлдаги 185-сонли қарорлари талаблари асосида Сирдарё туман иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва уй-жой фонди объектларини 2013/2014 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга ўз вақтида тайёрлаш мақсадида қарор қиламан;
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил июлдаги «Республика иқтисодиёти тармоқларини 2013/2014 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-1996-сонли ҳамда вилоят ҳокимининг 2013 йил 10 июлдаги 185-сонли қарори ижро ва раҳбарлик учун қабул қилинсин.
2. Сирдарё туман иқтисодиёти тармоқларини 2013/2014 йилларда куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича тадбирлар 1-иловага* мувофиқ:
а) асосий муҳандислик коммуникацияларини ҳамда технологик асбоб-ускуналарини, шунингдек ижтимоий соҳа объектларини ҳудудлар бўйича 2013/2014 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш ҳамда капитал ва жорий таъмирлаш топшириқлари 2, 3 ва 4-иловаларга* мувофиқ;
б) 2013/2014 йиллар куз-қиш даври учун кўмир, техник туз тайёрлаш, шунингдек суюлтирилган газни ҳудудлар бўйича етказиб бериш топшириғи 5-иловага* мувофиқ;
в) туман иқтисодиёти тармоқларини 2013/2014 йилларда куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни мувофиқлаштириш бўйича туман комиссияси таркиби 6-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1—6-иловалар берилмайди.
3. Туман ҳокимлиги, мутасадди ташкилот ва корхона раҳбарлари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғини раисларига:
а) бир ҳафта муддатда туман иқтисодиёт тармоқлари ва уй-жой фонди объектларини 2013/2014 йил куз-қиш даврига тайёрлаш масалаларини ҳал этиш бўйича ҳудудий комиссиясини ташкил этиш;
б) 2013/2014 йил куз-қиш даврида йўл қўйилган камчилик нуқсонларни танқидий таҳлил қилиб, камчиликларни ҳисобга олган ҳолда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда уй-жой фонди объектларидаги қозонхоналар ва муҳандислик иншоотларини 2013/2014 йиллар куз-қиш мавсумида барқарор ишлашга тайёрлаш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
в) 2013 йил 1 октябрь кунига қадар барча қозонхоналарни жорий ва мукаммал таъмирлашни якунлаш;
г) касб-ҳунар коллежлари ва мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, шифохоналар ва кўп қаватли турар жой биноларини узлуксиз иссиқлик энергияси билан таъминлашга алоҳида эътибор бериш;
д) куз-қиш даврида аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини доимий равишда иссиқлик энергияси билан таъминлашда ташкилот, корхона ва муассасалар тизимларидаги қозонхоналарга жорий йилнинг 1 октябригача қаттиқ ёки ёқилғи захираларини етарли миқдорда яратиш;
е) шу йилнинг 1 сентябрь кунига қадар туман ИИБ ёнғин хавфсизлиги бўлими билан биргаликда ижтимоий соҳа объектлари, кўп қаватли турар жой бинолари, шахсий уй-жойлар, мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхона, ташкилот ва муассасалар бино ва иншоотларининг техник талаб нормаларига мувофиқлигини тўлиқ хатловдан ўтказиш вазифаси топширилсин.
4. Тумангаз корхонаси (Д. Бегалиев), туман ИИБ ЁХБ (А. Рустамов) билан биргаликда жорий йилнинг 1 сентябрига қадар истеъмолчилар томонидан, фойдаланилаётган иситиш қозонлари, горелкалар ва бошқа газ асбобларини кўрикдан ўтказишни ташкиллаштирсин:
а) давлат стандартларига тўғри келмайдиган ва ясама газ қозонлари, горелкалар ва бошқа газ асбобларидан фойдаланиш аниқланган ҳолларда уларни газ тармоқларидан узиб, қоидабузарларга нисбатан тегишли чоралар кўриш вазифаси топширилсин.
5. Тумангаз корхонаси (Д. Бегалиев), туман электртармоқ корхонаси (А. Комилов) билан биргаликда:
а) 2013/2014 йиллар куз-қиш мавсумида шартномага асосан истеъмолчиларга табиий газ ҳамда электр энергиясини узлуксиз етказиб бериш;
б) жисмоний ва юридик шахсларнинг табиий газ ҳамда электр энергияси тармоқларига ноқонуний ўзбошимчалик билан уланишига умуман йўл қўймаслик;
в) ўта муҳим ва тоифаланган, шунингдек ҳарбий объектларни узлуксиз электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш тадбирларини ишлаб чиқиш ва 10 кун муддатда ушбу объектларни рўйхатини тузиб туман ҳокимлигига тасдиққа киритиш вазифаси юклатилсин.
6. Тумангаз корхонаси (Д. Бегалиев), туман электртармоқ корхонаси (А. Комилов), туман ичимлик суви корхонаси (Т. Қаюмов), туман ҳакимлиги билан биргаликда:
а) куз-қиш мавсуми давомида тумандаги коммунал хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотларда 24 соатлик авария диспетчерлик хизматларини ташкил этиш, авария тиклаш бригадаларини тузиш ва уларни техника воситалари, зарур асбоб-ускуналар ҳамда зарурий материаллар билан таъминлаш юклатилсин.
7. Туман электртармоқ корхонаси (А. Комилов) шу йилнинг куз-қиш мавсумига электр энергия билан таъминловчи нимстанциялар ва трансформаторларни дастур асосида мукаммал ва жорий таъмирласин ва узлуксиз электр энергия билан таъминлашни ташкил этсин.
8. Туман тиббиёт бирлашмаси (З. Зияев), туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими (Д. Бобохўджаев), туман касб-ҳунар коллеж раҳбарлари тасарруфидаги барча қозонхона, иситиш тармоқларини жорий йилнинг 1 август кунига қадар куз-қиш шароитида ишлашга тайёрлаш, касб-ҳунар коллежлари, мактаб, мактабгача таълим муассасалари, касалхона, поликлиникаларга кўмир ёқилғиси ва ўтин билан ишлайдиган печкаларни қуриш, мавжудларини таъмирлаш вазифалари юклатилсин.
9. Туман ҳокимлиги, туман «Маҳалла» жамғармаси (О. Тўрапов)га қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари билан биргаликда, аҳоли хонадонларига кўмир ёқилғиси ва ўтин билан ишлайдиган печкаларни ўрнатиш ишлари бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш ва уни таъминлаш вазифаси юклатилсин.
10. Туман молия бўлими (У. Бобоев) бюджет маблағларидан молиялаштирилиши режалаштирилган иситиш қозонлари ва қозонхоналарини, иссиқлик тармоқларини, уй-жой фондини, ичимлик сув иншоотлари ва бошқа муҳим объектларни куз-қиш мавсумига ўз вақтида тайёрлаш,суюқ ва қаттиқ ёқилғи захираларини яратиш мақсадида ажратиладиган маблағларнинг асосий қисмини иситиш мавсумига қадар молиялаштиришни ҳал этсин.
11. Туман «Сирдарё» газетаси (У. Очилов)га туман иқтисодиёт тармоқларини куз-қиш мавсумида барқарор ишлашига тайёргарлигини бориши тўғрисида мунтазам равишда рўзномада ёритиб борсин.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосарлари Ғ. Ахмедов ва Ш. Комилов зиммаларига юклатилсин.
13. Мазкур қарор расмий нашрда эълон қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Ҳоким Б. СУВАНОВ
Сирдарё ш.,
2013 йил 3 август,
1552-сон