Андижон вилояти Избоскан тумани ҳокимининг
Қарори
Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун иш жойларининг энг кам миқдорини белгилаш ҳақида
Мазкур қарор Андижон вилояти Избоскан тумани ҳокимининг 2014 йил 28 ноябрдаги 523-к-сонли «2015 йил учун ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга иш жойларининг энг кам миқдорини белгилаш ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сон қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни ишга жойлаштириш учун иш жойларини барпо этиш (ажратиш ёки банд қилиб қўйиш) мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддаси асосида иш кўриб, 2014 йилга ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналадиган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган шахслар учун иш жойларининг энг кам миқдори 1-иловага* мувофиқ белгилансин, бу 584 тани ташкил этади. жумладан:
ногиронлар учун 12 та;
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшларга, шунингдек олий ўқув юртларининг давлат грантлари асосида таълим олувчи битирувчилар учун 325 та;
14 ёшга тўлмаган болалари ва ногирон болалари бор ёлғиз ота, ёлғиз оналар ҳамда кўп болали ота-оналар учун 147 та;
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларига тортилган шахслар учун 20 та;
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганлар учун 37 та;
Одам савдосидан жабрланганлар учун 11 та;
пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун 32 та.
2. Шахсларни кўрсатиб ўтилган тоифалари учун иш жойлари санитария-гигиена нормаларига ва ходим ўз меҳнат мажбуриятларини бемалол бажаришини таъминлайдиган меҳнат шароитларига, шу жумладан:
ногиронлар учун саломатлиги ва меҳнат фаолиятига нисбатан қўйиладиган белгиланган аксил кўрсаткичлар ҳисобга олинган ҳолда ходимга меҳнат операцияларини тўсиқсиз бажариш имконини берувчи иш жойлари;
касб-ҳунар таълимига эга бўлмаган ёшлар учун, улар умумтаълим муассасаларини тамомлаганларидан кейин 1 йил давомида шогирдлик иш жойлари ёки махсус касб-ҳунар тайёргарлигини талаб қилмайдиган иш жойлари;
олий, ўрта-махсус ва касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларидан, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати қўшинларидан бўшатилган шахслар учун улар ўқув юртларини тамомлаганларидан ёки бўшатилганларидан кейин 1 йил давомида уларнинг касб-ҳунар тайёргарлигига мувофиқ келувчи иш жойлари;
ёлғиз ота, ёлғиз оналар ҳамда кўп болали ота-оналарга болаларни тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятларини бажариши билан бирга қўшиб олиб бориш имконини берувчи ўзгарувчан жадвалли иш жойлари;
жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган ёки суд қарори билан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларига тортилган шахслар учун махсус малакани талаб қилмайдиган ҳар қандай иш жойлари каби талабларга мувофиқ бўлиши керак.
3. Корхона, ташкилот ва муассасалар. ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун белгиланган иш жойлари бўйича барпо этилиши лозим бўлган касб ва лавозимлар рўйхати 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин (ажратиб ёки банд қилиб қўйсин).
*Иловалар берилмайди.
4. Корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сон қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун кўрсатилган иш ўринлари ташкил этилишини таъминласинлар.
Иш берувчи календарь йил бошланишидан камида 10 кун олдин ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун белгиланган иш жойларининг умумий миқдорини камида 25 фоизи тайёр бўлишини таъминлашга, бу ҳақида Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига йил бошлангунга қадар маълумот тақдим этиши, иш жойларининг қолган (75 фоиз) қисмини календарь йилининг биринчи чораги давомида барпо этиши (ажратиши ёки банд қилиб қўйиши ) мажбурлиги ва бу ҳақида эса Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига биринчи чорак тамом бўлгандан кейин 10 кундан кечикмай маълумот тақдим этилиши кўрсатиб ўтилсин.
Ушбу иш жойларига ишга қабул қилинган фуқаролар ҳақида йил давомида ҳар ойнинг 25 санасига қадар туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига маълумот бериб бориш топширилсин.
Ногиронлар учун иш жойларининг белгиланган энг кам миқдоридан ортиқча ногиронлар учун иш жойларини барпо этган иш берувчилар Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган тартибда солиқ солиш бўйича имтиёзларга эга бўлишлиги таъкидлаб ўтилсин.
5. Ушбу қарор бажарилмаган тақдирда ташкилот, муассасанинг мансабдор шахсларига «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 15-бандига мувофиқ жарима солиниши кўрсатиб ўтилсин.
6. Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (Б. Рахмонов)га бир ҳафта муддатда қарорни 1-иловасида кўрсатилган ташкилот, корхона ва муассаса раҳбарлари эътиборига етказсин ва ушбу қарорнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминласин.
7. «Пахтакор» газетаси муҳаррири (А. Комилов)га ушбу қарорни газета саҳифаларида чоп этиш ва кенг оммага етказиш тавсия этилсин.
8. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан туман ҳокимининг 2012 йил 13 октябрь кунги 597-К-сонли қарори 2014 йил 1 январдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Ушбу қарор 2014 йил 1 январь кунидан кучга кирсин.
10.Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази (Б. Рахмонов) зиммасига юклатилсин.
Ҳоким У. АБДУЛЛАЕВ
Избоскан т.,
2013 йил 16 ноябрь,
578-қ-сон