Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар хокимининг
Қарори
Санитар тозалик хизматларининг чегараланган тарифларини ўзгартириш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2021 йил 7 майдаги 219/30-VI-сонли «Самарқанд вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 25 майдан ўз кучини йўқотади.
Шаҳар ҳокимининг 2012 йил 2 ноябрдаги 1835-Қ-сонли «Санитар тозалик хизматлари чегараланган тарифга тегишли ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги қарорига асосан қаттиқ ва маиший чиқиндиларни ташиш ва санитар тозалик хизматлари бўйича тўловлар тарифи бир ойда бир кишига 900 сўм миқдорида белгиланган.
Ушбу ўтган давр ичида энг кам иш ҳақи ва ёқилғи маҳсулотларининг нархи бир неча бор ошганлиги, бу эса ҳозирги кунда шаҳар ҳудудидан маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқилишида ихтисослаштирилган корхоналарнинг молиявий аҳволига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 14 сентябрдаги 194-сонли йиғилиш баёни ижроси ва 2013 йил 12 августда ўтказилган селектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, ихтисослаштирилган санитар тозалаш корхоналарини молиявий ҳолатини барқарорлаштириш бўйича Ҳукумат топшириқларидан келиб чиқиб, шаҳар ҳудудининг санитар ҳолатини яхшилаш ҳамда шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг 2013 йил 26 сентябрдаги 497-сонли хатини ва шаҳар ҳокимлиги молия бўлимининг 2013 йил 26 сентябрдаги 478-сонли хатини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига асосан қарор қиламан:
1. Самарқанд шаҳар ҳудудидан қаттиқ ва маиший чиқиндиларни ташишга ихтисослаштирилган корхоналар томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун 2013 йил 1 ноябрдан эътиборан:
мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча турдаги корхона, ташкилот, муассаса ва якка тартибда фаолият юритаётган юридик шахслар учун тўловлар тарифи бир тоннасига 41160 сўм;
жисмоний шахслар учун бир кишига бир ойда 1500 сўм этиб белгилансин.
2. Самарқанд шаҳрида қаттиқ ва маиший чиқиндиларни ташиб чиқариш хизмат тарифлари 1-иловага* мувофиқ, юридик ва жисмоний шахслар томонидан амал қилиниши лозим бўлган маиший чиқиндилар меъёри 2-иловага* мувофиқ, маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун намунавий шартнома шакли 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Иловалар берилмайди.
3. Шаҳар ҳокимининг 2012 йил 2 ноябрдаги 1835-Қ-сонли «Санитар тозалик хизматлари чегараланган тарифга тегишли ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси (И. Раджабов) ва бошқа ихтисослашган санитар тозалаш корхоналар раҳбарларига шаҳар ҳудудида пайдо бўладиган маиший ва қаттиқ чиқиндиларни чиқариш бўйича тузиладиган шартномалар тўловларини қарорда белгиланган нархлар асосида ундириш топширилсин.
5. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари С. Салохиддинов ва Ж. Ураков зиммаларига юклатилсин.
6. Мазкур қарор расмий эълон қилингандан сўнг кучга киради.
Ҳоким А. ШУКУРОВ
Самарқанд ш.,
2013 йил 25 октябрь,
1680-қ-сон