Андижон вилояти Пахтаобод туман ҳокимининг
Қарори
Пахтаобод туманида ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2014 йил учун энг кам миқдорини белгилаш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг 2021 йил 3 майдаги 116/24-6-сонли «Андижон вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 28 июндан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 186-сонли қарори ва вилоят ҳокимининг 2008 йил 25 августдаги 145-Қ-сонли қарори ижросини туманда бажарилишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига асосан қарор қиламан:
1. Пахтаобод туманида 2014 йил учун тумандаги ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини энг кам миқдорини барпо этиш бўйича таклифи 1-илова* қилинган рўйхатга асосан тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддасига асосан иловадаги корхоналарда ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш, ходимларни рўйхатдаги ўртача сонининг (5775 нафарини 7 фоизи), яъни 377 нафар фуқароларга банд қилиб қўйиладиган иш ўринлари ташкил этилиши кўрсатиб ўтилсин, шу жумладан:
ўн тўрт ёшгача болалари ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ота, ёлғиз она ҳамда кўп болали ота-оналар учун — 47 нафар;
таълим муассасаларини тамомлаган ёшлар учун — 304 нафар;
ҳарбий хизматдан бўшатилганлар учун — 5 нафар;
ногиронлар учун — 11 нафар;
пенсия ёшига яқинлашганлар учун — 4 нафар;
жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган, жазони ўтаётган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун — 4 нафар иш ўрни, ижтимоий муҳофазага муҳтож шахсларни бошқа тоифалари учун — 2 нафар иш ўринлари захираси белгилансин.
3. Шахслари кўрсатиб ўтилган тоифалар учун иш жойлари ходимлар томонидан ўзларининг меҳнат мажбуриятларини тўсиқларсиз бажарилишини таъминлайдиган санитария-гигиена нормалари ва меҳнат шароитларига мувофиқ бўлиши, шу жумладан:
ногиронлар учун саломатлиги ва меҳнат фаолиятига нисбатан белгиланган кўрсаткичлар ҳисобга олинган холда меҳнат фаолиятини тўлиқ бажариш имконини берувчи иш жойлари;
касб-ҳунар таълимига эга бўлмаган ёшлар учун улар умумтаълим муассасаларини тамомлагандан кейин 1 йил давомида шогирдлик иш жойлари ёки махсус касб-ҳунар тайёргарликни талаб қилмайдиган иш жойлари;
ўрта-махсус ва касб-ҳунар таълим муассасаларини тамомлаган ёшлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидан, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати қўшинларидан бўшатилган шахслар учун улар ўқув юртларини тамомлаганларидан кейин ёки бўшатилганларидан кейин 1 йил давомида уларнинг касб-ҳунар тайёргарлигига мувофиқ келувчи иш жойлари;
ўн тўрт ёшгача болалари ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ота, ёлғиз она ҳамда кўп болали ота-оналарга болаларни тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятларини бажарилишини бирга қўшиб олиб бориш имконини берувчи ўзгарувчан жадвалли иш жойлари;
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига асосан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларига тортилган шахслар учун махсус малака талаб қилинмайдиган ҳар қандай иш жойлари ташкил этилиши белгилансин.
4. Қарорга илова қилинган рўйхатдаги корхона раҳбарларига:
*Илова берилмайди.
ушбу қарор ижросини таъминлаш;
ўз корхоналаридаги (механик, назоратчи, қоровул, ўт ёқувчи, чилангар, пайвандловчи, тракторчи, фаррош ёки ҳар хил тоифадаги бошқа бўшаган ишчи ўринлари) касб ва лавозимларини тегишли тартибда банд қилиб қўйиш вазифаси юклатилсин.
5. Ушбу қарорнинг ижросини таъминлашда мазкур иш жойларини кўрсатиб ўтилган сони корхона раҳбари айби билан бажарилмаган тақдирда, корхона раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 15-бандига асосан жазоланиши таъкидлансин.
6. «Ижтимоий муҳофазага муҳтож шахслар учун иш жойларни барпо этувчи иш берувчилар қуйидаги имтиёзларга эга бўладилар, жумладан:
Иш участкалари (цехлар) ташкил этиш учун турар жой бўлмаган биноларни 1-навбатда ажратиш йўли билан банд қилиб қўйиладиган иш ўринлари ташкил этган ташкилотлар учун имтиёзлар белгиланиши мумкин.
7. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан туман ҳокимининг 2012 йил 25 декабрдаги 593-Қ-сонли қарори 2014 йил 1 январдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Ушбу қарорни (З. Кимсанова) «Давр садоси» туман газетаси орқали 3 кун муддат ичида эълон қилсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари Ф. Хожиматов, туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази директори X. Ахмаджонов зиммаларига юклатилсин.
Ҳоким Ж. ХОДЖИЕВ
Пахтаобод ш.,
2013 йил 30 сентябрь,
397-Қ-сон